Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ана шу энг нуфузли мусобақага тайёргарлик жараёнига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган йиғилишда жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Эрматов, вазир ўринбосарлари А.Каримов, Н.Муротов, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Р.Толипов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ва бошқалар мазкур мусобақада мамлакатимиз спортчиларининг муносиб иштирок этишини таъминлашга ҳукумат даражасида катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига муносиб тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжуманида иштирок этадиган спортчиларга барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш кўзда тутилган.
Йиғилишда ушбу масала яна бир бор ўрганиб чиқилди, мавжуд камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.
Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, спортчиларимиз томонидан ҳали қўлга киритилмаган лицензияларга максимал даражада эга чиқиш, йўлланма соҳибига айланган спортчиларга эса Олимпия ўйинларига мукаммал даражада тайёргарлик кўриши учун зарур шароитларни яратиб бериш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, йиғилишда жорий йил Хитойнинг Шантоу шаҳрида ўтказиладиган III ўсмирлар ёзги Осиё ўйинлари, келгуси йил бўладиган XIX ёзги Осиё ўйинларига ҳам тайёргарликни асло бўшаштирмаслик, терма жамоаларда селекция ишларини кучайтириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш орқали мамлакат бош жамоаларига энг муносиб спортчиларни саралаб олиш кераклиги таъкидланди.