Ҳудудлардаги эпидемиологик вазият, таълим даргоҳи ва соғлиқни сақлаш тизимининг вазиятга тайёрлигидан келиб чиққан ҳолда 21 сентябрдан бошлаб, Республика бўйича жами 4 379 та (43,9%) мактаб тўлақонли равишда ишлаяпти.

Мазкур мактабларда 2,1 миллион нафар (34%) ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, улардан 1,5 миллион нафари (72%) анъанавий, қолган 595 минг нафари (28%) онлайн шаклда таълим оляпти.

Мактаб фаолияти тикланмаган ўқувчиларнинг таълим олиши эса «Онлайн-мактаб» лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, мактабларнинг анъанавий шаклда очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал тарзда уларнинг ҳақиқий тайёргарлиги, ҳудуддаги ёҳуд мактабдаги санитария-эпидемиологик вазият, ўқитувчилар орасида коронавирус касаллигининг қайд этилиши ҳамда соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ фақатгина Маҳаллий Кенгаш депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.