Айтиш жоизки, бундай таълим ташкилотлари ёши ва индивидуал хусусиятлари, ривожланиш даражаси ва соғлиғининг ҳолатига асосланиб, ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларни ўқитиш, тарбиялаш, нуқсонларни коррекция қилиш ва ижтимоий мослаштиришга қаратилган мақбул шароитларни яратиш учун ташкил этилган.
Бунинг натижасида тиббий-психологик-педагогик комиссия фаолияти такомиллаштирилди, тасдиқланган тиббий кўрсатмаларга асосан болаларни жойлаштиришнинг стабил механизмлари қонуний белгилаб берилди, нуқсонларни ташҳислаш жараёни яхшиланди ҳамда ИМТТларда жисмоний ёки психик ривожланишида оғир нуқсонлари мавжуд бўлган тарбияланувчилар сони кескин камайди.
Республика бўйича 2020 йилнинг 1 сентября холатига кўра, ИМТТлар сони 147 тани ташкил этиб, 2018 йилнинг худди шу даврига нисбатан ИМТТлар (188 та) сони 21,8 фоизга камайганини кўрсатмоқда. ИМТТларда тарбияланувчиларни сони ҳам 2018 йилга (21 335 нафар) нисбатан мутаносиб 46,8 фоизга қисқариб, 2020 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 9996 нафарни ташкил этди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳридаги давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 30 сентябрдаги 826-сон қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги 49 та ИМТТларни макбуллаштириш юзасидан амалга оширилган тадбирлар натижасида қуввати 158 та гуруҳ ва 2 370 та ўринга эга бўлган 18 та давлат кўп тармоқли ихтисолаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини фаолияти йўлга қўйилиб, ҳозирги кунда фаолият олиб борилаётган 84 та гуруҳларда 959 нафар тарбиланувчи қатнамоқда ва бу умумий кувватга нисбатан 40,4 фоизни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, умумий куввати 7 623 ўринга эга бўлган 31 та умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди ва Тошкент шаҳридаги болаларни мактабгача таълим билан қамровни ошириш учун 4 557 бўш ўринлар яратилди.
Муножат Мўминова,
"Янги Ўзбекистон" мухбири