Давлатимиз раҳбари ушбу ташриф давомида вилоят энергетик салоҳиятини янада кенгайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва ҳудуд аҳолиси ҳамда иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
2017 йилда Сурхондарё вилоятида фақат 1 та ГЕС фаолият юритган бўлиб, қуввати 30 МВТни ташкил этган. Президентимиз ташаббуси билан Тўполанг сув омбори ҳажми 100 млн м3 дан 500 млн м3 га етказилди. Шу орқали, Тўполанг дарёсида янги қувватларни ишга тушириш имконияти яратилди. Сўнгги 9 йил ичида вилоятдаги гидроэнергетик қувватлар ҳажми 9 баробарга оширилиб, 273,4 МВТга етди ҳамда ГЕСлар сони 13 тага етказилди. Натижада бугунги кунда вилоятнинг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 800 млн кВт.соатга етказилди.
Юқори Тўполанг гидросалоҳиятидан оқилона фойдаланиш мақсадида, умумий қуввати 80 МВТ бўлган 3 та ГЕСдан иборат Киштут ГЕСлар каскади лойиҳаси юзасидан ма‘лумот тақдим этилди. Ҳозирда мазкур Киштут ГЕСлар каскади лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари бошланган.
Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, Киштут ГЕСлар каскадини “миллий лойиҳа” сифатида амалга оширилиши белгиланди. Шу билан бирга, Юқори Тўполанг гидросалоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш, вилоят гидроэнергетик салоҳиятини ошириш ва электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Мазкур лойиҳа Сурхондарё вилоятининг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан та‘минлашда муҳим аҳамият касб этади.
Матбуот хизмати