Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси ҳамда Бизнесни ривожлантириш уюшмаси, шунингдек Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан 24 — 28 май кунлари ўтказилаётган ушбу лойиҳа бу сафар Қирғизистон, Афғонистон ва Ўзбекистон бизнес вакилларини бир ерга тўплади.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида турли давлат ва жамоат ташкилотлари, Афғонистон Ислом Республикаси ҳамда Қирғизистон Республикасининг юртимиздаги элчихоналари вакиллари, икки давлатдан келган делегация аъзолари ва ўзбек тадбиркорлари иштирок этди. Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси раиси Мухтор Умаров йиғилишни очиб берар экан, тадбир уч томонлама ҳамкорликка йўл очаётганидан мамнунлигини билдирди. Шундан сўнг мамлакатлар тадбиркорлари ўртасида Б2Б учрашувлари старт олди.
— Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодий ҳамкорлигининг янги даври бошланган вақтда делегациямиз аьзолари қаторида биз ҳам “Бизнес хаб”га таклиф қилинганимизда мамнунмиз, — деди “Қирғиз ланд” Экспортчилар ва импортчилар уюшмаси раиси Ленара Ниязбекова. — Бу турдаги бизнес форум икки ҳамкор давлат ўртасида савдо алоқаларини ривожлантиришда жуда катта рол ўйнайди. Бу ерга бир нечта лойиҳалар билан келдик. Форум доирасида ҳамкорларимиз учун уларнинг тақдимотини ўтказамиз ва қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Биз учун энг муҳим нарса — бу икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар. Агар тинч муҳит бўлса, биз ҳар қандай ҳамкорликда муваффақиятга эриша оламиз.
“Tashkent International Business HUB”да озиқ-овқат, қурилиш моллари, қишлоқ хўжалиги, тозалаш воситалари, тўқимачилик, фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркор ва экспортчилар қатнашмоқда.
Тадбир дастуридан ишлаб чиқариш корхоналари бўйлаб бизнес турлар ҳам ўрин олган. Бектемир Метал Конструкция МЧЖ, Яшнобод туманидаги Технопарк фаолияти билан танишиш шулар жумласидан.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири