Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан ташкил этилган бўлиб, судьялар ва суд тизими ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ягона таълим ва илмий тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Судьялар олий мактабини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад янги жамиятнинг стратегик мақсадига айланган “адолатни қарор топтириш”га қодир бўлган судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашишдир. Бугунги кунда Олий мактабда учта йўналишда судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Таълим жараёнида эскирган ўқув-услубий ёндашувдан воз кечилиб, ўқув жараёни билан ҳуқуқни қўллаш амалиётининг узвий боғлиқлиги таъминланиб, энг муҳими тингловчиларнинг қарор қабул қилишда ижодий ёндашуви шаклланишига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шунингдек, касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган ёндашувлар эътиборга олиниб мавзулар қўйилади.

Масалан, психологик ҳолатни назорат қилиш кўникмасини шакллантириш учун “Стресс ва стрессни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бошқариш”, “Конфликтология. Низоларнинг келиб чиқиш жараёнида низоларни ҳал қилишнинг самарали усуллари”, “Тайм-менеджмент. Вақтни бошқариш, иш жараёнини тўғри ва самарали ташкил этиш” каби дарс машғулотлари олиб борилади. 2021/2022 ўқув йилида магистратура ўқув курсининг барча ихтисосликларига “Суд тизимида коррупцияга қарши курашиш муаммолари” ва “Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар” каби янги ўқув дастурлари киритилди.

 Олий мактаб магистратурасига қабул фақат олий юридик маълумотга эга 34 ёшдан кичик бўлмаган етти йиллик иш тажрибасига эга бўлган шахслар орасидан танлов асосида амалга оширилади. Қабул квотаси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланади.