— Назаримда, мазкур учрашув Тошкент тиббиёт академияси тарихида жуда катта тарихий саҳифани очиб берди. Сафарнинг дастлабки кунидаёқ профессор-ўқитувчиларимиз, айниқса, талабаларда мазкур учрашувнинг истиқболига, кейинги ўзгаришларга катта ишонч ва умид уйғонди. Шундай эмасми?

— Мутлақо ҳақсиз. Биргина Дегу хани университети (Daegu Haany University)даги учрашувларнинг ўзиёқ икки томонлама ҳамкорлик алоқаларимизнинг мазмун-моҳиятини белгилаб берди. Сафар давомида Тошкент тиббиёт академияси делегацияси ушбу университетда талабалар учун яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди.

Daegu Haany University Жанубий Кореяда халқ табобати йўналишида фаолият олиб борадиган олийгоҳлар орасида иккинчи, тиббиёт йўналиши бўйича ўтттиз бешинчи ўринда туради. Корея университетлари орасида етакчи 100 таликка кирувчи олий таълим муассасасидир.

1981 йили ташкил этилган университетда айни кунда 7 мингдан зиёд талаба таьлим олмоқда. Университет таркибида бир нечта институт ташкил этилган. Уларда асосан Корея халқ табобати, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳит, маданият, бизнес ва информация, қишлоқ хўжалиги ва дизайнерлик йўналишларида замонавий мутахассислар тайёрланади.

Университет нафақат замонавий технологик имкониятлари, балки тарихий обидалари, халқ табобати ва замонавий косметология асоси бўлган ранг-баранг ўсимликлар мажмуасидан иборат плантациялари, бой кутубхонаси ва янгидан қурилаётган маҳобатли ўқув биноси билан делегациямизда унутилмас таассурот қолдирди.

Қисқаси, сафар фойдали музокаралар, маҳорат дарслари ва дўстона учрашувларга бой бўлди. Икки томонлама келишувларга кўра, янги ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси талабаларига Корея университети ўқув дастурлари асосида дарс бериладиган бўлди.

— Академия ректори А.Шодмонов ҳамда сизга Дегу хани университети фахрий профессори унвони берилгани ҳақидаги хабарни эшитдик. Бундай эътирофдан ОТМ илмий педагогик жамоаси жуда катта фахр туйди. Унвон муборак бўлсин! Шу хусусда ҳам тўхталсангиз.

— Айтишим жоизки, бу эътироф замирида Тошкент тиббиёт академиясининг ҳамкорлик алоқалари, талабалар алмашувини кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, ходимлар малакаси оширишдаги ишончли ва истиқболли режалар ижобати мужассам. Бу нафақат бизга, балки академиямизга билдирилган ишонч ва ҳурмат ифодаси, десам, муболаға бўлмайди.

Шу ўринда Жанубий Кореядаги бир нечта клиникалар фаолияти билан танишув хусусида мулоҳаза юритсам. Хизмат сафари давомида ROEN клиникаси фаолияти ва эришган ютуқларт билан танишдик. Бугунги кунда мазкур клиника Жанубий Кореяда гинекология бўйича бир неча йўналишда илғор. Клиника бачадон фибромиомасини каминвазив даволаш усуллари, гинекологик инфекциялар диагностикаси ва давоси, аёлларда урогинекологик муаммоларни юқори технологик усулларда ҳал қилишга оид тажрибалари натижаси билан дунёга машҳур.

Музокаралар давомида клиника билан ҳамкорлик шартномаси тузишга эришдик. Энди Тошкент тиббиёт академияси ходимлари мазкур клиникада стажировка ўтайди ва орттирган тажрибасини академиямиз клиникаларида амалиётда қўллайди. Сентябрь ойидан бошлаб клиника билан ҳамкорликда Тошкент тиббиёт академиясида турли йўналишларда малака ошириш ва маҳорат дарсларига старт берилади.

— Замонавий тиббиётнинг инсониятга самарали хизмат қилиши салоҳиятли, зарур билим ва кўникмаларга эга, етук мутахассисларга боғлиқ. Шу маънода Жанубий Корея олий таълим муассасалари ва Тошкент тиббиёт академиясининг айнан шу йўналишдаги ҳамкорлиги нималарда намоён бўлади?

— Бугунги шиддатли тараққиёт, тез ўзгарувчан илм-фан янгиликлари барча соҳада бўлгани сингари тиббиётда ҳам чуқур анатомик билимларни эгаллаш ва ҳар куни бирор янгиликни илғаб, амалиёттга татбиқ этишни тақозо этмоқда.

Бу борада тиббиётни рақамлаштириш ва телетиббиётдаги янгича қарашларнинг ўрни беқиёс. Жанубий кореялик ҳамкорлар билан бирга кадрлар тайёрлаш йўналишида амалиётга жорий этаётган лойиҳаларимиз яқин келажакда самара беришига ишонаман.

Бунга мамлакат ОТМлари орасида етакчи 100 таликка кирувчи Корея университети тиббиёт маркази билан танишувимиз чоғида яна бир бор амин бўлдик. Клиника тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, “тиббиёт келажаги”, деб номланаркан.

Клиникада тиббиётнинг бугунгача эришган барча ютуқлари жамланган. У ердаги замонавийлик ва илм интеграцияси ўртасидаги уйғунликни шунчаки таърифлашга сўз ожиз. Уни фақат кўриш керак. Тошкент тиббиёт академияси талабаларига шу маънода омад кулиб боқди. Икки томонлама ҳамкорлик ва дўстона алоқаларимиз сабаб энди талабаларимиз нафақат бу тажрибаларни бориб кўриши, балки ўқув жараёнига татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг бевосита иштирокчисига айланади.

Яна бир ташкилот — KHIDI билан учрашувда академиямиздаги симуляцион марказ фаолиятини такомиллаштириш ва шу ташкилот томонидан яратилган электрон таълим ресурсларидан бепул фойдаланиш масаласи ҳал этилди.

Шу ўринда яна бир муҳим янгилик. Жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда Ўзбекистон — Жанубий Корея тиббиёт форуми ўтказилади. Бу нуфузли анжуманда KHIDI раҳбариятининг иштироки кутилмоқда.

Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби

Гулчеҳра МИРЗАЕВА суҳбатлашди.