Айни кунларда барча ватандошларимиз, давлат ва жамоат ташкилотлари қатори “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари ва депутатлари ҳам Тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этиб, ўзларининг концептуал таклифларини билдирмоқдалар. Муҳокама 15 январь кунига қадар давом этишини инобатга олсак, таклиф ва ташаббусларимиз орқали мамлакатимиз келажагига бефарқ эмаслигимизни, Янги Ўзбекистонни бунёд этишда фаол иштирокимизни кўрсатиш учун айни вақт эканлигини англаб етамиз.

“Миллий тикланиш” демократик партияси ўзининг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, юртимизда таълим ва тарбия соҳасини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратади. Шундан келиб чиққан ҳолда, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да мактабгача таълим тизимида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, 2022/2023 йилларда 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга, 2024/2025 ўқув йили якунига қадар 100 фоизга етказиш, боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш, мактабгача таълим тизимида қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш, мактабгача таълим тизимида молиявий қонунбузарликлар ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ягона ахборот тизимини яратиш каби долзарб вазифаларнинг белгилангани муҳим аҳамиятга эга.

Зеро, Авлоний бобомиз таъкидлаганидек: “Таълим-тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат  масаласидир”. Бу ёндашув ҳар қандай замон ва маконда ҳам тарбия масаласига долзарб вазифалардан бири сифатида қаралганини кўрсатади.

Агар кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар чуқурроқ таҳлил этилса, таълим, айниқса, бирламчи тарбия ўчоғи саналган мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани яққол кўзга ташланади. Бу Янги Ўзбекистонда ҳам таълим-тарбия “ҳаёт-мамот” масаласига айланганидан далолат, албатта.

Шу ўринда “Миллий тикланиш” партияси бола туғилганидан то мактабни тугаллагунгача бўлган даврни ўз ичига олган тарбия ва таълим давлат дастурини ишлаб чиқиш ҳамда “Оила – боғча – мактаб” тизимини йўлга қўйишни таклиф этади. Бунда оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш ва тарбияни тўғри ташкил этиш учун 18 ёшгача фарзандлари бўлган ота-оналарни қўллаб-қувватлаб, уларга алоҳида мақом ва масъулият юклатилади.

Шу ўринда мактабгача таълим ташкилотларининг давлат томонидан молиялаштирилиши ва боғча давридаги охирги йилнинг мажбурий бўлиши ҳам ниҳоятда муҳим эканини айтиш жоиз. Бу жараёнда энг аввало, тарбиячиларнинг иш ҳақлари оширилишига, улар учун йиллик сертификация жорий этилиб, боғча гуруҳларда болалар сонини 15 нафардан ошмаслигига эришиш лозим.

Соҳада педагогларни танлаш ва тайёрлаш тизиминитубдан ислоҳ этиш, ушбу йўналишда психологик тества ижодий имтиҳонларни жорий қилиш, олий таълимтизимида “Мактабгача бўлган даврда тарбиявий ишларни ташкил қилиш” ва “Мактабда тарбиявий ишларни ташкил қилиш” ихтисосликларини жорий қилиш ҳам кун тартибида турган муҳим вазифалардан биридир.

Шу билан бирга, ота-она ва болаларни ижтимоий ҳаётга, шунингдек, мактабгача таълим босқичигача тайёрлашга қаратилган “Ёш ота-оналар мактаби” ва “Оилада тарбиявий ишларни ташкил этиш” каби махсус курслар фаолиятини йўлга қўйишни ҳам таклиф қиламиз.

Зеро, XXI аср глобаллашув жараёнларида маънавий таназзул инсониятнинг тарбия борасидаги хатолари натижаси, дея эътироф этилмоқда экан, давр биздан мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, огоҳлик ва сезгирликни оширишни талаб этаётганини ўз вақтида англаб етмоғимиз зарур.

Тан олайлик. Бугунга келиб, ривожланган ва демократик давлатларда ҳам ёшлар тарбияси масаласи кун тартибидаги муҳим вазифалардан бирига айланди. Бу борада барча давлат ва жамиятлар яна ўзларининг миллий қадриятларига мурожаат қилмоқдалар. Ана шуларни эътиборга олган ҳолда Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида тарбия ва таълим масаласига устувор масала сифатида эътибор қаратилгани барчамизни беҳад қувонтиради. Ва бизнинг таълим ва тарбия Учинчи Ренессанс пойдевори бўлишига ишончимиз комил.

Дониёр Тошбоев,

ЎзМТДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи