Тадбирда қатор вазирлик ва идоралар, иқтисод ва молия, инвестициялар ва ташқи савдо, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт вазирликлари, “Ўзкимёсаноат” ва “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятлари, ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг юздан ортиқ вакиллари, мамлакат парламентининг қуйи палатаси депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда нодавлат телерадиоканаллар ходимлари иштирок этди.
Кун тартибидаги асосий масала Ўзбекистон Республикасининг ташқи давлат қарзини шакллантириш жараёни, унинг динамикаси ва тузилиши, лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашдан иборат бўлди.
Брифингда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Ж.Мирзамаҳмудов кимё саноатини ривожлантириш учун давлатнинг ташқи қарзи ҳисобидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди. Жумладан, “Ўзкимёсаноат” АЖ тизими корхоналарида ташқи қарз маблағларни жалб қилиш ҳисобига умумий қиймати 2,4 млрд долларга тенг бўлган 7 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилган.
Жалб қилинган маблағларнинг 69 фоизи “Навоийазот” АЖда Аммиак ва карбамид мажмуасини барпо этиш, азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси ҳамда поливинилхлорид каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш учун сарфланди. Маблағларнинг 10 фоизи “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” АЖнинг қурилишига, 15 фоизи “Биринчи резинатехника заводи” МЧЖ қурилишига, 6 фоизи эса “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳалари учун йўналтирилган.
Лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 5743 та янги иш ўрни яратилди, 636 млн долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 384,5 млн долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилди ҳамда 104 млн долларлик солиқ тўловлари тўланди.
“Навоийазот” АЖда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига маҳсулотлар таннархида энергия ресурслар улуши 65–70 фоиздан 25–30 фоизгача пасайтирилди. Электр энергияси истеъмоли 25 фоиз қисқартирилиб, кунлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 8 млрд сўмликдан 16 млрд сўмликкача оширилди.
Поливинилхлорид маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш натижасида 55 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, импорт ҳажми 50 млн долларга қисқартирилди. 2021 йилда 75 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, импортни 70 млн долларга қисқартириш кутилмоқда.
Аммиак, карбамид ва азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилиши ҳисобига 15 млн долларга тенг бўлган 31 минг тонна карбамид ва 40 минг тонна қўшимча аммиакли селитра ишлаб чиқарилди. Ҳар куни 4 минг тонна азотли ўғитлар ишлаб чиқарилмоқда.
Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан мазкур лойиҳалардан ташқари 2021–2030 йиллар мобайнида умумий қиймати 11,8 млрд долларга тенг бўлган 48 та инвестиция лойиҳаси амалга ошириш режалаштирилган.
“Ўзкимёсаноат” АЖ матбуот хизмати