Жон Райт 2021 йил апрель ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. У давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг хизматини жорий этиш, шунингдек, сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни бошқариш йўналишларида иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон иқтисодиётида аграр соҳа етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Мамлакатнинг миллионлаб аҳолиси қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва уларнинг даромади асосан қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳисобидан шаклланади. Шу боис, халқаро эксперт сифатида мен 2018 йилда Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликларининг ташкил этилиши Ўзбекистон учун тўғри қарор бўлган, деб ҳисоблайман, - дейди Жон Райт.

Унинг таъкидлашича, ўтган даврда Президент ва ҳукуматнинг Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятига доир 13 та Фармон ва қарорлари қабул қилинган. Бу эса ўз ўрнида, соҳа ривожи давлатнинг доимий эътиборида эканлигидан далолат.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ва Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси халқаро молия институтлари билан жуда пухта ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Устувор йўналишлар белгиланиб, тизимли ва самарали иш олиб бориляпти.

Стратегияда 2023 йилгача сув ресурсларини прогнозлаштириш, уларнинг ҳисобини юритиш ва маълумотлар базасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш ҳамда шаффофлигини таъминлаш бўйича қатор вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қўйилаётган бу кенг қамровли вазифалар сув ва электр энергиясидан фойдаланиш бўйича маълумотларнинг ишончлилигини ошириш ва уларни тезкор қарор қабул қилувчилар учун очиқлаш ҳамда сув етказиб беришнинг сифати ва етказиб бериш самарадорлигини оширишга қаратилган.

Ўзбекистондаги институционал тузилмалар ҳам, сув инфратузилмаси тармоғи ҳам ўта мураккаб. Ўтган бир йилга яқин вақт ичида республиканинг деярли барча ҳудудларига бориб келдим. Бу мен учун сув хўжалиги соҳасидаги муаммолар ва реал ҳолатни тушунишимда жуда зўр имконият бўлди. Жойларда сувчилар билан суҳбатлашдим, улар ўзларининг қилаётган ишларини гапириб беришди.

Ўзбекистон халқи, бу ердаги мутахассисларнинг меҳмондўстлиги, ватанпарварлиги ва фидойилиги мени ҳайратлантирди. Бу халқнинг буюк ўтмиши ва аждодлари бор экан. Ҳозирги ҳаракатлар, мана шу интилишлари бардавом бўлса, Ўзбекистоннинг яқин келажакда энг ривожланган давлатлар қаторига киришига ҳеч қандай шубҳа йўқ, -дейди Жон Райт.

Ўтган бир йил ичида Ўзбекистоннинг сув хўжалиги соҳасида кўплаб янгиликлар бўлди. Соҳада мутахассис кадрлар тайёрлаб берадиган таянч олий ўқув юрти – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг мақоми ошиб, Президент қарорига асосан «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети деб қайта номланди. Университетга таълим ва ишлаб чиқариш узвийлигини мустаҳкамлаш, гидроэнергетика, ирригация, мелиорация, қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологиялар, сув тежовчи суғориш технологиялари каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш бўйича улкан вазифалар юклатилди.

Яқинда Ўзбекистон Президенти «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонни имзоланди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 7 та йўналиш белгиланган. Унинг учинчи йўналишида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш мақсадлардан бири сифатида кўрсатилган.

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида Сув хўжалиги вазирлигига янада кўпроқ вазифалар белгиланган.

2022 йилда янги ва фойдаланишдан чиққан 129 минг гектар ерларни ўзлаштириш, сув тежовчи технологияларни 260 минг гектарда жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд куб метр сувни иқтисод қилиш каби вазифаларнинг қўйилиши Ўзбекистон ҳукуматининг келажакда кутилаётган хатарларга олдиндан тайёргарлик кўра олишини, жумладан, муқаррар сув танқислигини юмшатиш бўйича амалий чоралар қабул қилаётганлигининг исботидир.

Ўзбекистоннинг сув хўжалиги соҳасидаги трансформацион ўзгаришлар кўп йиллар давом этади. Жон Райт ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу трансформацион ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор йўналишларни ишлаб чиқди.

30 мингдан зиёд мутахассис-ходимлар меҳнат қилаётган вазирлик тизимида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва келажак авлодлар учун барқарорликни яратиш бўйича кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жон Райт бу хайрли ишларни қўллаб-қувватлаб, Янги Ўзбекистоннинг фаровон келажаги учун ҳисса қўша олганидан ниҳоятда мамнунлигини билдирди.