Яқинда ТДТУ Олмалиқ филиали жамоаси яна бир ташаббус бошлади. Олийгоҳ ижтимоий-маънавий ҳаётида фаол қатнашган, яхши ўқиши билан намуна бўлаётган талабалар таҳсил олган мактаб жамоаси ва ўқувчилари билан “Талаба ўқиган мактаб” лойиҳаси доирасида учрашувлар ўтказиш режалаштирилди.
Ана шундай дастлабки учрашув Металлургия ва кимёвий технологиялар факультети 3-босқич талабаси Бунёд Маҳмудов таълим олган Ўрта Чирчиқ тумани 47-мактабда ташкил этилди. Тадбирда филиал ва факультет раҳбарияти, ижодкор талабалар гуруҳи, “Ибрат” театр труппаси аъзолари мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари билан учрашди.
Филиал техника йўналишида фаолият юритса-да, ижодкор талабалар раҳбарият ва жамоа томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Олийгоҳда жаҳон стандартлари даражасида таълим бериш учун барча имконият бор, шароитлар етарли. Профессор-ўқитувчилар жамоаси ёшларга мутахассислик сирларини ўргатиш билан бирга ҳар бир иқтидорли талабани эътибордан четда қолдирмай, ўқиш, илмий йўналишлар ҳамда ижод соҳасида қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Ҳар бир таълим муассасасининг энг катта кучи, бойлиги бу унинг иқтидорли, ижодкор талабаларидир. Филиалда ўзининг аъло ўқиши, хорижий тилларни эгаллагани, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши билан Президент стипендиатлари ҳамда номдор стипендиялар соҳиби бўлган талабалар бор.
Тадбирда филиал раҳбари А.Самадов ёшларнинг баркамол инсон бўлиб вояга этишишида ота-она, устозлар, бир сўз билан айтганда, жамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳимлигини, ёшларнинг камол топишида катталарнинг сўзи, ўрни, меҳнати беқиёслигини таъкидлади. Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Назирқулов бугун таълимдаги ислоҳотлар, ёшларга берилаётган имкониятлар ҳақида сўзлади.
Тадбир сўнгида мактаб маъмурияти, ўқитувчилари ва Бунёд Маҳмудовнинг ота-онасига филиал жамоасининг ташаккурномалари ҳамда китоблар тўплами тақдим этилди, дейилади ТДТУ ОФ матбуот хизмати хабарида.