Тадбиркорлар тасодиф, омад, шароит, имконият ва таваккал каби сўзларни кўп ишлатишади. Қайсидир тадбиркорнинг ишбилармонлик тақдирида бу иборалар қандайдир ўринга эга бўлса бордир, бироқ бирор мамлакат иқтисодиёти равнақида тасодиф муҳим роль ўйнамаган.

Бизнесни мен хорижда савдо-сотиқ йўналишида бошлаганман. Ишлар юришиб, оёққа туриб олгач, Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ният қилиб, ҳамкор ахтардим. Бундан ўн беш йил муқаддам сўраб-суриштириб топган ҳамкоримиз Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси Қобул Турсунов бўлди. У кишига Навоий шаҳрида пиво ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона очиш режасини билдирганимда, ҳудудда тўқимачилик саноати умуман йўлга қўйилмаганини айтиб, бу борада ўзининг аниқ ҳисоб-китобларини баён этди.

Ўрганишлар бу фикрлар ҳақиқат эканини тасдиқлади. Тўқимачилик соҳасида хусусий бизнесга келганда, уни йўлга қўйиш нари турсин, рўйхатдан ўтказишнинг ўзи не-не машаққатларни талаб этишини яхши билардик. Чунки ўша даврда пахтани қайта ишлаш ошкора ва пинҳона монополия бўлиб, унга фақат муайян тоифадаги кишилар яқинлаша оларди.

Шунга қарамай, таваккал қилиб, 2006 йилда “Baxt-tеxtile” МЧЖ Ўзбекистон - Лихтенштейн қўшма корхонасини ташкил этдик. Минг бир идора эшигини тақиллата-тақиллата валютада кредит олдик. Ускуналарни келтириб ўрнатдик. 600 га яқин янги иш ўрни яратилди. Академияни тугаллаган Қобул Турсунов корхонага директор этиб тайинланди. Дастлабки йиллардаёқ 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорти кўрсаткичига чиқдик.

Ўша пайт 2007 йил эканини инобатга олсак, республикада бу йиллари бирорта ҳам хусусий корхона мазкур ҳажмдаги маҳсулот экспортига эришмаган. Лекин бу ўз-ўзидан бўлмасди. Биргина пахта толасини олиш учун кимдир вилоятда экспорт режаси барбод бўлишини айтиб, ўртага тушмаса, масала ечимини топмасди. Шунингдек, йигирилган маҳсулот - калава ипни экспорт қилишда ҳам юз фоизли олдиндан тўлов, деган талаб бор эди. Худодан бекитмаганни бандасидан яшириб нима қиламиз, ҳаммасининг иложини топиш шарт эди. Бошқача айтганда, бизнесимиз ўша кезлар дорбозликни эслатарди. Ҳаракат қилаверасан, лекин оёғинг қалтирайди. Тўхтасанг, йиқиласан.

Ҳар ҳолда ишимиз ривожланди. Ўша кезлари ҳар йили 3000 тоннагача маҳсулот экспорт қилардик. Иштаҳа овқат вақтида очилади, деганларидек, бизнесимизни кенгайтириш, тайёр трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалари туғилди.

2017 йил мартида пахтачилик кластерига асос солдик. Бу узоқ йиллар мобайнида пахтанинг яқинига ҳам йўлатилмаган тадбиркорларга фақатгина ишонч эмас, аграр тармоқ эртасига, минг-минглаб одамлар тақдирига масъулликни ҳам юклади.

Пахтачилик кластеримизга 24 684 гектар экин майдони ажратилди. Дастлабки йили ҳосилдорлик 28 центнерга етиб, олинган фойда 40 миллиард сўмни ташкил этди. Биргина “Тошработ-текстил”да 250 нафар аёлнинг иш билан таъминланиши 150 оиланинг йиллик даромадини 7 миллион 200 минг сўмга ошириш имконини бермоқда. Шунингдек, Навоий вилоятининг Кармана, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманларида, Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида шу каби корхоналарнинг ишга туширилиши натижасида бугунги кунда 3000 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, пахта тўқимачилик кластери негизида янги корхона ва фабрикалар ташкил қилинди. Бунга мисол қилиб Навоий шаҳрида янги технологияли пневматик ва компакт усулда калава ип йигириш фабрикалари ишга туширилгани, бунинг натижасида 800 та янги иш ўрни яратилганини келтирсам бўлади.

Қишлоқ жойларда ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида Кармана туманида “Agro Baхt”, “Baхt-Madaniyat”, “Baхt-Jaloyir” тикув фабрикалари ташкил қилинди. Натижада уларга 1200 нафар йигит-қиз ишга қабул қилинди. Энг қувончлиси, корхоналар тайёр маҳсулотлар экспорти ҳажмини бир неча баробар оширишга эришди. Жумладан, 2021 йилнинг саккиз ойида Навоий вилоятида 24 миллион ҳамда корхонанинг бошқа вилоятлардаги филиал ва шўъба корхоналарида 18 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.

Бугунги кунда Польша, Россия, Туркия, Беларусь, Эрон ва Хитой тайёр маҳсулотларимизнинг асосий харидорлари ҳисобланади. Европа бозорларига чиқишни кенгайтириш борасидаги ишларни давом эттиряпмиз.

Россиянинг Москва шаҳрида корхоналаримизда трикотаж ва газлама маҳсулотларидан ишлаб чиқариладиган тайёр кийим-кечаклар сотиш мақсадида “Азия инвест банк” ва “Baxt-tеxtilе” гуруҳи ҳамкорлигида қўшма лойиҳа ишга туширилди ва савдо логистика маркази ташкил этилди.

Аграр соҳага янги технологиялар олиб кирдик. Гидропоника услубида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Кармана туманида 11 гектарли, Навоий шаҳрида 3 гектарли, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 17 гектарли иссиқхоналар ташкил қилдик. Ҳозирги кунда халқимиз дастурхонига экологик тоза помидор ва бодринг етказиб беряпмиз.

Бизнесни кенгайтиришга қаратилган катта режаларимиз бор. Айни дамда Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида йилига 10 минг тонна пахта толасидан калава ип йигириш фабрикасини қуряпмиз. Бунинг натижасида 600 нафар йигит-қиз ишли бўлади. Фабрика 2022 йилнинг биринчи чорагида ўз фаолиятини бошлайди.

Пахтачи туманида эса 800 иш ўринли тикув фабрикасини қуриб битказиш арафасида турибмиз. Чет элдан юқори малакали мутахассисларни таклиф қилиб, ёшларни ўқитиб, уларга касб ўргатяпмиз.

Шу билан бирга, келгуси йилда Навоий вилоятида қиймати 1,3 триллион сўмлик, йилига 25,9 минг тонна калава ип ва матони бўяш лойиҳаси амалга оширилади. Унинг ҳисобидан 1500 та янги иш жойи яратилади. Қиймати 163,3 миллиард сўмлик, 4200 та йирик ва 5000 бош майда шохли мол боқишга ихтисослашган чорвачилик комплекси ишга туширилиши эса 150 дан ортиқ янги иш жойини кафолатлайди.

Енгил саноат соҳаси кам маблағ сарфлаб, кўп иш ўрни ташкил этишнинг энг яхши йўналишлардан биридир. Шунинг учун асосий эътиборимиз камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд оилаларнинг даромадини яхшилашга кўмаклашиш, қолаверса, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар учун иш жойлари очишга қаратилган.

Бугунга қадар 5,1 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаган бўлсак, келгусида лойиҳаларимиз ишга туширилиши натижасида яна 3,5 минг янги иш ўрни ташкил этишни мақсад қилганмиз.

Албатта, бизнесда ишларнинг доимий барқарорлиги кафолатланмаган. Чунончи, ўта кучли ташқи ва ички рақобат муҳити, технологик янгиланишлар, дунёдаги глобаллашув жараёнларининг шиддати ҳар доим тадбиркор олдига ўз шартларини қўйиб туради, муаммоларни келтириб чиқаради.

Шу жиҳатдан биз тадбиркорларга кейинги пайтда ишбилармонлик муҳитини равнақ топтириш йўлида тақдим этган енгилликлари биз учун тараққиётнинг янги музаффар тонглари сари етаклаяпти. Мен ушбу имтиёз ва имкониятлар самарасини хомчўт қилиб кўрсам, кластеримизнинг ўзи бунинг самарасида 100 миллиард сўмга яқин фойда кўрар экан.

Бундан ташқари, бир қатор тўсиқлар олиб ташлаганини айтмайсизми?! Албатта, биз тақдим этилаётган енгилликлардан олган фойдамизни ҳудудимиз инфратузилмасини яхшилаш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, янги корхона ва фабрикалар очиш, қишлоқ аҳолисининг маънавий ва маърифий ҳаётини юксалтиришга йўналтирамиз.

Бугунги кун режалари саховат ёки мурувват деб эмас, балки мамлакатнинг эртанги кунини белгиловчи, аниқ-ҳисоб китобларга асослаган лойиҳалар, деб биламан. Албатта, бу омил тадбиркорлик йўналишидаги янги муваффаққиятларга эришишда фаолиятимизгага куч-қувват, шиддат ва янгича мазмун-моҳият бахш этади.

Баҳритдин МЎМИНОВ,

Навоий вилоятидаги “Baxt tеxtilе” гуруҳи раҳбари