Интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдор, серғайрат, ватанпарвар йигит-қизлар мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади.  Юртимизда бу йил бешинчи марта нишонланадиган Ёшлар куни мана шундай навқирон авлод вакилларининг ташаббус ва ғояларини рўёбга чиқаришда ўзига хос рағбатлантирувчи механизм вазифасини ўтаяпти.

Назаримда, “Янги Ўзбекистон” ғоясининг моҳияти ҳам ёшлар билан ишлаш борасида яратилган янги тизимда ёрқин намоён бўлади. Энг аввало, шахсан давлатимиз раҳбари, қолаверса, вазирлар ва ҳокимлардан маҳалла раисигача — ҳамманинг фаолияти меҳварида ёшлар билан ишлаш асосий ўрин тутяпти. Ҳар бир мутасадди раҳбар ўз олдига “Бугун ёшлар учун нима иш қилдим? Яна нима қила оламан?” деган саволларни қўйиб яшамоқда, ишламоқда.

Янгича ёндашув, ўзига хос услуб

 Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони имзоланганидан бугунга қадар мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш тизими кўплаб босқичлардан ўтди. Энг муҳими, бу йўлда жарангдор, ҳавойи шиорлардан воз кечилиб, ёшларнинг ўзи билан бевосита мулоқот қилиш, муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш бўйича салмоқли ишлар бажарилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича ўзига хос бурилиш ясаб, ягона вертикал тизимни яратишда мустаҳкам асос бўлди. Ҳар битта маҳаллага тенгдошларининг дарду ташвишини яхши тушунадиган, муаммосини ҳал этишга кўмаклашадиган, ютуқларини рағбатлантиришга лаёқатли, ёш ва интилувчан кадрлар орасидан танланган ёшлар етакчилари тайинланди.

Улар орқали маҳаллалардаги ёшлар муаммолари тўрт босқичда — маҳалла, туман, ҳудуд, мамлакат даражасида ўрганилиб, ҳал этиладиган яхлит тизим яратилди. Бу тизим орқали юз минглаб ёшларни билим олиш, тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқтириш, бандлигини таъминлаш кўзда тутилди ва ўтган даврда муайян натижага эришилди ҳам.

Бундан ташқари, ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ҳукуматнинг 2022-2023 йилларга мўлжалланган алоҳида дастури қабул қилинди. “Энг фаол маҳалла етакчиси” кўрик-танлови ташкил этилиб, юқори натижага эришган ёшлар етакчисига Президент совғаси сифатида автомашина берилди. Бу йил мазкур мукофот билан Фарғона вилояти Сўх туманидаги “Шарқобод” маҳалласининг ёшлар етакчиси Шоҳжаҳон Раҳимбердиев тақдирланди.

Мавжуд имтиёз ва имкониятлардан ҳамма ёшлар тенг фойдаланиши учун “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастури” амалга ошириляпти. Мазкур дафтар орқали кўрсатиладиган ёрдам тури 11 тадан 25 тага етказилди. Ўн уч йўналишдаги имтиёзлар ёшлар етакчиларининг тавсияси асосида йигит-қизларга тақдим этилмоқда.

Тизимни рақамлаштириш, имтиёзларнинг шаффофлигини таъминлаш, жойларда бажарилаётган ишларни уч босқичда мониторинг қилиш имконини берувчи “yoshlardaftari.uz” ягона электрон платформаси ишга туширилиб, “Ёшлар дафтари”ни юритиш жараёни тўлиқ электронлаштирилди.

Шу йил бошидаги хатлов ва ўрганишлар натижасида “Ёшлар дафтари”га 182 минг 620 нафар ёш киритилди. Касб-ҳунар ўргатиш, имтиёзли кредитлар, ер ва субсидиялар ажратиш ҳамда ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш натижасида жорий йил бошидан буён 135 минг 470 нафар йигит-қизга кўмак берилди. Имконияти чекланган ва тиббий ёрдамга муҳтож 47 минг 150 нафар ёшлар доимий назоратга олинди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)да молиявий манбалари аниқ белгиланган алоҳида жамғармалар ташкил этилди ҳамда йил бошидан жамғармаларда 278,9 миллиард сўм маблағ шакллантирилди. Ушбу маблағ ҳисобидан “Ёшлар дафтари”га киритилган 38 минг ишсиз йигит-қизга ускуна, меҳнат қуроллари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун субсидиялар ажратиш, нотурар жойлар ижараси кабилар учун 195,4 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилди.

Ёшлар муаммолари ва мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизми жорий этилиб, “yoshlardaftari.uz” электрон платформаси ёки “1093” қисқа рақами орқали онлайн ариза қолдириш ва мурожаат ҳолати тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида кўплаб йигит-қизларнинг муаммоси ижобий ҳал этилиб, ташкилий, моддий жиҳатдан кўмак берилди. Эҳтиёжга муносиб даромад керак. Бунинг учун эса...

