Маълум бўлишича, овоз бериш жараёни 11 мартдан 20 мартга қадар давом этган бўлиб, ушбу даврда фуқаролар томонидан жами 10 миллион 284 мингдан ортиқ овоз берилган.
Жараён давомида 21 049 та ташаббус келиб тушган, шундан 17 424 таси саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган.
Якуний натижаларга кўра:
- 1 996 та лойиҳа ғолиб деб топилди;
- шундан 1 980 таси анъанавий, 16 таси шериклик лойиҳалар ҳисобланади.
Ғолиб лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 3 триллион 5 миллиард 827 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Йўналишлар кесимида энг кўп лойиҳалар:
- ички йўлларни таъмирлаш — 868 та;
- мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш — 566 та;
- соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш — 163 та.
Айрим ҳудудларда энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар ғалабаси муносабати билан аҳоли томонидан байрамона тадбирлар, концерт ва маданий дастурлар ташкил этилгани ҳам қайд этилди.
Ғолиб лойиҳалар билан Openbudget.uz сайти орқали танишиш мумкин.
Маълумот учун, мазкур ташаббус доирасида фуқаролар маҳаллий бюджет маблағларининг бир қисмини тақсимлашда бевосита иштирок этади.