Рамазон эҳсони баҳонасида ўқитувчилардан пул йиғиш топшириғини берган Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Анвар Ражабов ишдан олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов хабар берди.

Унинг билдиришича, Жарқўрғон туманидаги 33-сонли умумтаълим мактаби педагог ходимларидан пул маблағи мажбурий тартибда йиғилаётгани ҳақидаги хабар юзасидан тайинланган хизмат текшируви якунланди.
 
Текширув вилоят ҳокими назоратида ўтказилиб, ҳолатлар комплекс тарзда ўрганилди, ҳужжатлар таҳлил қилинди ва масъул шахсларнинг тушунтиришлари олинди. Натижада Жарқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари Анвар Ражабов томонидан берилган кўрсатма амалдаги қонунчилик талабларига зид экани, хусусан, ихтиёрийлик тамойили бузилгани аниқланди, дейилади хабарда.
 
Хизмат текшируви хулосасига мувофиқ Анвар Ражабов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шу билан бирга, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун текширув материаллари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.