Абдулла Қодирий уй музейида “Ўткан кунлар” асарини инглиз тилига таржима қилган АҚШлик олим, “Дўстлик” ордени соҳиби Марк Риз билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Абдулла Қодирий набираси Хондамир Қодирий, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажидов, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров, ёзувчи, шоиралар ва университет талабалари иштирок этди.

Марк Эдвард Риз меҳнат фаолияти, Ўзбекистонда 1994-1996 йиллар давомида ишлагани, бу даврда кўп вақтини Фарғонада ўтказгани, мутахассис сифатида мактабда иш олиб борганини алоҳида ҳаяжон билан эсга олди.

Олим Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини инглиз тилига таржима қилиш устида 15 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаган. Марк Риз мазкур асарнинг инглиз тилидаги талқини ўзбек ўқувчиларининг инглиз тилини ўрганишида ёрдам беришига умид билдирди. Келгусида Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”, Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асарини инглиз тилига таржима қилишни режалаштирганлигини айтиб ўтди.

Таржимон “Ўткан кунлар” асари ҳақида гапирар экан, ўзбек халқига хос бўлган мардлик, меҳмондўстлик ва вафодорлик хислатларини нафақат АҚШ, балки бутун Европада кенг тарғиб қилишини таъкидлади. Ўзбекистонга келган ҳар бир меҳмон-туристга ушбу таржима китобни тутқазиш ва ўқувчи-талабаларга мазкур ижод маҳсулини тарқатишда амалий кўмак беришини билдирди.

Учрашув якунида Марк Риз университет талабаларини қизиқтирган саволларга жавоб берди ва навбатдаги Ўзбекистонга ташрифида олий ўқув юрти ҳаёти билан яқиндан танишиш учун Тошкент давлат педагогика университетига боришини таъкидлади.