Давлатимиз раҳбари олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлиши, келгуси етти йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилган стратегик мақсадларга эришиш учун барча куч ва имкониятлар мавжудлигига алоҳида тўхталар экан, устувор мақсадлар қаторида сувдан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.
Жумладан, “Экология ва атроф-муҳитни асраш, сув тақчиллигининг олдини олиш бундан буён ҳам биз учун долзарб вазифа бўлиб қолади”, деди.
Дарҳақиқат, глобал иқлим ўзгаришлари туфайли тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги муаммоси бугунги кунга келиб аксарият давлатлар кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланди. Зеро, муаммо кўлами шу даражадаки, экспертлар ҳатто яқин келажакда кузатилиши прогноз қилинаётган кучли танқислик ортидан сувнинг баҳоси нефть ва газ, олтин каби қимматли қазилма бойликлари қаторига чиқишини тахмин қилмоқда.
Бу башоратлар қанчалик хавотирли бўлмасин, бир томондан, мантиқийдек. Чунки дунё бўйича сувга талаб муттасил ортиши баробарида захиралари камайиб боряпти. Бунинг салбий таъсири эса аллақачон кўпгина минтақалар, жумладан, Марказий Осиёда ҳам сезиляпти.
Демак, танқислик муқаррар экан, сув қийматининг ошиши ҳам кундай равшандир. Бинобарин, бутун олам тириклиги, ҳар бир экин тақдири, озиқ-овқатимиз мўллиги, умуман, турмушимиз сув билан боғлиқ, усиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди.
Айтайлик, ҳозир айни ёз — пишиқчилик фасли. Бозорларимиз заминимиз саховати, деҳқонларимиз меҳнати эвазига пишиб етилаётган турфа маҳсулотлар билан янада файзли бўлиб боряпти. Лекин ана шу неъматлар дастурхонимизга етиб келгунга қадар қандай босқичлардан ўтади, қандай парваришланиб, ўғит ва минераллар қанча берилади, суғориш учун қанча сув сарфланади? Зарурат бўлса, буни соҳа мутахассислари батафсил изоҳлаб, тушунтириб, ҳисоблаб бериши мумкин. Зеро, ҳозир ҳисоб-китобли замон. Бундай паллада ҳеч бир нарса беҳуда, ортиқча сарфланмайди. Масалан, бугун қуёш тиғида елкасида кетмон билан дала суғораётган сувчи сувнинг қадри нақадар ортиб бораётганини аллақачон англаб етган. Фермерга қўйиб берсангиз, ғўзасини кафтида суғоришга тайёр. Чунки сув — ҳисоб-китобли. Вақт ўлчовли. Унга муайян миқдор ва вақт ажратилган. Шу вақт ичида даласини суғоришга улгуриб қолиши ҳамда навбатни бошқа фермерга бериши керак.
Зар қадрини заргар билади, дейишади. Бугун сув қадрини дунё биляпти. Ундан бугун оқилона фойдаланмасак, асраб-авайламасак, эртага ўзимиз азият чекишимиз мумкинлигини барча англаб етяпти. Ҳозирги кунда нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларида ушбу мавзуда бот-бот гапирилаётгани, амалий ишларга тезроқ ўтиш зарурлиги юзасидан бонг урилаётганининг боиси ҳам шунда. Биз ҳам бу борада қайта-қайта мақола ёзишдан, сувни тежашга ундовчи фикрлар айтишдан эринмаймиз. Бу — вазият тақозоси.
Пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Барқарор ривожланиш мақсадлари: озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув таъминоти” мавзусида ўтказилган халқаро конференциясида ҳам айни шу масалалар муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевнинг таъкидлашича, республикамизда жами суғориладиган ер майдонлари 4,3 миллион гектарни ташкил этиб, бугунги кунга қадар сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонлар 1,2 миллион гектарга ёки суғориладиган ерларнинг 28 фоизига етказилди. Жумладан, 473,5 минг гектарда томчилатиб, 44,7 минг гектарда ёмғирлатиб, 18 минг гектарда дискрет, 133,9 минг гектарда бошқа сув тежовчи суғориш тизимлари жорий қилинди ҳамда 569 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш кўлами бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Осиё давлатлари орасида тўртинчи, дунёда эса ўн учинчи ўринда турибди.
Дарҳақиқат, юртимизда сув танқислигининг салбий оқибатлари таъсирини юмшатиш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар кўриляпти. Суғориш тармоқларини бетонлаштириш ва фойдали иш коэффициентини ошириш, ерни лазерли текислаш, сувдан самарали фойдаланишга эришиш, соҳани тўлиқ рақамлаштириш, сув тежайдиган технологияларни жорий этишни кенгайтириш, суғориш маданиятини юксалтириш кабиларни бунга мисол сифатида келтириш мумкин.
Сув тежовчи технологияларга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу энг тўғри йўл. Сабаби, бу усул, аввало, давлат бюджетига кўп юк бўлиб тушмайди. Асосан, сув истеъмолчиларининг ўз маблағлари ҳисобига барпо этилади. Бу орқали нафақат сув, балки минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, ишчи кучи кабиларга харажатлар тежалади. Ҳосилдорликни ошириш нуқтаи назаридан эса унинг жозибадорлиги янада ортади.
2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилган. Жумладан, субсидия ажратилаётгани кластер ва фермерларни рағбатлантирмоқда. Мисол учун, 2019-2022 йилларда сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига жами 1 триллион 465 миллиард сўм субсидия ажратилган. Субсидия ажратиш механизми йилдан йилга такомиллаштириб бориляпти.
2023 йилда сув тежайдиган технологияларни 500 минг гектар майдонда жорий этиш ва 1,5 миллион гектарга етказиш режалаштирилган. Ушбу технологияларни ишлатиш орқали 1,9 миллиард метр куб сув, 100 минг тонна минерал ўғит, 13 минг тонна ёнилғи-мойлаш материаллари иқтисод қилинади ҳамда ҳосилдорликни ўртача 15-20 центнер ошириш имконияти яратилади.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси доирасида 2030 йилгача бажариладиган устувор вазифалар белгиланган.
Жумладан, Сув хўжалиги вазирлигида ер ости, ер усти ва қайтар сув ресурсларини ҳисобини юритиш бўйича ягона интеграциялашган бошқарув тизими яратилади.
18,7 минг километр ёки 66 фоизи тупроқ ўзанли ҳисобланган магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг бетон қопламали улуши 13,1 минг километр ёки 46 фоизга етказилади.
Суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициенти (ФИК) 0,63 дан 0,73 гача оширилади. Қишлоқ хўжалигида суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоиз камайтириш орқали сув маҳсулдорлиги яхшиланади.
Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда тежамкор технологиялар билан қамраб олинган ернинг умумий майдони 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологияси 600 минг гектаргача етказилади.
Хизмат муддатини ўтаб бўлган насос станцияларидаги 1 минг 750 дона насос агрегати энергия тежамкорларига ҳамда 2 минг 100 дона электродвигатель янгисига алмаштирилади.
Насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмоли 8 миллиард киловатт-соатдан 2025 йилда 7 миллиард киловатт-соат ва 2030 йилда 6 миллиард киловатт-соатга камайтирилади.
Барча сув олиш нуқталари (18,5 мингта)га “Ақлли сув” (“Smart Water”) қурилмалари ўрнатилади ва сув ресурслари рақамли технологиялар асосида бошқарилади.
2030 йилгача 1 минг 687 та насос станциясида электр энергияси истеъмолини онлайн мониторинг қилиш тизими жорий этилади. Фойдаланишдан чиққан 298,5 минг гектар суғориладиган ер фойдаланишга киритилади.
— Биз Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш” лойиҳасини амалга оширяпмиз, — дейди Венгриянинг “Art Work Design Kft” компанияси директори Андрас Федосеев. — Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги жами сув ресурслари мониторингини юритувчи “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси яратилади. Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлигида “Вазиятлар маркази” ташкил этилади. Натижада сув ресурслари манбадан тортиб то истеъмолчига етиб боргунига қадар барча жараёнларда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини онлайн юритиш, улар тўғрисида маълумотларни шакллантириш ҳамда йиғилган маълумотлар асосида сувни бошқариш жараёнини таҳлил қилиш имконияти юзага келади.
Ҳа, сув энг қиммат ресурсга айланиши ҳақида экспертлар ўтган асрда айтган прогнозлар бугун ўз исботи топа бошлади. Негаки, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда 7 миллиард метр куб сув танқислиги кузатилиши ва оқибатда мамлакат дунёдаги сув танқис бўлган 33 давлат қаторига тушиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу эса қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, суғоришнинг тежамкор усулларини қўллашни жадаллаштиришни тақозо этади.
Бугунги кунда кўплаб давлатлар қишлоқ хўжалигида сув тақчиллиги муаммосига сув тежовчи технологиялар орқали ечим топмоқда. Масалан, Исроилда деярли барча экин майдонлари томчилатиб суғориш тизимига ўтказилган.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи, янаям аниқроғи, деҳқончилик тақдири — томчилатиб суғоришда. Сув тақчиллиги тез-тез такрорланаётган, қурғоқчилик таъсири ортиб бораётган ҳозирги шароитда суғоришнинг ушбу усулига ўтмасдан туриб ҳосил етиштириш қийин масала.
Бухоро вилоятидаги “BCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластери ғўза майдонларида томчилатиб суғориш тизимини йил сайин кенгайтирмоқда. Жорий йилда у 507 гектарда татбиқ қилиняпти. Бунинг учун 15 та сув тиндириш ҳовузи қуриш, уларга обиҳаёт етказиб бериш учун тик қудуқлар қазиш, шунингдек, насос ва бошқа агрегатлар ўрнатиш, қувур ётқизиш ишлари жадал олиб бориляпти. Ушбу технология ишга тушгач, экинларни суғориш ва озиқлантириш учун сув ва минерал ўғитлар сарфи 50 фоизгача тежалиши кутилмоқда.
Яқинда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги “ТСТ Сluster” кўп тармоқли кластерининг яна 50 гектар ғўза майдонида суғоришнинг тежамкор усулига старт берилди.
Кластернинг томчилатиб суғориш бўлими бошлиғи Аброр Фармоновнинг айтишича, анъанавий суғориш усулидан босқичма-босқич воз кечилиб, томчилатиб суғоришга ўтиляпти. Шу мақсадда ўтган йилларда 1 минг 200 гектардан ортиқ майдонга ушбу технология татбиқ қилинди. Чунки бу усулда сув билан биргаликда зарур ўғитлар экиннинг илдиз қисмига узатиб берилади. Натижада сув ва ўғит сарфи кескин камайиб, пахта ҳосилдорлиги ўртача 30 фоизгача кўтарилади.
Шу каби афзалликлар туфайли жорий йилда яна 450 гектар майдон томчилатиб суғориш усулига ўтказилиши режалаштирилган. Ана шунда ушбу кластерда тежамкор соғориш тизимлари жорий этилган майдонлар умумий ҳажми 1 минг 700 гектарга етади.
Умуман олганда, қишлоқ хўжалигида янги механизм — кластер ва кооперациялар фаолияти қўллаб-қувватланиб, уларда “амалиёт – илм - инновация” тизими уйғунлаштирилгани мутахассислар эътиборига тушмоқда. Бугунги кунда юртимизда 833 та агрокластер ва 200 дан ортиқ кооператив самарали фаолият юритмоқда.
Инновациялар ва замонавий техника ҳисобига ҳосилдорлик 29 центнердан 2022 йилда 34 центнерга ошди. Пахта етиштиришда мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилди. BCI — “Яхшиланган пахта” стандарт тизими жорий қилинмоқда. Пахта хомашёси 100 фоиз чуқур қайта ишланмоқда.
— Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланган, — дейди Жаҳон банкининг сув ресурсларини бошқариш лойиҳалари раҳбари Абдулхамид Азад. — Бундан кўзланган мақсад сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларга ечим топиш, шу билан бирга, мамлакатни келажакда кутилаётган сув танқислигига тайёрлашдир. Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга оширишда Жаҳон банки ҳамкорликка тайёр. Ўзбекистонда сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида сарфланади. Сувдан самарали фойдаланиш деганда фақатгина сувни тежайдиган технологиялар жорий этилишини тушунмаслик керак. Соҳани рақамлаштириш, ходимларни ўқитиш, малакасини оширишга ҳам эътибор қаратиш зарур. Яқинда Қорақалпоғистонда бўлиб, Жаҳон банки иштирокидаги “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасидаги ишлар билан танишдик. Шунингдек, Жаҳон банки иштирокида “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-босқич” лойиҳаси ҳам амалга ошириляпти. Ушбу лойиҳалар Ўзбекистон билан сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлигимиз ривожланаётганидан далолат беради.
Мамлакат барқарор ривожланишида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигининг ўрни катта.
— Айни шу мақсадда 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинган, — дейди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов. — Стратегия тўққизта банддан иборат бўлиб, биринчи банд аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Бу глобал аҳамиятга эга вазифа. Ушбу вазифани бажариш учун кейинги йилларда ердан самарали фойдаланиш ва экин турларини диверсификация қилиш мақсадларидан келиб чиқиб, кўплаб ўзгаришларга эришилди. Айтиб ўтиш керакки, ғалла ва пахта майдонини қисқартириш эвазига мева-сабзавот экиш кўпайди. Кейинги масала — кооперациялар тизими. Кичик деҳқон хўжаликларини кооперация орқали йирик тадбиркорлик субъектларига айлантириш, харажатларини камайтириш ва даромадини кўпайтириш ҳамда молиялаштириш учун янги имкониятларни яратиш устида ишлар олиб борилмоқда. Олдимизда турган энг асосий вазифа эса, албатта, сув ва ердан оқилона фойдаланиш чораларини кенгайтиришдир. Шу мақсадда ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиққан 1,1 миллион гектар ерни оборотга киритиш концепцияси қабул қилинди. Ўтган даврда оборотдан чиққан, лалми, яйлов ерлардан қарийб 580 минг гектари фойдаланишга киритилди. Ўзлашган ерларда 280 минг аҳоли бандлиги таъминланиб, қўшимча 3,7 миллион тонна маҳсулот етиштирилди. Келгуси 5 йилда яна 500 минг гектар ерлар фойдаланишга киритилади. Қишлоқ хўжалиги ерларининг чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарга 25 йилга ижарага берилиши белгиланди.
Ўзбекистон — қурғоқчил минтақада, океан ва йирик денгизлардан олисда жойлашган мамлакат. Шу боис, биз учун сувнинг аҳамияти, қадри ортиб бораверади. Бугунги кўрилаётган чоралар, эртанги турмушимиз ҳам ҳозиргидан кам бўлмаслигини таъминловчи кафолатдир. Шу жиҳатдан, мамлакатимиз қишлоқ ва сув хўжалигида бошланган ҳамда ҳозирги кунга келиб ўз самарасини берган тизим — сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаётгани таҳсинга лойиқ. Зотан, сув тақчиллиги сезилаётган ҳозирги шароитда қишлоқ хўжалигининг келажаги ва ривожи шунга боғлиқ.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ
“Янги Ўзбекистон” мухбири