Бугунги кунда юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. Ушбу лойиҳа доирасида ёшларни таълим, фан, маданият ва спортга фаол жалб қилиш қаторида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда ўз ўринларини топишига катта кўмак берилмоқда.

Айни ёз фаслида мазкур лойиҳага старт берилгани бежиз эмас. Чунки ёзда мактаб ўқувчиларининг ҳамма­си ҳам оромгоҳларга қамраб олинмайди. Жами ўқувчи­ларнинг тахминан 20-30 фоизи дам олиш оромгоҳла­рига боради, яна 15-20 фоиз болалар қўшимча тўгарак ва машғулотларга жалб қилинади. Аммо кўпчилик ёшлар, айниқса, мактаб ўқувчилари ёзнинг тўлиқ уч ойини уйда ўтказади. Натижада уларда смартфон ва интернетга қарамлик кучаяди. Ота-оналарнинг ишда эканини инобатга олсак, кўп ёшлар кундузи қаровсиз қолади. Бу ҳолат нафақат мактаб ўқувчилари, балки олий таълим муассасалари талабалари орасида ҳам ку­затилади. Айримлари ишласа, аксарияти турли ижти­моий тармоқларга боғланган ҳолда телефонга банд бўлиб қолади.

Айнан мана шундай шароитда ёшларга маънавий кўмак бериш, уларни ижодий, таълимий ва касбий фа­олиятга жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳамкорлик. Бугунги кунда барча таълим муасса­саларида ёшлар учун фан, спорт ва касб тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, Тошкент дав­лат техника университети Олмалиқ филиалида ҳам “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида бир қатор маъ­навий-маърифий ва амалий тадбирлар ташкил этил­моқда. Жумладан, мактаб битирувчилари учун давра суҳбатлари, пайвандлаш тўгараклари, кўчма лаборато­риялар ҳамда турли фанлар бўйича семинар-тренинглар ўтказиляпти. Битирувчи ёшлар университетдаги замонавий лаборатория ва ўқув хоналари фаолияти билан яқиндан танишиш, билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш имконига эга бўлмоқда.

Бундай ҳамкорликдаги фаолият ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни келажакда рақобатбардош кадр сифатида тайёрлашда муҳим қа­дам бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, дастур доирасида ёшларнинг маъна­вий-ахлоқий қиёфасини шакллантиришга қаратилган психологик тренинглар ҳам ташкил этилди. Маҳалла­лар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, учрашувлар уюштирилмоқда. Бу тренинглар­да стрессни бошқариш, руҳий барқарорликни сақлаш ва ҳаётдаги муаммоларни енгиб ўтиш борасида ёшлар­га аниқ йўл-йўриқлар берилмоқда. Яъни Тошкент дав­лат техника университети Олмалиқ филиалида айни пайтда ёшлар учун инглиз тили ва IT тўгараклари ишлаб турибди. Маданий-маърифий тадбирлар, психо­логик тренинглар, маҳаллаларда очиқ мулоқотлар, ёзги спорт тадбирлари ўтказилмоқда.

Саломатлик. Ёз ойларида жисмоний фаолликни ошириш, спортга бўлган қизиқишни кучайтириш учун таълим муассасалари спорт майдонлари ва заллари ёшлар ихтиёрида. ОТМ ва мактаблар ҳамкорлигида ёшларда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида спортнинг турли йўналишларида мусобақалар ташкил этилмоқда.

Фаоллик. “Долзарб 90 кун” лойиҳаси ёшлар учун фақат вақт ўтказиш эмас, балки келажак ҳаёти учун зарур кўникмаларни шакллантириш, билимларни бойитиш, ижтимоий фаолликни ошириш йўлидаги ул­кан имкониятдир. Ҳар бир устоз, таълим муассасаси ва маҳалла раиси бу жараёнда фаол иштирок этиши, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришда ўз ҳиссасини қўшиши бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Алишер САМАДОВ,

ТДТУ Олмалиқ филиали директори,

техника фанлари доктори, профессор