Осиё инфратузилма инвестициялари банки Сурхондарёда 1 минг 560 мегаватт қувватга эга бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш учун 225 миллион евро ажратишини эълон қилди.

“А” категориясига кирувчи мазкур лойиҳа 2022 йилнинг апрелида ишлаб чиқилган бўлиб, шу йил 17 май куни сўнгги баҳолаш ишлари олиб борилганди. Лойиҳа Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида, “Учқизил” сув омборининг шимоли-шарқида жойлашган ҳудудда амалга оширилади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад эса Ўзбекистон Республикаси энергетика секторини карбонсизлаштириш стратегиясига мувофиқ, юқори самарадор электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини оширишдан иборатдир.

Шунингдек, Ислом тараққиёт банки ҳам айни шу мақсадлар учун 100 миллион евро миқдорида маблағ ажратмоқда.

Аҳамиятлиси шундаки, бу инвестициялар Ўзбекистон иқтисодиётига давлатнинг ҳеч бир кафолатисиз йўналтирилиши мўлжалланган.