Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирда сўз юритилди. Ушбу қонун лойиҳасида тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаларини тегишли органларсиз расмийлаштириш назарда тутилган.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги томонидан 2018 йилда 13701 та ва 2019 йилда эса 24005 та тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси расмийлаштирилган. Аммо суд томонидан уларнинг ҳар бири учун камида бир ой вақт сарфланяпти ва бу ўз навбатида одамларнинг ортиқча сарсон бўлиши, қўшимча харажат қилишига сабаб бўляпти. Шу боис, ушбу лойиҳа тайёрланган. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли учун бир қатор қулайликлар яратади, ортиқча қоғозбозлик, оворагарчиликка чек қўяди.