Бугун ёшларнинг бандлигини таъминлаш нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда долзарб масала. Аксига олиб, бу қатламнинг куч-ғайрати ва шижоатига мутаносиб тарзда моддий эҳтиёжи ҳам юқори. Шахсий ҳаётини нолдан бошлаши керак. Олдида уйланиш, бошпанали бўлиш, рўзғор тебратиш ва бошқа масалалар туради. Бу муаммоларни ечиш учун муносиб иш ўрнига эга бўлиш керак. Яхши маош тўлайдиган ташкилотлар касби, ҳунари бор одамни ишга олади. Шу боис, бу йўналишда ҳам муайян натижаларга эришилди. Жойларда мономарказлар ташкил қилиниб, энг кўп қизиқиш билдирилган тикувчилик, қандолатчилик, бухгалтерия, аёллар сартароши, электр устаси, инглиз тили мутахассислиги, веб-дастурлаш каби соҳалар бўйича 834 нафар тинг ловчи касб-ҳунарли бўлди. Шу йилнинг 31 май ҳолатига кўра, айни пайтда ўқув жараёни давом этаётган йўналишларда 525 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Демак, яна шунча юртдошимиз ишли бўлиш имконига эга.

Эсингизда бўлса, давлатимиз раҳбари қишлоқ жойлардаги ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун ер ажратиш тўғрисида топшириқ берганди. Ўтган йиллар давомида бу тажриба ўзини оқлади. Ишлаб чиқариш билан шуғулланиш имконияти етарли бўлмаган ҳудудда яшовчи йигит-қизлар ўзларига бириктирилган томорқадан унумли фойдаланиб, моддий шароитини яхшилаб олди. Эзгу ташаббус давом эттирилиб, бу йил ҳам деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги 132 мингга яқин ёшга 27,5 минг гектар экин майдони ажратилди. Яна 42,1 минг нафар йигит-қизга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 1 триллион 88,3 миллиард сўм имтиёзли кредит берилди.

Хусусий корхона ва ташкилотларда 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимларни ишга қабул қилишни рағбатлантириш мақсадида 3,5 мингта корхонага 50 миллиард 63 миллион сўм ижтимоий солиқ суммаси бюджетдан тўлиқ қайтариб берилди. Н атижада ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси 3 фоиз қисқарди, ёш тадбиркорлар сони 180 минг нафарга кўпайди.

Президентимиз яқинда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Ўзбекис тон — ижтимоий давлат” деган ғояни асосий қонун билан мустаҳкамлаш таклифини илгари сурди. Бу ғоя замирида инсон қадрини улуғлаш турганини барча теран ҳис этади. Зотан аҳолининг барча қатламини, хусусан, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсатининг узвий қисмидир. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 30 июлдаги “Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Темир дафтар”га киритилган 90,8 минг оиланинг 18 ёшга тўлмаган 195,3 минг нафар фарзандини қишки кийим-кечак ва ўқув қуроллари билан таъминлаш учун 97,6 миллиард сўм тарқатилди.

Янги овоз, янги иқтидор

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан. Шунга монанд бу йил ҳар бир маҳаллада китобхонлик, маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ҳамда спорт турлари бўйича кенг кўламли “Беш ташаббус олимпиадаси” ўтказилди. Мусобақаларга 6,2 миллион ёш қамраб олинди. Олимпиада доирасида ташкил этиладиган 8 та йирик танлов ва мусобақа маҳалла, секторлар, туман (шаҳар), ҳудудий, республика миқёсида ташкил этилди. “Беш ташаббус олимпиадаси”га 5 та муҳим ташаббусдаги барча йўналишлар қамраб олинган. Мисол учун, ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида апрельмай ойларида “Ёшлар овози” ҳамда апрель-июнь ойларида “Қувноқлар ва зукколар” танловлари ўтказилди.

Янги ширали овоз эгаларини кашф этишга хизмат қилаётган “Ёшлар овози” танловининг мамлакат босқичи Бўзатов тумани ҳамда Нукус шаҳрида ўтказилди. “Бўзатов ФЕСТ” — “Ёшлар овози” танловида 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган 238 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз уч ёш тоифасида ўз истеъдодини намойиш этди. Ғолибларга учта ўрин бўйича 50, 30, 20 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди. Бундан ташқари, республика босқичида иштирок этган барча (ғолиблардан ташқари) иштирокчилар кафолатланган 10 миллион сўм билан рағбатлантирилди.

Жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасидаги қобилиятини намоён этиши учун шароит яратиш, оммавий спортни ривожлантириш мақсадида маҳаллалардаги ёшлар ўртасида футбол, мини футбол, волейбол, енгил атлетика, стритбол, шахмат-шашка, стол тенниси ва “Street workout” бўйича мусобақалар ўтказилди. Мусобақалар 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида беш босқичда, 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган ёшлар орасида эса маҳалла, туман-шаҳар босқичида ташкил этилди. Қувонарлиси, давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан ушбу спорт турлари жорий йилдан бошлаб, ҳар йили анъанавий тарзда 30 июнь — Ёшлар куни ҳамда декабрь ойидаги “Ёшлар форуми” доирасида беш босқичли  оммавий спорт мусобақалари тарзида ўтказиладиган бўлди. Мазкур қарор билан 2023 йил 1 мартдан бошлаб олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими ҳам жорий қилинади.

Ақл гимнастикасида ҳам фаолмиз

Шахмат ақлий фаолиятни яхшилайди. Шунинг учун бўлса керак, ёшлар орасида ушбу спорт турига қизиқиш тобора ортяпти. Айни пайтда Ёшлар ишлари агентлиги бу спорт тури бўйича ҳам қатор танловлар ўтказиб келмоқда. Хусусан, агентлик ҳамда “Sky Chess” шахмат мактаби ҳамкорлигида “Chess club” лойиҳаси доирасида илк маротаба “Black and white” (Қора ва оқ) турнири ташкил этилди.

 25-26 июнь кунлари Ёшлар ишлари агентлигининг яна бир йирик лойиҳаси — соврин жамғармаси 880 миллион сўм бўлган “Ёшлар ишлари агентлиги кубоги” республика шахмат турнири финал босқичи Қизилтепа туманида жойлашган Тўдакўл мажмуасида бўлиб ўтди. Унда турнирнинг маҳалла, сектор, туман ва вилоят босқичларида сараланган 56 нафар иштирокчи қатнашди. Бундан ташқари, май ойида юртимизда ўтказилган “Марказий Осиё ёшлар форуми” доирасида халқаро ёш шахматчилар турнири ташкил қилинди. Мукофот жамғармаси 110 миллион сўм бўлган турнирда 33 нафар шахматчи куч синашди. Бу йил ҳисобида шахмат бўйича ютуқларимиз бисёр. Жумладан 21-29 май кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида бўлиб ўтган “5th Sharjah Masters International Chess Championship — 2022” халқаро шахмат турнирида Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Ҳумоюн Бекмуродов каби бир қанча ёш шахматчилар юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. 31 давлатдан 100 га яқин шахматчи дона сурган мусобақа натижаларига кўра, 9 имкониятдан 7 очко тўплаган Нодирбек Абдусатторов чемпионлар сафидан жой олди. Нодирбек Абдусатторов ўтган йили ҳам FIDE жаҳон чемпионатида шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони бўлиб, шахмат тожини юртимизга олиб келганди. Яқинда эса, Малдив давлатининг Укулхас оролида 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида нуфузли Ғарбий Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда 19 нафар ёш шахматчимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Ўзбекистонлик шахматчилар 10 та олтин, 8 та кумуш ва 5 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Мазкур турнирда 170 га яқин шахматчи қатнашган. Қувонарлиси, шахматчи қизларимиз Умида Омонова ҳамда Афруза Ҳамдамова Ғарбий Осиё чемпионатидаги барча йўналишда олтин медалларни қўлга киритиб, Ғарбий Осиё чемпионати мутлақ ғолиби бўлди.

Китобхонлик эскирмайди

 Китоб инсоният тафаккурининг дурдонасидир. У боболарнинг ақл-заковати маҳсулини авлодларга ташийди. Шу боис, ёшлар орасида мутолаа маданиятини шакллантириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш оммавий тус оляпти. Жумладан, “Зукко китобхон” интеллектуал ўйини, “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила” ҳамда “Мушоира” танловлари ўтказиляпти. “Ёш китобхон” республика танлови бошланган 2017 йилдан бугунга қадар 3 миллион нафардан ортиқ ёшни қамраб олди. 2017 йилда беллашувда қатнашиш учун аризалар сони 240 мингтани ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 555 мингдан ортди. Шу рақамнинг ўзиёқ ўғил-қизларнинг китоб мутолаасига қизиқиши, танловга ишончи йилдан-йилга ошаётганини кўрсатади.

Маҳалладаги уюшмаган ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида бу йил биринчи бор ўтказилди. Баҳслар беш босқичда ташкил этилди. Тошкент шаҳри финал баҳсига мезбонлик қилди. Унда 14 та ҳудуддан 42 та жамоа иштирок этди. Соврин жамғармаси 200 миллион сўмлик беллашувларда ўз ҳудудининг заковатлилари муросасиз курашди. Якунда эса, Пайариқ туманининг “Сорисув” маҳалласи ғолиб бўлиб, 100 миллион сўмни қўлга киритди.

Кўриниб турибдики, ёшларни рағбатлантириш, интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар сони ва сифати йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, бу йил барча танлов ва мусобақаларимизнинг соврин жамғармалари сезиларли даражада ошган. Бу эса ёшларни мутолаага янада кўпроқ киришишга, спорт билан мунтазам шуғулланишга, ўз устида тинимсиз ишлашга ундамоқда. Энг муҳими, ана шундай амалий ишларимиз туфайли юзлаб ёшлар кўплаб жабҳада юқори марраларни забт этиб, юртимиз довруғини дунёга таратишда муносиб ҳисса қўшмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улкан марраларни ўз олдимизга қўйганмиз. Бундай юксак мақсад йўлида ёшлар мамлакатнинг мустаҳкам таянчи, пўлат қанотига айланиши зарур.