2022 йил 7 апрель куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида Жиноят кодексининг 25,118-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 1-қисми билан айбланган Б. Ю. (1984 йилда Хоразм вилоятида туғилган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланганлиги ва иш ёпиқ суд мажлисида кўрилиши маълум қилинган эди.
Бугун, 2022 йил 7 июнь куни, судланувчи Б. Ю. га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ўз ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси Т. Касимов раислигида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Б. Ю. Жиноят кодексининг 25,118-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун ассолар) 2-бандига асосан реабилитация қилинди.
Б. Ю. Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил-колонияларда ўталиши белгиланди.
Шунингдек, манфаатдор шахсларга мулкий ундирув масаласида фуқаролик суд иш юритуви тартибида мурожаат қилиш лозимлиги тушунтирилди.