Вазирлар Маҳкамасининг 2019йил 12 июлдаги  “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисида”ги 575-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни назорат қилиш “Ўзагроинспекция” зиммасига юклатилган.

Шу мақсадда, Инспекциянинг Иштихон тумани бўлими қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими томонидан 2021 йилнинг январь-март ойи давомида 27 та назорат тадбири ўтказилди. Унда сувдан фойдаланишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этмаслик юзасидан 7 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан 7 нафар фуқарога нисбатан суднинг ҳал қилув қарорига асосан жами 1миллион 916 минг сўм миқдорида маъмурий жарима чораси белгиланиб, 20 та хўжалик юритувчи субъектлар қонунбузилиш ҳолатлари содир этмаслик юзасидан огоҳлантирилди.

Шунингдек, Инспекциянинг Иштихон тумани бўлими томонидан Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Белгиланган Дастурга асосан, 2021 йили туманда 1 минг 100 гектар ерда сув тежамкор ускуналар ўрнатилиши режалаштирилган. Ҳозирги вақтда кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан сув тежамкор технологиялар жорий этилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда. Инспекция органи ходимлари томонидан сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, табиий бойликларимизни асраш, ундан тежаб-тергаб фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилиш ҳар бир ҳамюртимизнинг бурчи эканлиги юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Фаррух Хамдамов,

“Ўзагроинспекция”нинг

Иштихон туман бўлими катта инспектори