Ўзбекистонда сўнгги вақтларда тошдан (мармар ишлаб чиқаришдан қолган майда тошлардан) олинадиган ноёб қоғоз тобора оммалашмоқда.
 
"Бир тонна маҳсуллот ишлаб чиқариш учун битта ҳам дарахт кесилмайди, бир грамм ҳам сув ишлатилмайди. Тош (80%) ва полимерлар(20%)дан фойдаланилади. Шу билан бирга, целлюлоза қоғоздан сифат жиҳатдан фарқи жуда катта бўлади. Сабаби, тошдан ишлаб чиқарилган қоғоз сувда ивимайди, йиртилмайди, жуда мустаҳкам ва яроқлилик муддати ҳам анча узоқ", – ноёб қоғознинг афзалликлари ҳақидаги саволга Fergana stone paper Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси раҳбари ўринбосари Жасур Ниёзов худди шундай жавоб беради.
Тан нархи ҳам оддий қоғозга нисбатан бир неча баробар арзон.
Бундай қоғоз полиграфия ишларида, экспорт маҳсулотларини қадоқлашда фойдаланишда, гулқоғозлар ишлаб чиқаришда жуда қўл келади. Қолаверса, маҳсулот учун хом-ашё ўзимизда, Ўзбекистонда жуда кўп - 100% маҳаллий маҳсулот, дейди фахр билан суҳбатдош.
 
Албатта, суҳбатдошнинг фахрланишига сабаб бор. Фарғонадаги тошдан қоғоз ишлаб чиқарадиган ушбу корхона МДҲ майдонида ягона бўлгани учун, бугунги кунда бу заводга Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Канададан катта қизиқиш билдирилмоқда.
 
Корхонадаги ишлаб-чиқариш Хитойдан олиб келинган ноёб технологиялар асосида йўлга қўйилган. Бу ерда йилига 9 минг тонна қоғоз ишлаб чиқарилади.