Амалдаги тамойилга кўра, киритилаётган таклифда кўрсатилган муаммо умумий характерга эга бўлиши ва ўзида шахсий эҳтиёж билан боғлиқ талабларни акс эттирмаслиги лозим.

— Шунин учун бу жараёнда ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини, ёритиш тизимини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, оқова сув тизимини тартибга келтириш, болалар ёки спорт майдончаларини барпо этиш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ёки моддий техник базасини шакллантириш каби таклифлар инобатга олинади, — дейди Молия вазирлиги департамент бошлиғи Шерзод Муҳаммедов. — Идоравий, яъни маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлат органларининг бинолари ва иншоотларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига, шу жумладан, уларнинг бошқа эҳтиёжларини қоплашга қаратилган ёки шахсий хусусиятга эга — турар жой харид қилиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашни ифода этган таклифлар эса инобатга олинмайди.

Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бевосита ўзи истаган манзил (ўзи истиқомат қилмайдиган ёки яшаш манзили умуман бошқа ҳудуд) бўйича иштирок этиб, ташаббускор бўлиши мумкин. Бу эса маълум бир таклиф ғолиб деб топилиши учун айнан ўша манзилда истиқомат қиладиган ёки рўйхатдан ўтган фуқаролар иштирок этиши лозим деган чекловни рад этади. Аммо бир фуқаро фақатгина битта лойиҳани қўллаб-қувватлай олади. Хусусан, Хоразмда яшовчи инсон Фарғонанинг бирор ҳудудида боғча қурилишини ёқлаб овоз берган бўлса, у бошқа лойиҳалар учун овоз бера олмайди.

“Ташаббусли бюджет” жараёнлари ҳар йили икки марта, 3 босқичда амалга оширилади. Ҳар бир мавсумнинг дастлабки босқичида фуқаролар лойиҳалар бўйича ўз таклифларини илгари суришади, иккинчисида билдирилган таклифлар модерация жараёнидан ўтказилади. Учинчисида сараланган таклифлар овоз бериш жараёнига қўйилади.

Унинг якунларига кўра, “Очиқ бюджет” ахборот портали автоматик равишда ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп овоз тўплаган таклифлар асосида ғолиб лойиҳаларни аниқлайди.

2022 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларини молиялаштириш  мақсадлари учун йўналтириладиган маблағлар миқдори 4 баробарга оширилди. Туман, шаҳарларда тасдиқланган бюджетлардан ажратилган 5 фоизининг ўзи  1,5 триллион сўмдан ортиқроқни ташкил этди. Бундан ташқари, қўшимча манбаларнинг 30 фоизи ҳам ташаббусли бюджет учун йўналтирилади.

—  Фуқароларимизнинг мазкур жараёдаги иштироки тобора фаоллашиб боряпти,  — дейди Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов. — Агар  ўтган йили ижтимоий лойиҳаларга 1 миллионлан ортиқ овоз берилган бўлса, жорий йилда ўтказилган дастлабки  босқичда ушбу кўрсаткич беш баробарга ортди, яъни овозлар сони 6 миллион 700 мингдан зиёд бўлди.

Яна бир муҳим жиҳати,  ўтган йили 41 мингта таклиф билдирилган бўлса, бу йил улар сони 69 700 дан ортиб кетди. Улар ҳудудий ички комиссиялар томонидан саралаб олиш натижасида 40 мингдан ортиғи овоз бериш босқичига ўтказилди. Энг кўп овоз олган 2215 таклиф ғолиб деб топилди.

Президентимизнинг жорий йил 7 апрелдаги “Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги  қарорига мувофиқ, шу йилнинг февраль-март ойлари давомида ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнларида фуқароларнинг фаол иштироки қайд этилган ҳолда, ғолиб деб топилган 2 215 та лойиҳага қўшимча ҳар бири 2 мингдан ортиқ   овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳани амалга ошириш учун республика бюджетидан 85,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Қарорда наинки қўшимча равишда киритилган, балки ҳар йили ғолиб деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатъий вазифалар белгиланган. Яъни, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари – ҳар чорак якуни бўйича жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни ўз вақтида молиялаштирилиши ва бажарилишини баҳолаб боради, мазкур тадбирларнинг бажарилиши юзасидан ҳокимларнинг ҳисоботлари Олий Мажлис Сенатида ҳар чорак якунида эшитилиши йўлга қўйилади. Ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг бажарилишини Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳар йилги якунларга кўра, назоратдан ўтказади.

—  “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилдаги иккинчи мавсуми кеча старт олди, — дейди Азимжон Ҳасанов. — Унда ҳам мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаро ташаббускор ва овоз берувчи бўлиб иштирок этиши мумкин. Биринчи мавсумда иштирок этган ва етарли овоз тўплай олмаган лойиҳалар долзарблигини йўқотмаган бўлса, иккинчи мавсумда такроран илгари суриш имконияти бор.

Фуқаролар томонидан берилган таклиф ва мулоҳазалар асосида “Ташаббусли бюджет” жараёнини ўтказишнинг амалдаги тартибига айрим тузатиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, эндиликда ҳар бир босқич 20 кундан – жами 60 кун давом этади. Шунга кўра, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2-мавсуми:

1-босқич – таклифларни илгари суриш – 15 июлдан – 3 августгача (Қорақалпоғистон Республикасида – 15 августдан – 4 сентябргача);

2-босқич – лойиҳаларни саралаб олиш – 4 августдан – 23 августгача (Қорақалпоғистон Республикасида – 4 сентябрдан – 24 сентябргача);

3-босқич лойиҳаларга овоз бериш – 24 августдан – 12 сентябргача (Қорақалпоғистон Республикасида – 24 сентябрдан – 14 октябргача) давом этади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилда имзоланган “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, “Очиқ бюджет” ахборот портали ишга туширилган эди.

Портал орқали фуқаролар нафақат бюджет маълумотлари билан танишиб боришлари, балки бу жараёнда бевосита иштирок этган ҳолда, ўзларини қийнаб келаётган масалаларни ҳал қилиш учун тегишли маблағларни талаб қилиш имконияти яратилди. Ҳар бир туман ёки шаҳарга ҳудуд аҳолиси таклиф қилган муаммоларни 2019-2020 йиллар давомида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида фуқаролар томонидан жами 230 мингга яқин таклиф ва овозлар билдирилиб, бунинг натижасида жами 245,1 миллиард сўм маблағлар жойлардаги муаммоларни бевосита  ҳал қилиш учун йўналтирилди.

Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан эса, бу борадаги механизм янада такомиллаштирилди. Хусусан, аҳолини кенг жалб қилиш, мавжуд муаммоларни айнан ўзларининг ташаббуслари асосида ечимини топиш имкониятини яратиш мақсадида ўтган йилдан бошлаб  туман ва шаҳар бюджетлари харажатларининг 5 фоизи бевосита фуқаролар томонидан билдирилган тадбирларга йўналтирилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, жойларда фуқарорларни қийнаб келаётган муаммоларни айнан ўзларининг ташаббуслари асосида ечимини топиш имкониятини яратиш мақсадларига ажратилаётган қўшимча даромадларнинг 10 фоизлик миқдори 30 фоизга кўтарилди.

Яна бир муҳим жиҳат. 2022 йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтириладиган бўлди. Бу жараён ҳар йили бир маротаба ўтказилади.

 “Менинг йўлим”, деб аталувчи мазкур лойиҳа учун 2022 йилда 271 миллиард 71 миллион сўм маблағ ажратилиб, таклифлар 4 апрелдан 20 апрелгача қабул қилинди. Унинг дастлабки босқичи якунларига кўра, мамлакатимиз бўйича жами 9212 та лойиҳа илгари сурилди. Ушбу лойиҳаларда кўзда тутилган йўлларнинг умумий узунлиги 26,7 минг километрни ташкил этди.

Молия вазирлиги жорий йил 15 июлдан “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсум бошланиши муносабати  билан фуқароларга мурожаат этар экан, ушбу жараёнда фаол иштирок этган ҳолда, ўз ҳудудларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этилишига ҳисса қўшишга, ташаббус кўрсатишга даъват этади.

                                                Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи