Айни пайтда университетда 6 мингдан зиёд хотин-қизлар ўқийди. Уларнинг салкам минг нафари оилали, талаба-оналарнинг 700 нафардан ортиғи боғча ёшидаги болаларни тарбияламоқда.

Сенат раиси таълим даргоҳида ташкил этилган Гендер тенглик ва гендер тадқиқотлар маркази фаолияти билан ҳам танишиб, илмий изланишлар олиб бораётган талабалар, профессор-ўқитувчилар билан суҳбатлашди.

Марказда мамлакатимиз олий ўқув юртлари, хориждаги 15 дан ортиқ нуфузли таълим муассасалари билан илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Энг долзарб мавзуда илмий семинарлар, онлайн мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.

Олтиариқ туманининг Бўрбонлиқ қишлоғи адирларидаги қаровсиз ерлар яқин-яқингача ҳам «одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куяди», деган таърифга мос эди. 2019 йили шу қишлоқда яшовчи, бир неча йиллар Тошкент шаҳридаги иссиқхоналарда ёлланма ишчи бўлиб юрган Мавсумжон Умаров ташаббуси билан «Мавсум агро логистика» ёшлар кооперацияси ташкил этилди. Айни кунда сувсиз, тош-шағалдан иборат 70 гектар иссиқхонада учинчи сектор ташаббуси билан 7 та тик қудуқ қазилди, томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.

Танзила Норбоева кооперация аъзоси сифатида иссиқхонада меҳнат қилаётган ўнлаб ёшлар билан суҳбатлашди. Уларнинг аксарияти хорижда сарсон-саргардон юрган, ишсизлигидан оиласи тирикчилигига бакор келмаётган навқирон йигит-қизлар эди.

Олтиариқнинг асрий қум-барханлари қўйнида унган гул – Фарғона, Ўзбекистон лоласи. Тўрт фаслда ҳам шамол оч бўридек увиллаб кўзингизни очирмайдиган, ёввойи ҳайвонлар макон тутган дала-даштларни бугунги файзу таровати бунёдкори Лолахон Муротованинг боғ-шийпонидаги мароқли суҳбат. Сенат раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муротова бошчилигида ташкил этилган «Ёш фермерлар мактаби» аъзоси бўлган қизлар билан дилдан суҳбатлашди.

— Лолахон Муротова том маънода деҳқончилик илми профессори, меҳнаткаш, оқила ўзбек аёлининг ёрқин тимсоли, — деди Танзила Норбоева. – Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, Фарғона водийси деганда кўз ўнгимизда, энг аввало, ҳамиша ер билан тиллашадиган, диллашадиган Лолахон опа гавдаланади. Ишонаманки, ёш фермерлар мактаби тажрибаси бутун мамлакатимиз миқёсида ибрат намунаси бўлади.

Фермерликка қизиқаётган олтиариқлик мактаб битирувчилари Зарифа Сиддиқова, Гулсанам Мамарўзиева каби ўнлаб ёшларнинг саволларига жавоб тариқасида Лолахон опа бундай ҳурмат-эътиборга эришиш осон бўлмаганини таъкидлади.

Файзли дала шийпонидаги учрашув шукуҳи барчада унутилмас таассуротлар қолдирди.