Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан “Калибр” узоқ масофаларга ўқ отиш клуби таъсис этилган.
“Калибр” клуби “Ватанпарвар” ташкилотининг Республика техник ва амалий спорт турлари маркази қошида ташкил этилган бўлиб, клубнинг асосий мақсади ов ва узоқ масофаларга ўқ отиш спорти ҳаваскорлари, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажриба алмашиш ҳамда республика ҳудудида узоқ масофаларга ўқ отишни оммалаштириш ҳисобланади.
“Калибр” узоқ масофаларга ўқ отиш клуби Низомига мувофиқ, ушбу клубга фақатгина Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасига аъзо бўлган (қурол олиб юришга ҳақли) фуқаролар қабул қилинади. Бирлашма ниқобланиш, жойга мослашиш, ориентирланиш, қийин шароитларда яшовчанлик борасидаги ўз тажриба ва кўникмаларини ҳарбий хизматчиларга ўргатиш бўйича маҳорат дарслари ўтиб бориши белгиланган.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ “Термиз” дала-ўқув майдонида “Калибр” клубининг Сурхондарё вилояти миқёсида «Энг моҳир овчи» мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Зайнобиддин Иминов, мудофаа вазирлиги ва куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ҳамда туманлардан ташриф буюрган клуб аъзолари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар овчиларнинг бой тажрибаси ва маҳоратини алоҳида таъкидлаб ўтган ҳолда улар учун яратилаётган шарт-шароитларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Қатнашувчилар автомат ва мерганлик милтиғидан турли масофалардаги нишонларни йўқ қилиш бўйича ўзаро беллашди. Таъкидлаш жоизки, иштирокчилар сони ва улардаги шижоат бошқа ҳудудларга нисбатан алоҳида ажралиб турди.
Якунда йўналишлар бўйича ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар берилди.
Акбар АҲМЕДОВ,
III даражали сержант
Термиз гарнизони