Бироқ баъзида шундай ҳолатлар бўладики, ҳомиладор аёлда тўлғоқ тўсатдан бошланади. Натижада ушбу амалиётни уйда ёки йўлда бажаришга тўғри келади.
Мана шундай кутилмаган вазиятларда, табиийки, тез тиббий ёрдам хизмати шифокор ва ҳамшираларидан янада масъулият ва қатъият, тезкорлик ва ўта зийраклик талаб этилади. Акс ҳолда, она ва боланинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
Қайд этиш керак, юртимиз “Тез ёрдам” хизмати ходимлари ана шундай фавқулодда туғуруқ жараёнларининг муваффақиятли кечиши ҳамда она ва бола саломатлигини асраш учун зарур билим ва малакага эга.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Тошкент шаҳар “103” хизматига туғуруқ ва ҳомиладорлик патологиялари бўйича жами 21 минг 143 та чақириқ келиб тушган. Шундан 38-40 ҳафталик ҳомиладорлик даврида бўлган 2342 нафар аёл туғуруқ учун мурожаат қилган.
Қолаверса, тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг бевосита саъй-ҳаракати туфайли 25 нафар ҳомиладор аёл ўз уйида фарзандли бўлган.
Кутилмаганда бошланган туғуруқ ва яна бошқа омиллар сабабли эса 3 нафар она чақалоғини “Тез ёрдам” машинасида дунёга келтирган.
Энг муҳими, “103” бригадаларининг тезкор амалга оширган тиббий ёрдами туфайли ушбу туғуруқ жараёнларининг барчаси муваффақиятли ва ҳеч қандай асоратларсиз кечган.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 2022 йил январь-июнь ойларида Тошкент шаҳар "Тез ёрдам" хизматига жами 622 минг 578 та чақириқ келиб тушган эди.