Жорий йилги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш доирасида 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада бажарилиши лозим бўлган аниқ ишлар белгиланиб, бунга 18 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига қўшимча 300 миллион доллар ажратилган. Натижада, биргина ичимлик сув таъминоти соҳасида 1 минг 400 километр тармоқлар қурилди ва реконструкция қилинди, 8,5 минг километр ички йўллар таъмирланди. Ўтган даврда 2 минг километр электр тармоқлари тортилиб, 1 мингта трансформатор янгиланди.
Шунга қарамасдан барча соҳалар ва ҳудудларда ишлар бир хилда сифатли бажарилмаётганини танқид қилган давлатимиз раҳбари икки ҳафта муддатда барча объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини якунлаб, қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берди.
Унга кўра, боғча, мактаб, оилавий шифокор пункти, поликлиника каби ижтимоий соҳа объектлари бўйича лойиҳа ҳужжатлари бир ҳафта муддатда якунига етказилиши керак бўлади.