Шунингдек, норматив-ҳуқуқий соҳада қонунчиликнинг шаффофлиги, ўзаро мувофиқлиги ва самарадорлиги, мулк дахлсизлигини таъминлаш ва битимларни суд-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг такомиллаштирилиши борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Буларнинг ҳаётдаги самарасини биргина макроиқтисодий сиёсат йўналишида сўнгги етти йилда амалга оширилган ислоҳотларда яққол кўришимиз мумкин. Жумладан, жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган қийинчиликларга қарамасдан, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўртача йиллик ўсиши 2017–2022 йилларда 5,1 фоизни ташкил этди.
Бу кўрсаткичнинг ўзаро қиёсига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур даврда жаҳон иқтисодиёти ўртача йиллик 2,8 фоизга, ривожланаётган давлатлар 3,6 фоизга, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари эса 4,5 фоизга ўсганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми 2018 йилдаги 1 минг 597 доллардан 2022 йилда 2 минг 255 долларгача ошди.
Ушбу даврда 120 миллиард долларлик асосий капиталга инвестициялар киритилди, кредит қўйилмалар ҳажми 3,6, консолидациялашган бюджет харажатлари 4 баробар ошиб, инфляция даражаси 2017 йилдаги 18,8 фоиздан 2022 йилда 12,3 фоизгача пасайди. 2017 йилда бошланган “захиралар нейтраллиги” принципи қўлланилишига қарамасдан, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ҳажми 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, 35,8 миллиард долларни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 1,3 баробар ошди.
Валюта бозорини эркинлаштириш самаралари
Қисқа давр ичида мувофиқлаштирилган макроиқтисодий сиёсат юритиш, рискларни бошқариш ва барқарорликни таъминлаш ҳамда иқтисодий сиёсатни шакллантиришда улардан фойдаланиш механизми жорий қилинди. Жумладан, банк тизимидаги таркибий номутаносибликларни бартараф этиш йўналишида қўйилган энг муҳим қадамлардан бири ички валюта бозорининг эркинлаштирилиши ҳамда бу борадаги барча мавжуд муаммо ва тўсиқларнинг бартараф этилиши бўлди. Валюта бозорининг эркинлаштирилиши натижасида параллел бозор (қора бозор) курсига барҳам берилди ва валюта курсининг барқарорлиги таъминланди. Бу эса, валюта операцияларини эркин амалга оширишда интернет ва онлайн банкинг хизматларидан фойдаланиб, уйдан чиқмаган ҳолда валюта харид қилиш имкониятини яратди.
Таққослаш учун келтириб ўтамиз: 1998–2017 йилларда норасмий бозорда валюта алмашинув курсининг йиллик қадрсизланиши ўртача 20-30 фоиз бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2017–2022 йилларга келиб 6–7 фоизни ташкил этди. Натижада жисмоний шахслар томонидан айирбошлаш шохобчалари орқали хорижий валюта сотиш ҳажми 2022 йилда 2017 йилга нисбатан 14 баробар ошиб, 11,9 миллиард долларга ҳамда хорижий валютани сотиб олиш ҳажми 8,9 миллиард долларга етди.
2020 йил 1 январдан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказилиши белгиланди ва инфляция даражасини 2024 йил якуни билан 5 фоиз даражага тушириш мақсадини (таргет) ўрнатиш тизими йўлга қўйилди. 2018 йилда ифляция даражаси 18,8 фоизни ташкил этган бўлса, инфляцияни таргетлаш сиёсати натижаси ўлароқ, 2020 йилда истеъмол нархлари индекси даражаси 11,1 фоизга тушди. 2023 йил якунига келиб 9,5–10 фоиз ва 2024 йил якунига қадар 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга эришиш кутиляпти.
Шу билан бирга, фискал сиёсат самарадорлигини ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, ташқи шоклар ва ислоҳотлар натижасида юзага келадиган йўқотишларни бошқаришнинг етарлича мослашувчан шарт-шароитларини таъминлайдиган фискал қоидалар ишлаб чиқилди.
Банк тизими барқарорлигини таъминлаш ва рискларни бошқаришга асосланган банк тизимини назорат қилишнинг пруденциал тизими йўлга қўйилди. Халқаро молиявий ташкилотларни жалб қилган ҳолда банк тизимини назорат қилишнинг Халқаро Базел қўмитаси талабларига мувофиқлаштириш чоралари кўрилди. Хусусан, сўнгги 7 йил давомида банкларнинг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, шу жумладан, давлат улушига эга банклар капиталига 4,8 миллиард доллар маблағ йўналтирилиши ҳисобига уларда етарли миқдорда макропруденциал буферлар шакллантирилди.
Банк тизими жами капитали 2017 йилга нисбатан 8,9 баробар, шу жумладан, устав капитали 14,2 баробар ошиб, мос равишда 80 триллион сўмга ва 59 триллион сўмга етди. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш усуллари ва механизмларининг ўзгарганлиги ҳамда уларга ишончнинг ортиши ҳисобига ушбу даврда банклардаги депозитлар умумий ҳажми 3,8 баробар, жумладан, аҳоли омонатлари 5,6 баробар ошди.
Қулай бизнес муҳити — тадбиркорлик ривожининг муҳим асоси
Тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва доимий иш ўринларини яратиш мақсадида 2017–2022 йилларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, бизнес юритишни енгиллаштириш, маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш, лицензиялаш жараёнини соддалаштириш, тадбиркорларга молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўрилди. Мустаҳкам ҳуқуқлар янгиланган Конституция нормалари билан алоҳида белгилаб қўйилди.
Натижада бизнесни давлат рўйхатидан ўтказиш учун талаб этиладиган тартиботлар сони 3 тагача, сарф қилинадиган вақт эса 5,5 кундан 3 кунгача қисқарди, шунингдек, рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар 3,2 фоиздан (аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад улуши) 2,2 фоизгача камайди.
Тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш учун 37 турдаги лицензия ва 10 турдаги рухсатнома бекор қилинди. 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бошқа ҳужжатлар билан бирлаштирилиши орқали қисқартирилди. 31 та лицензия ва рухсатнома олиш ўрнига хабардор этиш тартиби ўрнатилди. Электр таъминотига уланиш учун тартиботлар сони 7 тадан 4 тагача, харажатлар эса 3 баробар камайди.
Бизнес ва соғлом рақобат муҳитини яхшилашга қаратилган фаол солиқ сиёсати олиб бориш учун солиқ маъмурчилиги соддалаштирилиб, солиқ юки қисқартирилди. Жумладан, солиқ турлари 13 тадан 9 тага, солиқ текширувлари турлари 13 тадан 2 тага қисқартирилди. Солиқ ҳисоботи шакллари, шунингдек, уларнинг иловалари 15 тадан 11 тага камайди. Айланмадан давлат мақсадли жамғармаларга жами 3,2 фоизли олинадиган мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Ягона ижтимоий тўлов ставкаси кичик корхоналар учун 15 фоиздан 12 фоизгача, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналаридан ташқари йирик корхоналар учун 25 фоиздан 12 фоизгача, фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 12 фоизгача, юридик шахсларнинг мол-мулкига cолинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга пасайтирилди.
Шу билан бирга, тенг рақобат шароитини яратиш мақсадида 84 турдаги солиқ имтиёзлари бекор қилиниб, индивидуал имтиёзлар бериш амалиётидан воз кечилди. Мазкур тизим ўрнига янгиси жорий этилиб, солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш ваколати халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилди.
Пахта, буғдой ва монопол корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган 27 турдаги юқори ликвидли товар, хомашё ҳамда материалларни фақат биржа савдолари орқали сотиш механизми жорий этилди.
2017–2022 йилларда тижорат банклари томонидан 82 миллиард доллар эквивалентида кредитлар ажратилди. Таққослайдиган бўлсак, 2016 йилда банклар томонидан 6 миллиард долларлик кредитлар ажратилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 16,5 миллиард долларга етди.
Давлат хусусий шериклик асосида энергетика, соғлиқни сақлаш ва бошқа инфратузилма лойиҳаларига жами 8 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб қилинди ҳамда давлат корхоналари трансформацияси ва хусусийлаштириш жараёни сезиларли тезлашди.
Пировардида 2017–2022 йилларда иқтисодиёт тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди. Хусусан, саноат маҳсулотлари 1,4 баробар, қишлоқ хўжалиги 1,2 баробар, бозор хизматлари ва қурилиш ишлари 1,9 баробар ошди. Саноат тармоқларида диверсификация қилиш жараёнини тезлаштириш, юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, биринчи навбатда, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ стратегик вазифаларни ҳал этишга қаратилган эътибор мана шундай ижобий самарага замин яратди. Махсус иқтисодий ёки кичик саноат зоналари, технопарк ва кластерлар шаклидаги корхоналарнинг ҳудудий бирлашмалар тизими шаклантирилди. Мазкур даврда ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар ҳисобига улар сони 20 тага, кластерлар сони 506 тага, кичик саноат зоналари сони 317 тага етди. Улар томонидан яратилган маҳсулотнинг саноат ишлаб чиқаришидаги улуши эркин иқтисодий зоналарда 4,9 фоизни, кластерда 5,2 фоизни ҳамда кичик саноат зоналарида 1,2 фоизни ташкил этди. Натижада саноатнинг ЯИМдаги улуши 21,1 фоиздан 26,7 фоизгача барқарор ўсиши таъминланди.
Бозор тамойилларига мослашаётган аграр тармоқ
Қишлоқ хўжалигида ресурс тежовчи технологияларни татбиқ этиш, тармоқда мулкчиликнинг янги шаклини жорий этиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган тизимли чоралар натижасида маҳсулот етиштириш йиллик ўртача ўсиш суръати 2,5 фоизни ташкил этди. 394,3 минг гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди, 256,3 минг гектарда сув тежовчи замонавий технологиялар, 146,8 минг гектарда эса эгилувчан қувурлар жорий этилди.
Сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида томчилатиб суғориш ускуна ва жиҳозларини ишлаб чиқарувчи 25 та корхона ташкил этилди. Маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоизга етказилди ва бир гектар сув тежовчи ускуналар нархи 5 минг доллардан ўртача 2 минг долларгача пасайди. Аграр соҳада кластер ва кооперациялар фаолияти ривожлантирилиб, 463 та агрокластер фаолияти йўлга қўйилди.
Аграр соҳани рақамлаштириш бўйича қарийб 559 минг гектар пахта ва ғалла майдони контурлар кесимида, экин турлари номи ва бошқа маълумотлари рақамли платформага жойлаштирилиб, онлайн мониторинг қилиш имкони яратилди. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштиришга қаратилган ислоҳот натижасида эса, 1 минг 814 гектар ер аукцион савдоларида реализация қилинди.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар аҳоли даромадларининг ошишига ҳам хизмат қиляпти. Хусусан, сўнгги 2 йилда бозор хизматларининг ўсиш суръати ўртача 15 фоизни ташкил этди.
Асосий мақсад –иқтисодий барқарорлик ҳамда инклюзив ривожланишни таъминлаш
Албатта, битта мақолада ислоҳотлар самараси ҳақида батафсил ёзиш имконсиз. Бошқа томондан эса, Президентимиз жорий йил 14 июль куни ўз лавозимига киришишга бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганидек, “Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди.
Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”.
Давлатимиз раҳбари жойларда ўтказилган сайловчилар билан учрашувларда янги Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларига доир мақсадларни халқимиз эътиборига ҳавола қилди. Унга асосан, 2024–2030 йилларда ЯИМ йиллик ўсиш суръати ўртача 6–7 фоиз атрофида бўлиши ва унинг ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш орқали Ўзбекистонни ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига киритишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилади.
Алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, 2020 йилда бошланган пандемия ҳамда бугунги кунда давом этаётган геосиёсий тангликка қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти мустаҳкамлиги ва бардошлилиги билан ривожланишда давом этмоқда. Бироқ, дунё иқтисодиётида бугунги кунда кузатилаётган мураккаб вазият ва унинг ривожланиши билан боғлиқ ноаниқликлар, йирик иқтисодиётлар орасидаги тарқоқлик иқтисодиётимизни ривожлантириш бўйича концептуал ёндашувларни мунтазам қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Шу сабабли, келгуси 7 йилда энг асосий мақсад, бу– иқтисодий барқарорликни ҳамда инклюзив ривожланишни таъминлаш ҳисобланади. Унга эришишда камбағалликни қисқартиришдан кейинги босқич, яъни мамлакатимиз аҳолисининг иқтисодий жиҳатдан ўзига тўқлигини мустаҳкамлаш ва бунинг учун зарур шароитлар яратишга асосий эътибор қаратилади. Ушбу мақсадларга эришишда қуйидаги муҳим йўналишлардаги муаммоларни ҳал этиш талаб этилади.
Энергетика барқарорлиги йўлида
Жумладан, бу борада биринчи навбатда, аҳоли ва тадбиркорларимизни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш зарур. 2030 йилга бориб иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг табиий газ йиллик истеъмоли ҳозирги 56 миллиард метр кубдан 70 миллиард метр кубга, электр энергияси истеъмоли эса 70 миллиард киловатт соатдан 138 миллиард киловатт соатга етади.
Шунинг учун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашни инобатга олган ҳолда, тармоқда бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилади. Яъни, истеъмолчиларни барқарор ва узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш, бунда монопол ҳолат вужудга келишининг олдини олиш чоралари кўрилади, истеъмолчиларга танлаш имконияти яратилади. Энергетика ресурслари ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчилар ўртасида улгуржи бозорини шакллантириш ҳамда истеъмолчиларга етказиб беришда хусусий операторлар жалб этилади.
Янги энергия ресурслари ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилишини ҳисобга олиб, ҳудудларда маънан эскирган узатиш ва тақсимлаш тармоқларини янгилаш дастури ишлаб чиқилади. Соҳани рақамлаштириш орқали истеъмолчиларга энергиянинг узлуксиз етказиб берилиши таъминланади.
Кейинги масала бу ички ва ташқи транспорт алоқалари билан боғлиқликни таъминлаш ҳисобланади.
Агар келгуси 7 йилда аҳолимиз 41 миллион, хорижий сайёҳлар сони эса 16 миллионга етиши ҳамда иқтисодиётнинг 1,6 баробар ўсишини инобатга олсак, аҳоли ва иқтисодиётнинг транспорт инфратузилмасига бўлган талабини қондириш учун соҳани ривожлантиришга янгича ёндашиш зарур бўлади.
Навбатдаги яна бир муҳим масала эса, танқислиги ортиб бораётган сув ресурсларидир. Таҳлилларга кўра, экологик шароитнинг ўзгариши натижасида яқин келажакда Марказий Осиё ҳудудида сув билан боғлиқ муаммолар кузатилиши прогноз қилинмоқда. Хусусан, 2025 йилда юртимизда жами сув миқдори 2022 йилдаги 55,7 миллиарддан 54 миллиард куб метрга, 2030 йилга бориб эса 49,5 миллиард куб метргача камайиши ҳисоб-китоб қилинган. Шу боис, қишлоқ хўжалигига сувни етказиш ва тақсимлаш инфратузилмаларини модернизациялаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади ҳамда тармоққа сув тежовчи технологияларни қўллашда бозор тамойиллари асосида рағбатлантириш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилади.
Жумладан, 2030 йил якунига қадар 1 миллион гектар майдонга сув тежамкор технологиялар жорий қилинади, 644 минг гектар ер лазерли текисланади. Ҳар бир ҳудуднинг ер ости сувларининг гидроэкологик харитасини ишлаб чиқиш ва улардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилади.
Қишлоқ хўжалигида ерга бўлган муносабатни ўзгартириш ҳам муҳим масалалардан бири бўлиб, бу борада ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва соҳада инновацияларни қўллаш учун зарур шароит яратилади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ерлари ҳосилдорлигини оширишни рағбатлантириш, ерга бўлган ҳуқуқни янада мустаҳкамлашга қаратилган ишлар давом эттирилади.
Келгуси 7 йилда давлат молиявий ва инвестициявий ресурсларига таянган иқтисодий ўсиш моделидан хусусий инвестицияларга асосланган иқтисодий ўсиш моделига ўтишда бизнес муҳитини яхшилаш ва хусусий инвестициялар оқимини оширишга қаратилган чоралар давом эттирилади. Бунда, биринчи навбатда, давлат корхона ва банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёни амалиётга изчил жорий қилинади. Натижада хусусий сектор учун банк кредитларидан фойдаланишда имкониятларни кенгайтириш ҳамда банкларнинг молиявий ҳолатини яхшилашга эришилади.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда урбанизация жараёни инобатга олиниб зарур инфратузилма билан таъминланади, ҳар бир лойиҳага шаҳарсозликнинг бош режасидан келиб чиқиб комплекс ёндашилади. Бунда 2024 йилга қадар аҳоли пунктлари реконструкция, реновация ва консервация зоналарига ажратилиб, соддалаштирилган тартибда бош режасини ишлаб чиқиш тизими жорий этилади. Келгуси 7 йилда аҳоли ўсиши ҳисобга олинса, йилига ўртача 14 миллион ёки жами 98 миллион квадрат метр уй-жойга талаб бўлади. Мазкур талабни қондириш учун мавжуд эски ва авария ҳолатидаги уйлар ўрнида янги кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш, яъни реновацияни амалга ошириш бўйича алоҳида тартиб жорий этилади.
Келгусида мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун яшил ўсишга ўтишнинг фундаментал асослари яратилади. Тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурлари, стратегиялар ва йирик инвестицион лойиҳалар “яшил” иқтисодиёт, шу жумладан, иссиқхона гази ташланмалари миқдори, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқаруви тамойиллари (ESG) асосида амалга ошириш тартиби жорий этилади.
Узоқ муддатли “яшил” ва кам углеродли ривожланишнинг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда, иқтисодий ва фискал йўқотишларни камайтириш ҳамда самарадорликни ошириш мақсадида кам углеродли ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилади.
Жаҳон бозорларига интеграциялашув жараёни тезлашади
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли турмуш шароитини инобатга олган ҳолда, индивидуал ва самарасиз солиқ ҳамда божхона имтиёзлари бутунлай бекор қилинади. Бунда солиқ имтиёзлари самарадорлиги солиқ базаси, инвестициялар ҳажмининг ўсиши ва янги доимий иш ўринлари яратилишига қараб баҳоланади. Солиқ тизимига ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ва инсофсиз тўловчилар билан ишлашни кучайтириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Муҳим йўналишлардан яна бири жаҳон бозорларига интеграцияни кучайтириш ҳисобланади. Шу боис, божхона тартиб-таомиллари Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштирилиб, миллий қонунчилик ва ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш амалиётини ЖСТ қоидалари билан уйғунлаштириш тезлаштирилади.
Сир эмас, кредит ҳажмини ошириш, фоизини эса тушириш — тадбиркорлар кутаётган энг катта масала. Бинобарин, чет эл банкларини олиб кириш, янги хусусий банклар очишни рағбатлантириш ҳамда депозитларни кенгайтириш ҳисобига кредитлар учун ресурс базасини кескин оширишга асосий мақсад сифатида қараляпти. Кичик бизнес учун 14 фоиздан ошган кредит фоиз харажатларини Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси қоплаб беради.
Ҳар бир туманда камида 1000 иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади. Қўшилган қиймат солиғини қайтариш шартлари 15 тадан 5 тага қисқартирилади, 107 та давлат хизмати бўйича тўловлар миқдори 2 баробар қисқартирилади, 10 миллион сўмдан юқори солиқ санкциялари фақат суд тартибида амалга оширилади.
Сўнгги йилларда иқтисодиётимиз юқори суръатларда ўсишининг асосий омилларидан бири — саноат тармоқлари ривожланиши бўлди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, 2030 йилгача мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар, олтин — 1,5, кумуш ва уран 3 баробар оширилади.
Шунингдек, келгуси етти йиллик режага асосан Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. 2030 йилга қадар автомобиллар ишлаб чиқариш 1 миллион донага кўпайтирилади, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 50 миллиард доллардан 110 миллиард долларгача, экспорт ҳажми 14 миллиард доллардан 30 миллиард долларгача оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ўзининг самарадорлиги билан инсонлар ва мамлакатимиз ҳаётида ўзига хос ижобий из қолдирди. Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилаётган яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ислоҳотлар эса ривожланишнинг янги тўлқинини, жадал тараққиётимизнинг янги даврини бошлаб бериши шубҳасиз. Демак, Президентимиз айтганидек, бу йўлда “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори”дир.
Нодир ЖУМАЕВ,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор