Мамлакат тараққиёти қўшни давлатлар билан ўзаро дўстлик ва қардошлик алоқаларининг мустаҳкамлиги билан чамбарчас боғлиқ. Яна шундай мураккаб ва чигал муаммолар борки, уни бир ёки икки давлат ҳамкорлиги билан ҳал қилиб бўлмайди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ана шундай глобал муаммоларни ечиш, унга аъзо давлатлар иқтисодиётини юксалтириш, тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси халқаро ташкилотнинг ўтган 20 йилдаги фаолиятининг асосий якунлари ҳамда кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор вазифаларига бағишланди.
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосчи давлатларидан бири. Юртимиз ушбу халқаро ташкилотга савдо-иқтисодиёт, транспорт ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий хавф-хатарлар ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишнинг муҳим воситаси сифатида қарайди.
Ўтган 20 йилда ташкилот халқаро доирада нуфузли тузилмага айланди. Бугун ШҲТ макони дунё аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, бой табиий ресурслар, илғор технологиялар ва улкан истеъмол бозорига эга. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон томони анжуманда бугунги халқаро муносабатларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг роли ошиб бораётганини таъкидлаб, савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни яқинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш ҳамда ўзаро бозорларга чиқишни енгиллаштиришни назарда тутадиган минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича 2023—2027 йилларга мўлжалланган комплекс дастурни тайёрлаш ва қабул қилиш таклиф этилди. Шунингдек, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш бўйича ШҲТ стратегиясининг қабул қилиниши мамлакатларимиз транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ҳамда “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” йўлаклари тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билдирилди.
Ўз навбатида, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш мақсадида саммит иштирокчиларининг эътибори ШҲТ маконида ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг учрашувларини қайта тиклаш муҳим эканига қаратилди. Замонавий таҳдид ва хатарларга муносиб жавоб қайтариш учун ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар форумини таъсис этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Албатта, йирик анжуман янги ва муҳим келишувларга йўл очди. Хусусан, савдо-иқтисодий алоқалар суръатини давом эттириш ва янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш мақсадида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштиришга келишиб олинди. Эндиликда “йўл харитаси” асосида саноат кооперациясини кучайтириш истиқболлари ҳамда икки мамлакат транзит салоҳиятини самарали ишга солиш имкониятлари ваколатли идоралар даражасида пухта ўрганилади.
Бир сўз билан айтганда, юртимиз тараққиётида ШҲТнинг ўрни ва салоҳияти жуда катта. Бу ташкилотга аъзо давлатлар тенг ҳуқуққа эга ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик пойдевори устига қурилган бўлиб, ундан аъзо давлатларнинг ҳар бири манфаатдордир.
Дилбар УСМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Халқаро ишлар ва парламентлараро
алоқалар қўмитаси аъзоси