Маънавият, маърифат ва тарбия биз учун шу қадар муҳим экан, бугун ёш авлодга қандай тарбия беряпмиз, уларнинг маънавиятини қандай юксалтиряпмиз ва улардан нимани кутамиз, деган саволларга аниқ жавобларимиз бўлиши зарур. Халқнинг, миллатнинг буюклиги, бугунги глобаллашган замонда яшовчанлиги, тараққий этиши унинг маънавияти, маърифати, тарбияси ва тафаккури билан боғлиқ. Буюк мутафаккирларимиз асарларини варақласак, бу ҳақиқатга бот-бот амин бўламиз. Улуғ педагог, маърифатпарвар жадид бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деган сўзлари фикримиз далилидир. Юнон файласуфи Арасту масалага янаям кенгроқ баҳо беради: “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”.

Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал

Тарбия ўта долзарб масала. “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” — бу қоидаларни инсон камолотга етишининг формуласи, дейиш мумкин. Имом Бухорий тарбияни содда тарзда бундай таърифлайди: “Боланинг табиати ривожланишга мойил бўлади, уни қандай ғоялар билан тўлдириш ота-она ва устозга боғлиқ”.

Ҳар жиҳатдан камол топган, хулқ-атворида олижаноб фазилатлар шаклланган авлодни тарбиялаш барча жамиятларнинг орзуси. Тарбияси оғир, маънавий қашшоқ ёки ундан маҳрум бўлган инсондан бирор эзгулик кутиш мушкул. У яхшилик ва эзгулик ҳақида ўйламайди. Жамиятга, ҳатто ўз ота-онаси, яқинлари тақдирига ҳам бефарқ, лоқайд қарайди. Тарбияли, маънавиятли инсон бугунги кун ва келажак ҳақида фикр юритади, истиқболдаги ҳаёт ва инсон равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Зеро, бугун олдимизга қўйган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган буюк мақсадга эришишда маънан юксак, баркамол ёшлар таянч бўлади.

 Президентимиз раислигида 2020 йил 23 августда халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Тарбия” фанини жорий этиш ва ўқитиш ташаббуси илгари сурилгани ҳам бежиз эмас. Шундан сўнг мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишлар янгича асосда ташкил этилиб, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанлар бирлаштирилди ва яхлит “Тарбия” фани жорий этилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг асрий қадриятларимиз асосида яратган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари шарқона тарбиянинг ноёб қўлланмаси сифатида бугунги кунда ҳам ўзининг қадри ва аҳамиятини йўқотган эмас. Биз “Тарбия” фанининг назарий асосларини ишлаб чиқишда мана шундай бебаҳо асарлардан самарали фойдаланишимиз зарур”.

Тарихга назар ташласак, Амир Темур авлодлари зурриётларини илмли қилди. Уларни етук устозларга топширди. Натижада темурийлардан кўплаб илм соҳиблари етишиб чиқди. Насл тенгсиз илм билан зийнатланди. Ҳам дунёвий, ҳам диний илм пешқадамлари, давлат раҳбарлари етишди. Улар бойликка эмас, асосан, илм-маърифатга эътибор қаратди.

Очиқ айтиш керак, бугун мактабларда берилаётган таълим-тарбия сифати, барча ўқитувчиларнинг билими ва маҳоратини талаб даражасида деб бўлмайди. Шу боис, “ижтимоий давлат” тамойили асосида қурилаётган Янги Ўзбекистон учун энг катта ­инвестиция таълим-тарбияни қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда. Мактабларда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, шароитини яхшилаш Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилидаги энг асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.

Бир болага етти маҳалла ота-она

Форобийнинг “Тарбияда маънавий-ахлоқий қоидалар, одоб меъёрлари ўрганилади, касб-ҳунарга оид малакалар ҳосил қилинади”, деган гапига таянадиган бўлсак, ўғил-қизларимиз уйида, атрофда, кўча-кўйда кўрганлари асосида тарбияланиб боради. Мактаб, устоз-муаллимлар таълим-тарбия борасида беқиёс таъсир кучига эга. Аммо бола куннинг атиги тўртдан бир қисмида мактабда — устозлари назоратида бўлади. Қолган вақтини уйида, маҳаллада, кўча-кўйда ўтказади.

 Шу боис, “Бир болага етти маҳалла ота-она” тамойили асосида ёшлар тарбиясида маҳалла ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Жаҳон тажрибасида маҳалла сингари қатор функция ва вазифаларни бирлаштирган ўзини ўзи идора қилиш институти мавжуд эмас. Зеро, ушбу тизим бир вақтнинг ўзида спорт, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим, саломатлик, оилавий низоларни бартараф этиш ва бошқа қатор масъулиятли ишларни бажариб келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида юртимиздаги барча маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш уларнинг энг асосий вазифаларидан этиб белгиланган. Энди ёшлар муаммоси фақат ўқиш ёки иш жойидаги мутахассислар кўмагида эмас, балки унинг ўзини ва оиласини яхши танийдиган, биладиган муҳит — маҳаллада ҳал этилмоқда.

“Ёшларнинг бўш вақти — етакчининг иш вақти” ғояси асосида 10,6 миллион нафар ёшни бирлаштира олдик. Мазкур тамойил орқали маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган тадбирлар республикадаги барча маҳаллада кўчама-кўча йўлга қўйилди. Ёшлар етакчилари ташкил этаётган бу тадбирлар ўғил-қизлар учун шунчаки кўнгилочар машғулот эмас, балки тенгдошларни ўзаро яқинлаштириш, муаммоларни жойида ҳал қилиш, янги истеъдодларни кашф этиш ҳамда фаоллар сафини кенгайтиришга қаратилди. Бу орқали эса ҳисоботлар учун ўтказиладиган тадбирбозликлардан воз кечилиб, маҳаллаларда ёшлар масалаcини бевосита ҳал этиш тизимига асос солинди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги танлов ва мусобақаларнинг маҳалла босқичида биринчи мавсумда 6,2 миллион, иккинчи мавсумда 7,2 миллион ёш қатнашди. Олимпиадада ғолибликни қўлга киритган 279 та маҳалла ва 208 та туман (шаҳар)да 1 тадан, жами 487 та спорт майдончаси қурилмоқда. Энди ҳар бир маҳалла ўз кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлади.

Тинчлик қўрғони

Маҳалла тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир. Шунинг учун бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилади. Маҳалла ўз муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиб, мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади. Бундан ташқари, ўтган йилдан эътиборан ­“Ёшлар баланси” асосида маҳаллаларнинг ёшлар билан ишлаш самарадорлиги кўрсаткичини “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларда баҳолаш тизими йўлга қўйилиб, ҳудуднинг тоифасини белгилашда ёшларга зарур шароит ва инфратузилма яратилгани эътиборга олинмоқда.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кутубхона, спорт майдончасидан ташқари, ёшларни касб-ҳунарга ўргатадиган кичик устахоналар, сузиш ҳавзалари, сайилгоҳ кўчалар, қўшиқ-рақс майдончалари каби фойдали ва кўнгил­очар масканлар ташкил этилиши ҳам ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.

Бунда 2023 йилдан туман ва шаҳарларнинг шароити, салоҳияти ва имкониятидан келиб чиқиб, бешта тоифага ажратиш амалиёти ҳам ўз самарасини кўрсатади. Негаки, энди тадбиркорлик учун субсидия, кредит ва компенсациялар тоифаларга кўра ажратилади.

Оилавий қадриятларни қадрлаш

Катталарга ҳурмат кўрсатиш, оилавий қадриятларни эъзозлаш ўзбек оилаларида фарзанд тарбиялашнинг бирламчи кўриниши сифатида сақланиб қолган. Бундай нодир урф-одатларимиз, қадриятларимиз тарбиянинг миллий кўринишидир. Айтиш жоизки, бу борада миллий тарихимиз энг катта тарбия воситаси бўлиб хизмат қилади. Ҳаққоний тарихимизни ўрганиш, тадқиқ этиш, яқин ва узоқ ўтмишдаги аждодларимизнинг ҳақиқий қиёфаcини ёшларга кўрсата олишимиз зарур. Юксак тарихий тафаккурсиз буюк келажак бўлмайди.

Дарҳақиқат, ёшлар қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганиши зарур. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Бу борада Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан дастлабки хайрли ишлар бошланди. Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва асарлари ҳақидаги маълумотларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш учун “Жадидлар” тўплами тайёрланиб, таълим муассасалари ва маҳаллаларга етказилди. Алломаларимизнинг нафақат илмий меросини, балки бутун умри давомида илм излашдаги ўзига хос ҳаёт тарзини ўзимизга ўрнак қилиб олсак, эзгу ғоялар йўлида танлаган мақсадимиздан адашмаймиз ва ёшларимизни ҳам тўғри йўлга бошлаган бўламиз.

Шу йўналишда маҳаллаларда ҳар бир оиланинг ўзига хос “оилавий анъаналари”ни намуна сифатида кўрсатиш, тарғиб қилиш учун кўргазма ва танловлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Кўргазма лойиҳаси оилавий қадриятларни сақлаш, урф-одатларни ривожлантириш, таълим, болалар ва ота-оналарнинг ижодий тарбияси ҳамда бўш вақтини ўтказишга қаратилган бўлиши мумкин. Албатта, биз тарихий ва миллий урф-одатларимиз, тарбия усулларимиз ҳақида қанча куйиниб гапирмайлик, замон янгиланмоқда, “замонавий тарбия” деган ибора тилимизга кирди. Замонавий технологиялар ва яшаш тарзи фарзандлар тарбиясига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Тарбия қизлар фитратида қандай акс этади?

Бобо-момоларимиз қизлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, каттага ҳурмат, одоб, хушфеъллик, ор-номус, ҳаё ва ибо сингари мезонларни болаликданоқ онгига сингдирган. Энди бунинг ўзи кифоя қилмайди. Бугун уйда тарбия топаётган қизларимиз эртага — замонавий асрда жамиятнинг устуни бўладиган ёш авлодни дунёга келтиради, тарбиялаб вояга етказади. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, тўғри бўлади. Ана шунда қизлар тарбияси нечоғлиқ долзарб масала экани ойдинлашади.

Шунинг учун давлатимиз қизлар таълимига алоҳида эътибор қаратмоқда. Эҳтиёжманд оилалар қизлари учун ажратилган грантлар сони икки баробар кўпайтирилиб, икки мингтага етказилди. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб магистратурада тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пулини давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тасдиқланди. Низомга кўра, давлат ОТМ, шу жумладан, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз қопланади. Эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади.

Шунингдек, 2022–2023 ўқув йилидан бошлаб таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба етти йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби йўлга қўйилди. Бунинг учун жорий йилда банкларга бир триллион 800 миллиард сўм, келгуси беш йилда 8 триллион сўм ажратилади. Ўтган вақт давомида шу мақсадларда 85 188 хотин-қизга 983 613,1 миллион сўм фоизсиз таълим кредити ажратилган.

Ёшлар ишлари агентлигининг ўз олдига қўйган асосий вазифаларидан бири 30 ёшгача бўлган ёш хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирокини рағбатлантириш учун корхона-ташкилотларнинг саъй-ҳаракатини бирлаштириш, республикада қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалда рўёбга чиқариш бўйича тарғибот ишларини олиб боришдир.

Шу мақсадда Ўзбекистонда ёш хотин-қизлар билан ишлашнинг замонавий модулини яратишга мўлжалланган “Қизлар овози” платформаси ишлаб чиқилди. 5 та йирик лойиҳани ўз ичига олган ушбу платформа доирасида барча ҳудудларда “Қизлар овози” клублари иш бошлади. Ўтган йили илк бор “Қизлар овози” республика форуми ҳамда халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Бугунги кунда 14 та ҳудудий, республика клубларида 11 минг нафардан ортиқ қиз фаол иштирок этмоқда.

“Бир нуронийга ўн нафар ёш”

Ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, спортга жалб этиш масаланинг бош ечимидир. Шу мақсадда ҳар бир маҳаллада “Бир нуронийга ўн нафар ёш”, “Нуроний ва ёшлар”, “Уч авлод учрашуви” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Масалан, “Бир нуронийга ўн нафар ёш” тамойили асосида 100 мингдан зиёд уюшмаган — тарбияси оғир, жиноятчиликка мойил ва ишсиз ёш нуронийларга бириктирилиб, улар томонидан “Нуроний ва ёшлар”, “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ўтказилди.

Замон талаби шуки, мактабларда ёшларга таълим-тарбия бериш билан бирга, уларни касб-ҳунарга ҳам кўпроқ қизиқтириш керак. Чунки мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келмоқда. Шу боис, 2023 йилдан янги дастур амалга оширилиб, ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олинади.

Бу борада Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2022 йилнинг ўзида “Ёшлар дафтари” кўмагида 38 136 нафар ишсиз ёшга меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб берилди, 8 899 нафар ёш ҳайдовчилик касбига, 5 631 нафар ўғил-қиз “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида замонавий касб-ҳунарларга ўқитилди, 3 000 дан зиёд ёш устоз-шогирд анъанаси асосида уста-ҳунармандларга бириктирилди. “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастури доирасида e-kasb-uz платформаси ташкил этилиб, 10 мингдан ортиқ ёш замонавий касб-ҳунарларга масофавий ўқитилганини мамнуният билан таъкидлаш жоиз.

Комил тарбия жаҳолатга йўл бермайди

Касб-ҳунарли киши оиласига, жамиятга наф келтиради. Бундан, энг аввало, унинг ўзи маънавий ҳузур топиб, оиласини, Ватанини севишни, унинг келажаги учун қайғуришни бошлайди. Тийнатида “яхшилик”, “шараф”, “виждон”, “адолат” сингари тушунчалар шаклланиб боради. Демак, биз уюшмаган ёшларни бирор фойдали юмушга жалб этишни истар эканмиз, уларга касб-ҳунар ўргатишимиз шарт.

Ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” элек­трон платформаси яратилди.

Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузувчи ёт ғояларга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз. Бунинг учун уламо ва олимларимиз билан биргаликда барчамиз муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканларида иш олиб борамиз.

Аждодлар меросини унутган халқ тараққиётга эришмайди

Албатта, тарихига назар солмаган, аждодларининг илмий меросини унутган халқ ҳеч қачон келажакда тараққиётга эришмайди. Чунки бу асрлар давомида миллатни миллат қилиб шакллантирган восита, унинг ўтмиши ва аждодларининг эзгулик йўлидаги панд-насиҳатлари, бой илмий-маънавий мероси ҳисобланади. Шу кунларда Франциядаги машҳур Лувр музейида давом этаётган миллий кўргазма ҳам халқимизнинг ноёб тарихий мероси, бетакрор маданияти ва анъаналарига хорижда қизиқиш қанчалик юқори эканини кўрсатмоқда. Бундай тарихий ва маданий бойликларимизни ёшларимизга ва хорижий сайёҳларга янада кенгроқ таништириш, музейларни замон талабларига мослаштириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.

Дарҳақиқат, ёшлар алломаларимизнинг илмий-маънавий меросига, тарихига мурожаат қилиши керак. Улар тарихга мурожаат этса, кўпроқ китоб ўқиса ҳамда ўрганган илмига амал қилса, албатта, бугунги кундаги глобал муаммолар, мафкуравий хавф-хатарлар бизга таҳдид сола олмайди.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ёшлар таълим-тарбияси, касб-ҳунар эгаллаш, она тилимиз ва хорижий тилларни ўрганиш, ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида урғу берилди. Албатта, бу вазифаларни амалга ошириш осон бўлмайди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бугун Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улкан марраларни кўзлаганмиз. Бундай юксак мақсад йўлида маънавияти бутун, тарбияли, тафаккури теран, етук авлод мамлакатнинг мустаҳкам таянчи, учар қанотлари бўлиши зарур.

Дилнозахон КАТТАХОНОВА,

Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори