Давр шиддати, глобализация, ахборот хуружларининг кучайиши ҳозирги кунда авж олганлиги ҳақиқат. Бундай вазиятда очиқ, шаффоф ва ошкора сиёсат олиб бориш давр талаби ҳисобланади. Зеро, давлатимиз раҳбарининг ҳам талаби шу: ҳар бир фуқаронинг мурожаати эътиборсиз қолмаслиги керак.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев навоийлик тадбиркор, “Нур-Султон-Асад” раҳбари Содиқов Норчабойнинг шикоятини ўрганиш мақсадида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов ҳамда "Яйлов хўжалигини ривожлантириш" уюшмаси раиси Эркин Ҳайитов билан учрашди.

Учрашувда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, республикада каврак саноатида масъул этиб Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш Қўмитаси белгиланганлиги ҳамда қарорнинг 6-бандига асосан, Қўмитанинг доимий эгалигидаги яйловлар ҳудудида жисмоний ва юридик шахслар томонидан доривор ўсимликларни, шу жумладан каврак ўсимлигини йиғиш, экиш ва етиштириш Қўмита билан тузилган ижара шартномалари асосида ва унда белгиланган ҳудудларда амалга ошириши тушунтирилди.

Тадбиркор бундан бехабар эканлигини ва Қўмита билан белгиланган шартлар асосида келгусида иш юритишни таклиф этди. Қўмита раиси доимо тадбиркорларни қўллаб-қувватлашини, аммо барча ҳаракатлар қонун доирасида бўлиши шартлигини таъкидлади.

Маълумот учун: “Нур-Султон-Асад” МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан 2021 йил 29 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-модда 3-қисми е-банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.