Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамкорлигида “Макроиқтисодий сиёсат юритиш ва унда кадрлар салоҳияти ҳал қилувчи омил” мавзусида семинар ташкил этилди. Бу ҳақида ТДИУ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Унда ректор Қўнғиротбой Шарипов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Макроиқтисодий сиёсат, таҳлил ва прогнозлаш департаменти директори Абдумалик Жалилов ва Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик Қаландар Абдураҳмонов сўзга чиқиб, иштирокчиларни ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича режалари билан таништирдилар.
Таъкидландики, олийгоҳлар ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш, битирувчи талабаларни иш билан банд қилиш, иш берувчилар билан ҳамкорликда вакансия ва амалиёт ярмаркалари, ёшлар билан бизнес учрашувлар ташкил этиш ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
— Бугунги кунда вазирлигимиз олийгоҳлар билан ҳамкорлик тизимини яратиб, талабаларнинг бандлигини таъминлаш борасида тизимли фаолиятни йўлга қўйди, — дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари И. Норқулов. — Бундай имконият илгари талабалар учун орзу бўлган. Ҳозир сизларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, грантлар ва шартномавий келишувлар келажакда ўз соҳангизда самарали илмий ишлар олиб боришингиз, давлатимиз ривожига ўз фарзандлик ҳиссангизни қўшишингиз учун чин маънода катта имкониятлар эшикларини очади.
Бугун олдимизда тезроқ ва сифатли ечимларга олиб келишимиз лозим бўлган бир қанча долзарб масалалар бор. Бу — макроиқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, камбағалликни қисқартириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, рақамли ва инновацион яшил иқтисодиётни жорий қилиш, давлат инвестиция сиёсатини юритиш ва мувофиқлаштириш каби улкан мақсадларни ўзида ифода этади.
— Мамлакат иқтисодиётининг эртанги босқичини сиз ёшлар бошқарасиз. Шунинг учун сиздан қунт билан адабиётларни ўқиш, ўз касбингизни маҳоратли эгаси бўлиш учун фанларни чуқур ва таҳлилий ўзлаштириш талаб этилади, — деди академик Қ. Абдураҳмонов. — Негаки, бугун сизга давлат раҳбари катта ишонч билдириб, мамламакат иқтисодиётнинг сезиларлари қисмини таълим, таълимга ва яна бир бор таълимга ажратмоқда. Бу юксак ишонч, аввало, сизларга катта масъулият юклайди.
Семинар сўнггида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутасаддилари томонидан танлов асосида ишга қабул қилиниш тартиблари ҳақида атрофлича маълумот берилди.