Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва бюро ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ДИИҲБ делегациясининг мамлакатимизга ташрифи сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётган ва бунинг натижасида янги Ўзбекистон қиёфаси шаклланаётган бир пайтга тўғри келди.
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш ва оммавий ахборот воситаларининг ролини янада кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берилди. Қўлга киритилаётган муваффақиятларнинг яна бир ёрқин мисоли сифатида Ўзбекистон 2020 йилнинг октябрь ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланганини келтириш мумкин.
Томонлар мамлакатимизда сайлов қонунчилиги ва амалиётини бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш борасида конструктив ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.