Маросимда вилоят масъуллари, мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда даволаш муассасалари раҳбарлари, хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Меҳмонлар янги кампуснинг имкониятлари ва бу ерда жойлашган замонавий клиника ҳамда симуляцион марказ фаолиятига юқори баҳо берди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур бино қурилишига Президентимизнинг 2017 йил март ойида Бухоро вилоятига сафари давомида берилган топшириқлар асос бўлган эди.
Маълумот ўрнида: Бухоро давлат тиббиёт институти 1990 йилда ташкил топган. Бу ерда 8 та факультет ва 42 та кафедра, 12 та бакалавриат ҳамда 24 та мутахассислик бўйича магистратура йўналишлари фаолият кўрсатмоқда.
Келгуси ўқув йилидан яна 2 та янги факультет, 3 та кафедра, 1 та бакалавриат ва 6 та магистратура йўналишида мутахассислик очилиши кўзда тутилган.
Куннинг иккинчи ярмида, янги фойдаланишга топширилган тиббиёт институти биносида мамлакатимиз тиббий олий таълим муассасалари ректорларининг раёсат кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда миллий тиббиёт ва фармацевтика таълимини модернизация қилиш, ушбу соҳага халқаро таълим стандартларини жорий этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, талабаларга маънавий-ахлоқий тарбия беришнинг самарали тизимини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга ошириш масалалари борасида сўз борди.