Глобал иқлим ўзгаришлари, ёғингарчилик миқдори камайиши ва бошқа омиллар таъсирида сезиларли камайиб, эҳтиёж йилдан йилга ортмоқда. Бугун сув Марказий Осиё халқларининг тинчлиги ва фаровонлигини таъминловчи энг муҳим ресурслардан бири экани сир эмас.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари то­монидан сув ресурсларидан оқилона фойда­ланиш, трансчегаравий сувларни адолатли бошқариш ва минтақада сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор муҳим хал­қаро ташаббуслар илгари сурилаётганининг боиси ҳам шу. Ушбу ташаббуслар минтақада барқарор ривожланишни таъминлаш, эколо­гик муаммоларни ҳал қилиш ва давлатлар ўр­тасида ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаш­га қаратилган. Шу жумладан, Президентимиз ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик траст жам­ғармаси ташкил этилиши, БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция­си қабул қилиниши каби қатор самарали саъй- ҳаракатларни эслаш ўринли.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 2025 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган VII Маслаҳат учрашувида давлатимиз раҳбари 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сув­дан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳа­ракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ҳамда Сув хўжалиги соҳасида минтaқавий компе­тенциялар марказини ташкил этиш ташаббус­ларини билдирди.

— Қўшни мамлакатлар билан юритилаёт­ган ниҳоятда оқилона сиёсат натижасида минтақамизда сув хўжалиги соҳасида мутла­қо янги ҳамкорлик муҳити шаклланди. Бу эса барча томонлар манфаатларини тенг ҳисобга олган ҳолда конструктив муносабатларни барқарорлаштириш, трансчегаравий дарёлар­дан самарали фойдаланиш, сув тақсимотини мувофиқлаштиришга мустаҳкам замин ярат­моқда, — дейди сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев. — Ўзбекистон давлатлараро сув ҳамкорлиги механизмларини янада такомил­лаштириш юзасидан минтақанинг барча дав­латлари билан очиқ мулоқотга тайёр.

Жумладан, Сирдарё оқими бўйича Ўзбе­кистондан қуйида жойлашган Қозоғистон билан юртимизни фақат дарёнинг ўзи эмас, бошқа сув манбалари ҳам боғлайди. Мисол учун, Сирдарёдан сув олувчи ва юртимиз­нинг Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан ўтувчи Дўстлик канали орқали Қозоғистон­нинг Туркистон вилояти Еттисой ва Мах­таарал туманларидаги экин майдонлари суғорилади. Чирчиқ дарёси ҳавзасидан Зах, Хонум ва Катта Келес каналлари орқали Қо­зоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч, Қазиғурт туманлари сув билан таъминлана­ди. Қўшни мамлакат ҳудудидаги Чордара сув омборидан Ўзбекистон ҳудудидаги Ар­насой сув омборига сув олиш имкони мав­жуд.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғис­тон ўртасида трансчегаравий сув ресурсла­ридан биргаликда фойдаланиш масалалари конструктив руҳда ҳал этиб келинмоқда. 2025 йил 15 ноябрда стратегик шерикликни мустаҳ­камлаш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари трансчегаравий сув объектлари­дан биргаликда фойдаланиш ва уларни бош­қариш тўғрисидаги битимни имзолади. Айни пайтда битимни амалга ошириш учун зарур ички давлат тартиб-таомиллари мамлакати­миз томонидан якунланди. Ҳужжатнинг кучга кириши учун Президентимизнинг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Битим трансчегаравий сув объектлари­ни бошқаришда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳавий идоралар ўртасидаги ўзаро муносабатларни такомиллаштириш ва икки давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожла­ниши йўлида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатларимизнинг сув хўжалиги соҳаси­даги мутахассислари ўзаро тажриба алмашиб келади. Тошкент шаҳридаги “Сувчилар макта­би”да қозоғистонлик мутахассислар учун ўқув семинари ташкил этиш йўлга қўйилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиёнинг трансчега­равий дарёлари сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича қўшма ишчи гуруҳи фао­лият кўрсатмоқда. Унинг йиғилишларида сув хўжалиги соҳасида қўшма трансчегаравий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, Баҳри тожик сув омборининг иш режимини келишиш каби масалалар кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида ёзги даврда Баҳри то­жик сув омборининг иш режимини келишиш бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мазкур ҳамкорлик ҳар йили ўзбек, қозоқ ва тожик томонлари иштирокидаги ишчи йиғи­лиш баённомаларини имзолаш орқали амалга оширилади. Мисол учун, ўтган йил 30 май куни имзоланган баённомада 2025 йил июнь- август ойлари учун 1142 миллион куб метр ҳажмда сув чиқариш режалаштирилган эди. Амалда эса сув чиқариш ҳажми 1241 миллион куб метрни ташкил этди. Қўшимча сув чиқа­рилиши Сирдарё ҳавзасига кирувчи Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан таъ­минлаш имконини берди.

Амударёдан Сурхондарё вилоятида Аму­занг, Қашқадарё вилоятида Қарши магистрал канали насос станциялари каскади, Бухоро вилоятида Аму-Бухоро машина канали насос станцияси орқали сув олинади. Ўз навбатида, Қарши магистрал канали орқали Туркманистон ҳудудига сув етказиб берилади. Қарши магистрал канали насос станциялари каскадининг 6 та насос станцияси Туркманистон ҳудудида жойлашган. Ўзбекистонлик сувчилар қўшни давлат ҳудудига ўтиб, уларни ишлатади.

Бундан ташқари Қарши магистрал ка­налларидан фойдаланиш бошқармаси, Аму- Бухоро машина каналларидан фойдаланиш бошқармаси тизимида Туркманистоннинг 700 нафарга яқин фуқароси ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда ишлайди.

Туркманистон Амударёдан ўз ҳудудидаги Қорақум ва бошқа каналлар ҳамда кичик насос станциялари орқали сув олади. Ўзбекистон­нинг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Рес­публикаси ҳамда Туркманистоннинг Тошовуз вилояти ҳудудларини сув билан таъминловчи Туямўйин сув омбори эса икки мамлакат че­гара ҳудудларида жойлашган. Ундан чиқари­ладиган сув Туркмандарё ҳамда Чапқирғоқ магистрал каналлари, шунингдек, Туямўйин гидроузелининг пастки қисми, Амударёнинг чап томонидан Хонёп, Жумабой соқа, Қилич­ниязбой ва Қипчоқ-Бўзсув каналлари орқали Тошовуз вилояти ҳудудларига етказиб бери­лади.

Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари ўртасида Сув масалалари бўйича Ўзбекис­тон — Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси ишламоқда. Туркманистон сув хўжалиги соҳаси билан кадрлар тайёрлаш бў­йича ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бугунги кунда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжали­гини механизациялаш муҳандислари институ­ти” миллий-тадқиқот университетида 2000 на­фарга яқин туркман талабаси таҳсил олмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон сув хўжалиги ҳамда энергетика идоралари ўртасида Тўхтағул сув омборида Ўзбекистон ва Қозоғистонда суғориладиган ерларда вегетация даврини барқарор ўтказиш учун зарур бўлган сув ҳажмини тўплашга қа­ратилган уч томонлама ҳамкорлик йўлга қў­йилган. Уч давлатнинг сув хўжалиги ва энер­гетика идоралари раҳбарлари учрашувлари якунлари бўйича Тўхтағул сув омбори сатҳи­нинг критик даражагача пасайиб кетишининг олдини олиш, шунингдек, ўзаро электр энер­гияси етказиб беришни таъминлаш масалала­ри юзасидан мунтазам равишда баённомалар имзолаб келинмоқда.

Сув хўжалиги вазирлигининг Халқаро алоқалар ва Жаҳон савдо ташкилоти масала­лари бўлими бошлиғи Отабек Ҳазратовнинг маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекис­тон Марказий Осиё мамлакатлари билан сув масалалари бўйича алоқаларни Оролни қут­қариш халқаро жамғармаси ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комис­сиясида, сувдан фойдаланиш бўйича ҳуку­матлараро ишчи гуруҳлар доирасида изчил ривожлантиряпти.

Яна бир янгилик. 2026 йил 25-26 март кун­лари Тошкент шаҳрида сув ресурсларини бош­қариш ва сув хавфсизлиги масалаларига ба­ғишланган йирик халқаро форум — “Tashkent Water Week — 2026” ўтказилади. Форум Ўз­бекистон ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилмоқда ва унда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ҳамда биз­нес вакиллари иштирок этиши кутиляпти.

“Tashkent Water Week”нинг марказий тад­бири Халқаро сув форуми ҳисобланади. Фо­рум доирасида Марказий Осиёда сув хавф­сизлиги, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгариши ва сув танқисли­ги, сув инфратузилмасини модернизациялaш, инновацион технологиялар ва рақамлашти­риш каби масалалар муҳокама қилинади.

Шунингдек, форум доирасида сув ва қиш­лоқ хўжалиги, гидроэнергетика ва ресурслар баланси, инновациялар ва рақамли техноло­гиялар, илм-фан ва таълим каби 8 та тематик сессия, тақдимотлар, учрашувлар ўтказили­ши режалаштирилган. Бу тадбир Марказий Осиёда сув ресурсларини барқарор бошқа­риш, сув танқислиги муаммолари ва инно­вацион ечимларни муҳокама қилиш учун муҳим минтақавий платформа бўлиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Пре­зидентининг сув соҳасида нафақат ўз халқи, балки минтақа халқларининг манфаатини кўз­лаб халқаро минбарларда илгари сураётган та­шаббуслари кенг қулоч ёйиб, ўз натижаларини бермоқда. Қўшни давлатлар умумий бойлик ҳисобланган сувдан оқилона фойдаланиш, ре­сурсларни самарали бошқариш ва минтақада сув танқислигини камайтиришдек эзгу мақсад йўлида бир ёқадан бош чиқариб, аҳиллик би­лан зиммаларидаги шарафли вазифаларини адо этаётгани бунинг тасдиғидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири