Депутатлар таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбарининг БМТнинг юбилей тадбирида сўзлаган нутқи халқимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилиб, қизғин қўллаб-қувватланмоқда.
БМТ Бош Ассамблеясида Президентимиз 6 та аниқ таклиф билан чиққани, халқаро ҳамжамиятнинг 2 та ташаббусини қўллаб-қувватлагани, БМТ томонидан ўтказиладиган 2 та форум юзасидан муносабатини билдиргани алоҳида эътироф этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов давлатимиз раҳбари нутқининг аҳамиятли жиҳатларига тўхталди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг чуқур таҳлилларга асосланган нутқи ҳозирги кунда долзарб бўлган бир қатор муҳим ташаббусларни ўз ичига олган. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида янги Ўзбекистонни барпо этиш, демократик ислоҳотларни қатъийлик билан амалга ошириш борасида муваффақиятли амалий ишлар натижаларини очиб берди. Кенг халқаро жамоатчиликни мамлакатимизнинг жамиятни сиёсий ва ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан модернизация қилиш, янги Ўзбекистонни қуриш борасидаги самарали тажрибаси билан таништирди. Нутқда Ўзбекистонда ўтган йили ўтказилган парламент сайловлари аҳоли ва партияларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг сиёсий фаоллиги ўсиб бораётганини намойиш этгани таъкидланиб, БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди. Бу ҳеч шубҳасиз, парламентнинг жамият ҳаётидаги ролини сифат жиҳатидан оширишга, жамият олдида турган муҳим муаммоларни ечишда парламентнинг иштирок этишига доир янги механизмларни ишга солишга, демократия ривожини янги даражага олиб чиқишни таъминлашга хизмат қилади.
Депутатлар давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган яна бир муҳим масала – жаҳон миқёсида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни яратиш зарурлигига эътибор қаратдилар. Шу муносабат билан чуқур илмий асосларга таянган, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳасини тайёрлашга киришиш лозимлиги таъкидланди.
Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари чуқур мазмун ва моҳиятга эга нутқда халқаро ҳамда минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан илгари сурилган таклифлар, ташаббусларни қўллаб-қувватлади. Хусусан, тинчлик, хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, самарали ва фаол мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, қашшоқликка барҳам бериш ҳамда камбағалликни қисқартириш каби ўртага ташланган масалалар бугун инсониятни ўйлантираётгани ҳақида қизғин фикр алмашишди.