Сув хўжалигида инновацион технологиялар йўналишида мутахассис кадрлар тайёрлаш ишлари бундан бир неча йиллар аввал бошлаб юборилган. Шу ўринда яна бир муҳим вазифа бор, яъни олий таълим муассасаларида назарий билимларни чуқур эгаллаган ёшларда амалий кўникмаларни шакллантириш. Республикамизда ушбу вазифа ижросини биринчилардан бўлиб, Жиззах вилоятида жойлашган “MASTER BILDING PRODUCTS” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона бошлаб берди.
2022 йил 23 мартда корхонага “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетидан “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” таълим йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларидан 4 нафар ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтидан “Сув хўжалиги ва мелиорацияси” таълим йўналишида таҳсил олаётган 6 нафар талаба 3 ой мобайнида ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун қабул қилинди.
Талабаларга амалиёт раҳбари сифатида корхона муҳандиси Абдумурод Алимов бириктирилди. Амалиётдан кўзланган асосий мақсад талабаларга томчилатиб суғориш тизимининг ҳар бир элементини мукаммал ўргатиш, лойиҳалаш ва тизимни ўрнатиш жараёнларида бавосита иштирок этган ҳолда кўникмалар шакллантиришдир.
Ҳозирда томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари етишмаслиги шароитида кам сув сарфлаб барқарор юқори ҳосил олишга имкон бериши билан ажралиб туради. Экинларга ишлов бериш ва суғориш ишларида қўл меҳнатини камайтириш ҳамда суғоришни автоматлаштириш имкониятларининг юқорилиги боис томчилатиб суғориш усули бутун дунёда кундан кунга кенгроқ майдонларга татбиқ қилинмоқда.
Талабаларга машғулотларни Туркия давлатидан келиб фаолият юритаётган муҳандис, қолаверса, корхона томонидан ўрнатиладиган томчилатиб суғориш тизимлари лойиҳачиси Керем Акдоған олиб бормоқда. Машғулотлар давомида томчилатиб суғориш тизими элементларининг ҳар бирига алоҳида тўхталган ҳолда, уларнинг барча вазифа ва функциялари хусусида, шунингдек, тизимни лойиҳалаш, бунда эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий жиҳатлар ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.
Талабалар машғулотлардан бўш вақтларида корхона таркибидаги “Фитинг ва ППР қувурлар” ишлаб чиқарувчи цехда томчилатиб суғориш тизимида ишлатиладиган труба, шланг ва фитинглар, унинг учун қўлланиладиган хомашё ва ишлаб чиқариш жараёни хусусида маълумотларга эга бўлишмоқда.
Корхона ходимлари билан бир қаторда томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш учун фермер хўжаликлари далаларига чиқишга шай турган талабалар келгусида амалиёт даври мобайнида эгаллаган билим ва малакаларини республикамизда кечаётган сув муаммосини ижобий ҳал этишда қўллашга, қолаверса тенгдошларига ҳам ўргатишга аҳд қилишган.