2021 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди. Унда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг Қашқадарё вилоятида рақобат муҳити ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг мавжуд захиралари ҳамда истеъмолчилар учун танлов имкониятларини ошириш дастурининг ишлаб чиқилиши бўйича олиб борилган ўрганиш натижалари юзасидан ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, вилоятда 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига тадбиркорлик субъектлари сони 54,8 мингтани ташкил этиб, уларнинг сони йил давомида 17 фоизга ўсган.
Тадбиркорлик ривожи учун қурилиш материаллари, туризм, қишлоқ хўжалиги, маҳаллий саноат каби соҳаларда захиралар бор. Жумладан, саноатни ривожлантиришнинг пахта-тўқимачилик мева-сабзовотларни етиштириш ва қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларида катта имкониятлар мавжуд.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизматининг қайд этишича, мажлисда вилоятда амалга оширилган ишлар қаторида муаммо ва камчиликлар мавжудлиги таъкидланди. Хусусан, йирик саноат салоҳиятига эга вилоятда импорт товарларининг улуши юқори даражада сақланиб қолган. Ички бозорнинг маҳаллий маҳсулотларга эҳтиёжи ўрганилмаган. Тайёр кийим-кечак, чарм ишлаб чиқарувчи корхоналар имкониятларидан самарли фойдаланиш йўлга қўйилмаган.
Талаб юқори бўлган маҳаллий маҳсулотлар билан вилоят ички бозори паст даражада таъминланган. Гипсокартон, турли хил гофрокартон, бир марталик идишлар, қоғоз пакетлар, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги техникалари бутловчи қисмлари, тиш ювиш пастаси ва шампунь, мих маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари мавжуд эмас.
Қорамолчиликни ривожлантириш бўйича йирик салоҳият мавжуд бўлса-да, сут ва сут маҳсулотларининг асосий қисми бошқа вилоятлардан келтирилади.
Вилоятнинг 11 та кичик саноат зонасида етарли инфратузилма ташкил этилмаганлиги, Қамаши, Миришкор, Яккабоғ ва Китоб туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида газ таъминоти режалаштирилмаганлиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар туфайли тадбиркорлик субъектлари ишини ташкил қилишда қийинчиликлар кузатилмоқда.
Яна бир жиҳат. Хизматлар соҳасида 758 та таъмирлаш, 1 078 та ветеринария хизмати ва гўшт дўконлари, 1 214 та ҳаммом ва пойабзал тикиш (таъмирлаш) хизмати, 1 319 та кимёвий тозалаш (химчистка) ва маиший жиҳозларни таъмирлаш, 938 та сартарошхона ва гўзаллик салонлари хизматларига аҳоли ўртасида эҳтиёж бўлишига қарамасдан соҳаларга тадбиркорлик субъектлари жалб қилинмаган.
Давлат харидлари доирасидаги савдоларда рақобатни чекловчи омиллар сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида танлов (тендер) савдоларида 486 та ҳолатда “Рақобат тўғрисида”ги ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилган.
2019-2021 йилларда табиий монополия субъектлари ўз мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда 669 та тадбиркорнинг 90,2 млрд сўмлик манфаатларини чеклашга йўл қўйган. Бундан ташқари, охирги икки йилда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан 164 та рақобатга зид ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва ҳаракатлар амалга оширилган.
Қолаверса, банк тарифларнинг номутаносиб белгиланганлиги ҳолатлари истеъмолчилар манфаатлари чекланишига олиб келмоқда. Тадбиркорлик учун ажратилган банк кредитларидан ишлаб чиқаришга йўналтирилган қисми кам.
Мажлисда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг вилоятда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсияларни назарда тутувчи тегишли қарори қабул қилинди.
Рауф НУРУЛЛАЕВ тайёрлади