Жумладан, 22-23 апрель кунлари Э.Туляков Фарғона вилоятида бўлиб, вилоятнинг Ёзёвон тумани ҳамда Қувасой шаҳридаги ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, жойларда тадбиркорликни кенгайтириш орқали иш ўринлари яратиш, бунда ҳудуднинг инфратузилмасини яхшилаш борасида секторлар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қартиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг 2 апрель куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича «маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла» принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинди. Мазкур тизимнинг асосий йўналиши муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳисобланади. Фармонга кўра, фуқаролар йиғинлари раислари томонидан ҳар чоракда долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотлар секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига тақдим этиб борилмоқда.
– Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди, зеро одамларнинг кичик муаммоси ҳал бўлса, катта ютуқларга олиб келади – дейди Э.Туляков. – Аксинча бўлса, улар йиғилиб, сезиларли ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида эса, юзлаб инсонлар ҳаётидаги ўзгариш, янгиланиш мужассам. Одамларни рози қилиш бугунги ислоҳотларнинг асосий мезони саналади. Шу сабабли бугун замон билан ҳамқадам юриб, мавжуд муаммоларга ечим топишга, одамларнинг дарду қувончига шерик бўлишга сидқидилдан ҳаракат қиляпмиз. Ижтимоий эҳтиёжманд қатламга, доимий даромаддан маҳрум бўлган инсонларга кўмак беряпмиз. Маҳаллий раҳбарлар, депутатлар ҳам кўп вақтини одамлар орасида ўтказса, мавжуд муаммоларга ўз вақтида ечим топса, фуқароларимиз адолат ва ҳақиқатнинг қудратига, ҳаётга ва келажакка ишонади.
Аҳоли муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароити ва ҳаёт сифатини яхшилаш бугун давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боис, маҳалла фаоллари томонидан кўтарилган масалалар жойида туман мутасаддилари билан биргаликда ўрганилиб, белгиланган тартибда қаноатлантирилмоқда.
Алоҳида қайд этиш жоизки, Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқурроқ ўрин олаётган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойили юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда.
«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати