Бугун эса бу соҳа ҳақиқий даромад манбаига айланиб, ҳунармандлар тадбиркор, бизнес олами вакили сифатида тилга олинади. Миллий руҳда тикилган сўзаналар, гиламлар, кийимларда қадриятларимиз авлоддан авлодга ўтиб келаётганини кўриб, завқланасан киши.

Ҳунармандлар сулоласининг бешинчи авлодиман. Ишлаб чиқаришда замонавий технологиялар ўрни тобора ортиб боришига қарамай, қўл меҳнатига асосланган буюмларга талаб пасайгани йўқ. Бу, албатта, бизни қувонтиради. Бой маданий меросимизни қайта тиклаш, ривожлантириш мақсадида “Малика” хусусий корхонасини ташкил этиб, Бойсун каштачилик мактабининг энг қадимги турларини қайта тиклашга муваффақ бўлдик. Даромадимиз яхши. Маҳсулотларни маҳаллий бозорлар ва сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган туристик марказларга етказиб берамиз.

Миллий ҳунармандлик маҳсулотлари Бойсуннинг нафақат ташриф қоғозига айланди, балки ҳудуд ёшларининг бандлигини таъминлашда ҳам ечим бўлмоқда. Қадим анъаналарни замонавий тажриба билан уйғунлаштириб, катта ютуқ ва натижаларни қўлга киритишимизда яратилаётган имкониятлар яхшигина таянч бўляпти. Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда уйда ўтирган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёки жимсоний имконияти чекланган аёлларга ҳунар ўргатиб келяпмиз.

Бизни қувонтригани, чет элликлар ҳам қизиқиб, миллий ҳунармандлигимизни ўрганяпти. Хусусан, бойсунликлар қўлида сайқал топаётган тўқувчилик ва тикувчилик маҳсулотлари кунчиқар юрт вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбек — Япон уюшмаси томонидан япон аёллари учун маҳорат дарслари, ўқув-амалий машғулотлар ўтказиб келинмоқда. Бойсун туманидаги ҳунармандлар марказида япониялик шогирдларга ҳам ҳунар сирларини ўргатяпмиз.

Ҳунармандларга имтиёзли кредитлар ажратилиб, лойиҳаларини молиялаштириш учун зарур маблағ йўналтирилгани қўли гул инсонлар учун катта имкониятлар туҳфа этди. Бир йил аввалги очиқ мулоқот кўп йиллик муаммоларга ечим, янги лойиҳаларга асос бўлган эди. Билдирилган таклифлар, берилган ваъдаларнинг барчаси ҳужжатлар кўринишида қонуний кучга кирди ва кўплаб ислоҳотла амалга оширилишида муҳим омил бўлди.

Тўғриси, бу сафарги мулоқотни ҳам ҳаётимга қувонч олиб кирадиган шодиёна кундек интиқлик билан кутдим. Очиқ мулоқот тизимли ишларнинг давоми сифатида ҳар биримизнинг катта ютуқларга эришишимизга хизмат қилади.

Охирги йиллардаги ислоҳотлар бизда бизнес юритишга ишончни оширди. Хусусан, уста-шогирд анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаши, зарур хомашё сотиб олиши ва ишчиларни иш ҳақи билан таъминлаши учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 баробаридан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилиши соҳага қизиқиши бор, аммо сармояси йўқ ҳунармандлар учун яхши имконият бўлди.

Давлатимиз раҳбари очиқ мулоқотда келгуси йиллар учун белгилаб олган режа ва дастурларимизни амалга ошириш осон бўлмаслиги, лекин ҳаёт синовларида тобланган, сўзида ҳам, ишида ҳам қатъият бор, мард ва ташаббускор тадбиркорлар билан кўзланган марраларга, албатта, эришилишига ишонч билдирди. Куни кеча “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирландим. Фаол тадбиркор сифатида эътироф этилганим зиммамга доим элимизга нафи тегадиган ташаббуслар билан чиқишдек масъулиятли вазифани юклайди.

Малика ПОДШОЕВА,

“Ҳунарманд” уюшмасининг аъзоси,

Бойсун туманидаги “Малика” хусусий корхонаси раҳбари,

“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳибаси