Бугун ўз ташаббуси, билим ва интилиши билан мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиб, ўнлаб, юзлаб кишиларни иш билан таъминлаётган ишбилармонлар кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай ҳамюртларимиз орасида энг илғор, бошқаларга намуна бўлаётган тадбиркор, фермер ва ҳунармандларнинг бир гуруҳи анъанавий “Ташаббус” кўрик-танлови ғолибига айланиб, Президент совғаси — енгил автомашиналар билан тақдирланди.

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ўтказилган байрамона тақдирлаш маросимида масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари, танлов қатнашчилари ҳамда меҳмонлар иштирок этди. Қалблардаги ҳаяжонга монанд янграган куй-қўшиқлар, санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбир аввалида, дастлаб, энг яхши стартап лойиҳа, энг яхши инвестицион лойиҳа, энг намунали солиқ тўловчи, энг яхши оилавий бизнес соҳиби, йилнинг энг яхши маҳсулоти сингари бир қатор номицаялар бўйича совриндорлар номлари эълон қилинди. Ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғаларини қабул қилиб олгач, навбат асосий номинацияларга етди.

— Жорий йилги кўрик-танловнинг республика босқичига етиб келган 69 нафар иштирокчилар орасидан ғолибларни танлаш осон бўлмади, — дейди Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов. — Уларнинг ҳар бири ўз йўналишида катта муваффақиятларга эришаётган инсонлар. Ва уларнинг бугунги даражага етиб келишларининг ўзи катта ютуқ.

Танловнинг асосий — “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши фермери”, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинациялари бўйича 3 тадан ўрин ғолиблари аниқланди. 2- ва 3-ўрин соҳиблари пул мукофоти, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Навбат биринчи ўрин ғолибларини аниқлаш ва бош мукофот — Президент совғасини топширишга етди. Бирин-кетин саҳна марказида ғолиблар номи жаранглай бошлади. Саноат йўналишида Жиззах вилоятидаги “Arnasoy Gold Tex” МЧЖ раҳбари Мирзо Файзуллаев, хизмат кўрсатиш йўналишида Тошкент вилояти “Turon Resort and SPA” МЧЖ раҳбари Саидазим Юнусхўжаев, ёш тадбиркор йўналишида Самарқанд вилояти “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси раҳбари Фазлиддин Салимов, фермерлик йўналишида Андижон вилояти “Obod Turmush Orzusi” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Каримов, ҳунармандчилик йўналишида фарғоналик Иброҳим Султонов 1-ўрин соҳиби, деб топилди.

Шунингдек, тадбир ташкилотчиларининг ташаббуси билан қўшимча ғолиб аниқланди. Юртимизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги улкан ҳиссаларини инобатга олиб, яна бир фермер — Навоий вилояти “Янги аср” фермер хўжалиги раҳбари Жобир Темиров биринчи ўринга лойиқ топилди.

— Бу соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлсамда, ҳар куни янгиланишларни ўрганиб боришга ҳаракат қиламан, — дейди фермер. — Фаолиятимиз йилдан йилга кенгайиб боряпти. Хўжалигимизда 1 минг 500 та қорамол бор. Сутни қайта ишлаш заводимизда ҳар куни 40 тонна сутни қайта ишлаймиз. Оборотдан чиққан 10 минг гектар ерда чорва моллари учун озуқа етиштиришни мақсад қилганмиз. Бугунги ғолиблик фермер хўжалигимизда меҳнат қилаётган 200 дан зиёд инсоннинг меҳнатлари самараси, Навоий халқига берилган мукофот, деб биламан.

— Мен учун кутилмаган воқеа бўлди, очиғи, жуда ҳаяжондаман, — дейди “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинацияси ғолиби Фазлиддин Салимов. — 22 ёшлик йигит учун бу катта ишонч, эътироф, деб биламан. Биз ёшларга кўрасатаётган ғамхўрликлари учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорман. Тадбиркорлик фаолиятимни 2017 йилда эркаклар кийимлари ишлаб чиқарадиган цех ташкил этишдан бошлаганман. Аввалига кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирдим. Ҳатто, маҳсулотим сотилмай қолган, харидор тополмаган вақтларим бўлди. Лекин сира ҳаракатдан тўхтамадим. Яратганга шукур, у кунлар ортда қолди. Бугун “Urgut sanoat servis” оилавий корхонамизда 80 нафар киши ишлайди. Маҳсулотларимиз Россия, Қозоғистон, Украина каби давлатларга экспорт қилиняпти. Келгусида Европа бозорларига чиқиб, хориждаги савдо нуқталарига маҳсулот етказиб беришни ният қилганман.

Жорий йилги “Ташаббус” кўрик-танлови янгиликларга бой бўлди. 5 та йўналишдан ташқари “Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли” номинацияси ғолиби ҳам аниқланди. Ушбу мукофотга қорақалпоғистонлик Амина Бекжанова лойиқ топилди. Аёл раҳбарлик қилаётган “Мойнак тур” туристик компанияси Мўйноқ тумани, Орол денгизига келаётган сайёҳларга турли хизматларни кўрсатиб келмоқда. Корхонада 25 та ишчи ўрни яратилган.

— Президент томонидан 2017 йилда Мўйноққа эътибор ошгач, фирмамиз янада гуллаб-яшнади, — дейди бош соврин ғолибаси. — 33 минг аҳолига эга Мўйноқ тумани зиёратгоҳлар, маданий обидаларга бой. Бу ерга бир йилда 15 мингдан ортиқ сайёҳ келади. Бизнинг компаниямиз уларга ўз хизматларини таклиф этади. Ана шу камтарона меҳнатларим билан кўрик танлов ғолибасига айланганимдан жуда хурсандман. Ҳаяжонимни тасвирлашга сўз тополмаяпман. Биздек тадбиркорларни қўллаб-қувватлагани учун ташаббускорлардан миннатдорман. 

Шундай қилиб, “Ташаббус — 2021” кўрик-танловининг 7 нафар 1-ўрин ғолибларига диплом, эсдалик совғалари ҳамда Президент соврини — “Нексия” автомобили топширилди. Ҳаяжонли дақиқаларга гувоҳ бўлган барча иштирокчилар уларни қутлаб, янги мақсадлар йўлидаги фаолиятларига зафарлар тилади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири