Мамлакатимиз инновацион ривожланиш йўлига ўтиши билан иқтисодиётга янги тушунча, янгича амалиётлар кириб бормоқда. Масалан, бунга “трансфер” сўзини келтириш мумкин. Хорижий мамлакатларда бу сўз турли маъноларда ишлатилади. Бу – тажриба алмашинуви, техник ютуқлар ва бошқарув тажрибаси трансфери, олимлар ва муҳандислардан техниканинг бошқа соҳаларида фойдаланишни англатади.
Трансфер механизмлари кўпроқ АҚШ ва Буюк Британиядан ривожланган. Улар “spin-off” технологиялари, деб ҳам аталади. Мазкур атама бирор ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш мақсадида амалиётда самарадорлиги исботланган технологияларни жорий этишни англатади. Оддий тил билан айтганда, “spin-off” бу ташкилотнинг айрим бўлимларини мустақил ишбилармонлик субъектига айлантирган ҳолда бизнесни ривожлантириш демакдир.
Бу модель ривожланиш имкониятлари катта бўлган маҳсулот ёки хизматни яратиш ғоясини амалга ошириб, бозорга олиб чиқиш учун торроқ мутахассисликдаги ҳамда мослашувчан корхона керак бўлганида қўлланилади. Яъни, бир ташкилот тузилмасида янги корхона ташкил этилади. Бундай ҳолатда “технологик туртки”, деб аталадиган феномен иш беради, яъни маълум технологик тамойил асосида янги маҳсулот ёки хизмат яратилади.
Илмий-тадқиқот муассасалари изланувчиларининг ғояларини маҳсулотга айлантириш учун ташкилот тузилмасида янги корхона ташкил этишнинг аҳамияти катта. Илмий ишланмани яратганлар ўзлари тадбиркорлик қилишга киришиб, корхона бошқарувини қўлга олади. Муассаса — таъсисчи, лойиҳани молиялаштирувчи венчур эса инвесторга айланади.
Олимлар, талабалар томонидан кўплаб қизиқарли ва фойдали лойиҳалар ишлаб чиқилади. Аммо Аммо ғояни маҳсулотга айлантириш маблағдан ташқари тадбиркорга хос қобилиятни ҳам талаб қилади. “Spin-off” корхоналарининг ташкил этилиши мана шу муаммони бартараф этади. Талаба ўқиш билан бирга, бир маҳсулот яратувчиси сифатида бўлиб ўзи ва тенгдошларини иш билан банд қила олади. Янги лойиҳа ва маҳсулот ярата оладиган, аммо уни бизнес даражасигача олиб чиқиш имконига эга бўлмаганлар учун бу усул қулай.
Президентимиз 2020 йил 29 октябрда “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди. Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш мақсадини ифода этадиган мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш борасидаги ишлар илмий инфратузилмани модернизация қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтармоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2022–2024 йилларда қирққа яқин истиқболли йўналишларда илмий ҳажмдор ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион (spin-off) корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бундай корхоналар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёнларида ресурсларни мақбуллаштирган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада талаб юқори бўлган ҳамда истиқболли инновацияларни кенг жорий этиш имконини беради.
Бундай корхоналар давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимлик органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳамкорлигида ташкил этилади. Ҳозирда қатор spin-off корхоналарининг фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у ерда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда
Ихтисослашган бу турдаги корхоналарни ташкил этишнинг афзалликлари талайгина. Хусусан, илмий ташкилот ёки олий таълим муассасасининг мавжуд юқори илмий-инновацион салоҳиятидан фойдаланган ҳолда юқори технологияга асосланган пуллик хизматлар кўрсатиш, бу орқали эса нобюджет маблағлар жалб қилиш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, юқори технологияга асосланган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси шакллантирилиб, келгусида ушбу хизматларни кенгайтириш асосида олим ва мутахассисларга қўшимча янги иш ўринлари яратилади. Ўз ўрнида, ғоя муаллифларининг ўз ишланмаларини тижоратлаштиришдан манфаатдорлиги ошади.
Тижоратлаштириш лойиҳаларини жорий этиш шуниси билан ҳам фойдалики, бунда даромад манбаини топиш учун бизнесни илмий муҳитга жалб қилиш қисқа вақтда ўзини оқлайди. Иқтисодиёт тармоқларида арзон ва сифатли инновацион маҳсулотлар ҳажмини ошириш натижасида инновацион экотизим тезроқ шаклланади. Илмий ташкилот ва олий таълим муассасаларининг муҳим илмий тадқиқот натижаларини иқтисодиётнинг реал секторида тез ва манзилли апробациядан ўтказиб, натижадорликни аниқ кўрсатиб бериш имкониятини берадиган spin-off корхоналари талабалар бандлигини таъминлаши билан ҳам аҳамиятли.
Менда ғоя бор, аммо уни амалга ошириб, инновацион маҳсулот яратишга қурбим етмайди, молиялаштирганда ҳам тўлиқ йўлга қўя олармикинман, деган ҳавотирдаги олимлар учун бу ёндашув мос келади. Аввалдан фаолияти ривожланган корхона таркибида spin-off корхоналарининг ташкил қилиниши улар учун кафолатланган тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имконини беради. Изланувчи харидор топишдан чўчиб, маҳсулот яратишга иккиланиб ўтирмайди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртмалари асосида уларга тегишли бўлган ҳудудларда янги лойиҳаланаётган бино, иншоотлар ва ландшафт муҳитининг макетини замонавий кўринишда тайёрлаш билан шуғулланиб келаётган “FarPI Hitech engineer” корхонаси spin-off сифатида фаолиятини кенгайтирди. Фарғона политехника институти талабалари билан биргаликда қурилиши режалаштирилган, реконструкция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган 200 та объектнинг лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари, ҳайкалтарошлик ишлари ва ландшафт архитектурасини яратади. Лойиҳа орқали иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, илмий тадқиқотлар ва назарий билимларнинг ишлаб чиқариш корхонаси билан узвий алоқалари таъминланган. Архитектура ва қурилиш меъёрлари асосида лойиҳалаш ишларини замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширадиган мазкур корхонада талабалар томонидан буюртмачилар талабларидан келиб чиққан ҳолда бино ва иншоотлар архитектураси шакллантирилади.
Олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилаётган spin-off корхоналари илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш билан шуғулланиб, академик тадбиркорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади ва олий таълим муассасасига нобюджет маблағлар тушумини кескин оширади.
Фанлар академияси ҳамда “Bioton” МЧЖ spin-off корхоналари ҳамкорлигида доривор ўсимликлар хомашёларини чуқур қайта ишлаш асосида экстрактлар олиниб, биологик фаол моддалар субстанциялари ишлаб чиқарилмоқда.
Тошкент вилоятида фаолият юритаётган мазкур корхонада замонавий илмий ва технологик асбоб-ускуналардан иборат зарур инфратузилма ташкил этилган. Корхона буюртмалар асосида доривор ўсимликлар хомашёларини чуқур қайта ишлаб, илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратиш ва етказиб бериш бўйича тегишли стандартларга мос. Доривор ўсимликларни етиштирувчилар, илмий ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларидан доривор ўсимликлар хомашёсини қабул қилиб, 14 турдаги асосий доривор ўсимликни қайта ишлаб, йилига 1 минг 500 килограмм субстанция ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар Япония, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Қозоғистонга экспорт қилинади.
Ҳозир юртимизда қишлоқ хўжалигининг ишлаб чиқариш тармоғи жадаллашаётган бир пайтда чорва моллари ва паррандалар саломатлигини муҳофаза этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу туфайли ҳайвонлар ва паррандаларни юқумли касалликларга қарши режали махсус эмлаш ва ташхислаш зарурати ортяпти.
Президентимизнинг 2020 йил 25 ноябрдаги “Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганидан сўнг мамлакатимизда соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот муассасаларининг роли сезиларли даражада ошди.
Ветеринария илмий тадқиқот институти ташаббуси билан “Unigen” қўшма корхонаси томонидан ташҳис тест-тўпламлари ҳамда экспресс диагностик воситаларини ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш ва чорвачилик фермер хўжаликларига тасхишлаш бўйича илмий-амалий хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилди. Мазкур корхона лейкоз, бруцеллёз, оқсил, вирусли диарея, лептоспироз, листериоз, парранда гриппи, парранда ўлати, парранда бронхопневмонияси ва бошқа юқумли касалликларнинг олдини олиш учун экспресс-тест тизимларини ишлаб чиқаради.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг мувофиқлаштирувчи роли туфайли иқтисодиётнинг турли тармоқларида илғор биотехнологиялар амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, Ветеринария илмий-тадқиқот институти фаолиятида ҳам давр талабига ҳамоҳанглик ўз ифодасини топмоқда.
Миллий иқтисодиётни барқарорлаштириш шароитида ишлаб чиқариш жараёнининг самарадорлигини ошириш, иқтисодиётнинг барқарор ва оқилона нисбатларда ривожланишини таъминлаш, бозор талаблари асосида ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш даражаси инновацион иқтисодиётнинг таркибий тузилмасини ўзгартириш ҳамда уни такомиллаштиришга боғлиқ. Устувор йўналишлар ривожини таъминловчи илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион ишланмаларни амалга оширувчи экотизимни шакллантириб, илмий ҳажмдор масулотлар ишлаб чиқаришни кўзда тутадиган spin-off корхоналари ташкил этилишини бу борадаги ишларнинг энг муҳими, дейиш мумкин.
Жамолиддин БОБОХОНОВ,
Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи