Қарорга кўра, 2024 йил 1 февралдан қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади.

Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга ажратилади:

  • “ААА”, “АА” ва “А” тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
  • “ВВВ”, “ВВ” ва “В” тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
  • “ССС”, “СС” ва “С” тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;
  • “D” тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.

Рейтинг Солиқ қўмитасининг “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги” электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига тавсия этилади.