Ҳудудлар: тенгликни ўлчаш даври
Ҳудудий ривожланишдаги энг муҳим янгилик жаҳон тажрибаси асосида ишлаб чиқилган Ҳудудий тенглик индексидир. Ўлчанмаган нарсани бошқариб бўлмайди. Вилоятлар ўртасидаги тафовутни рақам билан ифодалайдиган воситанинг пайдо бўлиши қарорларни “ҳис-туйғу”га эмас, солиштириладиган кўрсаткичларга таянган ҳолда қабул қилиш имконини беради.
Шу йўналишда яна бир қадам қўйилди. Ҳудудларнинг фазовий-ҳудудий стратегиялари ва режаларини ишлаб чиқиш учун Хитой, Жанубий Корея, Испания, Франция ва Буюк Британиянинг хорижий компаниялари билан шартномалар тузилди. Бу мамлакатлар ҳудудларни режалаштиришда турли моделларни синаб кўрган. Уларнинг тажрибаси жалб қилинаётгани, ҳудудий ривожланишга тайёр рецепт кўчириш эмас, балки кенг танлов асосида ёндашув шаклланаётганини кўрсатади.
Саноат ва фан: ишлаб чиқариш қуввати ва тахлил маданияти
Реал секторда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида йиллик 180 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқариш қувватига эга 6-сон цех фойдаланишга топширилди. Сульфат кислотаси металлургия, ўғит ишлаб чиқариш ва кимё саноатининг муҳим хомашёларидан бири. Қувватнинг ошиши ички бозорнинг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини барқарор қоплашга хизмат қилади ва қўшимча қиймат занжирини узайтиради.
Иккинчи йўналиш — “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖда нанотаҳлил лабораториясининг ташкил этилиши. Бу металл сифатини назорат қилиш ва янги материаллар билан ишлашда тадқиқот даражасидаги аниқликка ўтиш ҳақида сигнал беради. Замонавий саноатда рақобат кўпинча хомашё ҳажмида эмас, маҳсулот хусусиятларининг барқарорлиги ва аниқлигида ҳал бўлади.
Экспорт: хариталарни кенгайтириш
Ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва халқаро бозорларга интеграциялашиш доирасида Латвия, Литва, Швеция, Финляндия ва Грузияга экспорт қилувчи тадбиркорларнинг ташрифлари ташкил этилди. Ўзбекистон–Латвия ва Ўзбекистон–Грузия бизнес-форумлари ўтказилди, экспорт хабларини ташкил этиш чоралари кўрилди.
Эътиборли жиҳати — географиянинг кенгайиши. Болтиқ бўйи давлатлар ва Шимолий Европа мамлакатлари, Жанубий Кавказ йўналишларга қўшимча тарзда эътибор қаратилмоқда. Бундай ташрифлар тадбиркор учун энг қимматли нарсани беради: бозорни бевосита ўрганиш ва ҳамкорни шахсан танлаш имконини. Экспорт хаблари эса йирик корхоналар билан бирга кичик ишлаб чиқарувчиларга ҳам чет элга чиқиш йўлини соддалаштириши мумкин.
Иқтисодий ўсиш энерготаъминотининг барқарорлигига боғлиқ
Қайта тикланувчи энергия. Республика ҳудудларида кичик ва микро гидроэлектрстанцияларини ўрнатиш ва барпо этиш бўйича 1 900 та лойиҳа аукцион савдоларига чиқарилди. Шу билан бирга тўртта ГЭС ишга туширилди: Қашқадарёдаги “Чаппасуй” (7,5 МВт) ва “Тамшуш” (10,3 МВт), Наманган вилоятидаги “Бешқўрғон” (5 МВт) ва Жанубий Фарғона каналидаги ЖФК-3 (6,9 МВт). Уларнинг жами қуввати 29,7 МВт. Бу рақам мамлакат энергетикаси миқёсида катта эмас, аммо аҳамияти бошқа жойда. Кичик ГЭС маҳаллий истеъмолчига яқин жойда электр ишлаб чиқаради ва тармоқдаги юкни камайтиради. Аукционга чиқарилган лойиҳалар сони билан ишга тушганлари ўртасидаги фарқ эса ҳали жараённинг бошида эканимизни кўрсатади. Кейинги босқичда асосий савол лойиҳаларнинг неча фоизи реал қурилишга ўтишидир.
Кадрлар ва самарадорлик. Ёқилғи-энергетика соҳаси ходимларини ҳар уч йилда камида бир марта қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий этиш бўйича давлат таълим талаблари тасдиқланди. Бу — техника янгиланиши билан бирга одамнинг билими ҳам янгиланиб туриши керак деган ёндашув. Шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган Энергия самарадорлигини ошириш миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Тежамкорлик энг арзон “энергия манбаи” эканини ҳисобга олсак, бу ҳужжат иқтисодиёт учун ишлаб чиқариш қувватини ошириш билан тенг даражада муҳим.
Нарх сиёсати. Президентнинг 2026 йил 26 майдаги ПҚ–203-сон қарори билан 1 июндан маҳаллий кўмир нархларини давлат томонидан тартибга солиш амалиёти бекор қилинди. Бу бозор тамойилларига ўтишдаги жиддий қадам. Нархнинг эркинлашиши ишлаб чиқарувчига рағбат беради, аммо истеъмолчига таъсирини кузатиб бориш зарур. Айниқса, иситиш мавсуми яқинлашаётган паллада.
Қишга тайёргарлик. “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли компрессор станцияларининг 60 та газ ҳайдаш агрегатида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Фарғона водийси истеъмолчиларини куз-қиш мавсумида барқарор газ билан таъминлаш учун Хўжаобод газни ер остида сақлаш иншоотининг 12 та қудуғида таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу эса оддий оила учун қишда уйнинг иссиқлигини таъминлайди.
Атом энергетикаси. Кичик қувватли АЭСни лойиҳалаштириш, етказиб бериш ва қуриш бўйича шартномага қўшимча битим имзоланиб, рўйхатдан ўтказилди, АЭС энергоблокларини жойлаштириш учун майдончадан фойдаланишга рухсатнома берилди. Булар узоқ муддатли лойиҳанинг ҳуқуқий ва ташкилий пойдеворини шакллантирувчи қадамлардир.
Шаҳар транспорти: назорат орқали сифатга
Урганч–Хива троллейбус йўналишида брутто-шартнома тизими жорий этилди. Троллейбуслар GPS трекерлар билан жиҳозланди ва қатновларни “Ўзбусмониторинг” тизими орқали назорат қилиш имконияти яратилди. Бу амалиётда қатнов жадвалига риоя қилиш операторнинг шартнома мажбуриятига айланишини англатади. Йўловчи учун натижа оддий: кутиш вақтининг қисқариши ва қатновларнинг ишончлилиги. Бу Урганч–Хива йўналишининг туристик аҳамиятини ҳам эътиборга олганда яна муҳим.
Қишлоқ хўжалиги: навдан томорқагача
Пахтачиликда 2026 йил ҳосили учун ҳосилдорлиги 70–80 центнер, тола чиқими 40–45 фоиздан кам бўлмаган тезпишар ва серҳосил ғўза навлари 888 минг гектар майдонга экилди. Интенсив экиш схемалари 889,5 минг гектарда, “Шинжон” усулида чигит экиш эса 305,2 минг гектарда жорий этилди.
Ғаллачиликда ҳосилдорликни 75–80 центнерга етказиш мақсадида 8 та янги тезпишар ва серҳосил кузги буғдой нави танланиб, 74,9 минг гектарга экилди. Янги юқори ҳосилли навлар майдони 610 минг гектарга етказилди. Навларни янгилаш ҳосилдорликни оширишнинг энг арзон йўлларидан бири, чунки у кўп ҳолларда қўшимча ер ёки сув талаб қилмайди.
Чорва учун озуқабоп экинларнинг сувсизликка чидамли ва серҳосил навлари бўйича янги илмий лойиҳалар ишлаб чиқилиб, мақсадли танловларга тақдим этилди. Сув танқислиги даврида бундай тадқиқотлар стратегик аҳамиятга эга.
Озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан 10 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари баланси мониторинг қилинди. Истеъмол, уруғлик сарфи ва табиий йўқотишлар ҳисобга олиниб, талаб аниқланди ҳамда уни қоплаш имкониятлари таҳлил қилинди. Яъни ресурслар олдиндан ҳисоб-китоб қилинмоқда, бу нарх сакраши ва танқислик хавфини камайтиради.
Майда хўжаликлар ҳам эътибордан четда қолмаган: 4 мингта аҳоли томорқа ер эгаларига кўчат ва уруғликлар етказиб берилди, “Менинг томорқам” электрон платформаси тест режимида ишга туширилди. Томорқа миллионлаб оилалар даромадининг қўшимча манбаи, шунинг учун уни рақамлаштириш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий аҳамиятга эга.
Рақамли хизматлар ва ишбилармонлик муҳити
Солиқ тўловчиларга Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинет орқали ўз фаоллик ҳолатини мустақил равишда ўзгартириш имконияти яратилди. Бу кичик ўзгаришдек кўринса-да, тадбиркор учун ортиқча қоғозбозлик ва вақт йўқотишнинг камайишини билдиради.
IT Park резидентларида яратилган иш ўринлари сони 51,9 мингтага етказилди. Бу ахборот технологиялари соҳасининг бандлик манбаи сифатида ўсиб бораётганини кўрсатади, айниқса ёшлар учун.
Давлат бошқарувидаги шаффофлик борасида учта қадам эътиборга лойиқ:
• Очиқ маълумотлар порталида фойдаланувчилар сўраган янги турдаги маълумотлар тўпламини эълон қилиш учун махсус бўлим ишга туширилди;
• Давлат меҳнат инспекциясининг dmi.mehnat.uz ахборот тизими орқали меҳнат ҳуқуқи бузилиши бўйича онлайн мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш, жараённи кузатиш ва статистика шакллантириш имконияти жорий этилди;
• БМТнинг Электрон ҳукумат рейтингида Электрон иштирок этиш индексини яхшилаш мақсадида Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтида Ахборот-коммуникация технологиялари ва “Менинг фикрим” портали билан ишлаш бўлими ташкил этилди.
Бу қадамларнинг умумий мантиғи битта: фуқаро ва тадбиркор давлат билан алоқани онлайн, кузатиладиган ва ҳисобдор шаклда олиб боради.
Ер аукционлари: бозор савдосининг ўлчами
Ҳудудларда савдо, маиший, сайилгоҳ ва кўнгилочар хизматларни ривожлантириш мақсадида бошланғич қиймати 2,1 трлн сўм бўлган 16 384 та (1 248 гектар) ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилди. Шундан 4 966 та (626 гектар) ер участкаси 1,6 трлн сўмга сотилди.
Рақамларга эътибор қаратсак, участкаларнинг тахминан 30 фоизи сотилган, майдон бўйича эса ярмига яқини (626 гектар 1 248 гектарнинг ярмини ташкил қилади). Бу шуни англатадики, йирикроқ ва ликвид участкаларга талаб юқори бўлган. Муҳими, сотилган ер участкалари ортида хизмат кўрсатиш шохобчалари, иш ўринлари ва бюджет тушумлари турибди.
9 ой давомида бажарилган ишларнинг каттагина қисми ҳужжатлар, шартномалар, платформалар ва лойиҳалар кўринишидаги ташкилий натижалардир. Бу табиий, чунки стратегик ўзгаришлар шундан бошланади. Энди эътибор уларнинг иқтисодий таъсирига қаратилиши керак: ишга тушган қувватлар, экспорт ҳажми, яратилган иш ўринлари, ҳосилдорлик ва аҳоли даромадлари. Қишга тайёргарлик, нарх сиёсатидаги ўзгаришлар ва озиқ-овқат баланси каби масалалар эса аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита боғлиқ. Фаровонлик ҳақидаги гап энг аввал шу ерда синовдан ўтади.
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи