Бу ерда йилига 5 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида пешқадамга айланган. Ишлаб чиқариш қувватларининг дастлабки босқичини амалга ошириш учун 6 миллион доллар миқдорида сармоя сарфланган. Шунингдек, корхона 2022 йилда техник маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини икки ҳисса ошириш ва келажакда КМС ва ПАС маҳсулотларининг нефть ва газ, қурилиш, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳаларида жуда харидоргир бўлган соф маркаларини ишлаб чиқаришни режалаштирган. Бу орқали келгусида МДҲ мамлакатлари орасида соҳада яққол пешқадамга айланиш корхона жамоасининг асосий мақсадидир.

Ҳозирги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган реагентлар мамлакатимизга шу кунгача импорт қилинган маҳсулотларнинг ўрнини самарали равишда босади. 2021 йил бошидан эса Россия ва Қозоғистонга ўз маҳсулотини экспорт қилишни бошлади. Айтиш жоизки, корхона маҳсулотлари ўзининг сифати ва нархи рақобатбардош экани билан қўшни мамлакатлар бозорида харидоргир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар КМС бу – Карбоксиметилселлюлоза ва ПАС – полианионик целлюлозадир. Бу маҳсулотлар сувда эрувчан целлюлоза эфирлари гуруҳига мансуб бўлиб, пахта целлюлозаси асосида чуқур кимёвий синтез қилиш йўли билан олинади. Пахта целлюлозаси ўз навбатида бизнинг мамлакатимизда пахта етиштириш қолдиқлари – пахта линтидан олинади, деб хабар беради Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Бугунги кунда корхона КМС ва ПАСнинг 7 турдаги техник маркаларини ишлаб чиқармоқда. Бу эса шу соҳа истеъмолчиларининг аксарият талабини қондиришга қодир. Жумладан, шу турдаги маҳсулотлар нефть ва газ конларини бурғулашда, сув фильтрациясини камайтирувчи ҳамда бурғулаш қоришмасининг реологик хусусиятларининг модификатори сифатида ишлатилади. Шу билан бирга, синтетик кир ювиш кукунлари ва сувда эрувчан буёқлар ишлаб чиқаришда, қурилиш соҳасида елимловчи асос сифатида ҳамда гулқоғоз ёпиштириш учун кенг фойдаланилади.

Корхона лабораториясида соҳа мутахассислари илм-фан ютуқларининг сўнгги технологияларидан фойдаланиш, замонавий талаблар асосида пухта таҳлиллар ўтказиш имкониятига эга. Лабораторияда энг замонавий API (Америка нефть институти) ҳамда ISO 13500-2008 стандартлари асосида таҳлиллар ўтказилмоқда.