Дастлаб Наманган вилояти суди раиси Алишер Усмонов ва Наманган вилоят маъмурий суди раиси Зарифахон Қурбонованинг маърузалари тингланди. Жорий йил 16 январь куни Президент қабул қилган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлар мазмун-моҳияти қатнашчиларга қисқача тушунтирилди.
Мазкур икки ҳужжат орқали аҳолининг одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилиши, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиши таъкидланди.
Сўнгра вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари, журналист-блогерлар иштирокида 2022 йил якунлари бўйича масъуллар ҳисоботи эшитилди.
Учрашув давомида ўтган йил мобайнида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўрилиши, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар шарҳи, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақидаги ахборотлар очиқланди.
Биргина мисол, вилоят судлари томонидан инсонпарварлик тамойили қўлланиши натижасида бир йил ичида 16 нафар шахс оқланган. 601 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган. 1 минг 494 нафар ёки 30,5 фоиз шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасига мувофиқ, енгилроқ турдаги жазо тайинланган. 1 минг 418 нафар шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилган.
Дарҳақиқат, ошкоралик, шаффофлик, холислик суд идоралари саъй-ҳаракатида жуда муҳим саналади.
Турли талқинлар, баҳсли тафсилотларга бой, қизғин руҳда кечган очиқ мулоқотда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ далиллар асосида батафсил жавоблар олишди.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири