Тадбирда янги ўқув йилига кўрилаётган тайёргарлик ҳамда магистратура босқичига қабул жараёни хусусида сўз борди.
Қайд этилганидек, жорий ўқув йилда магистратурага саккизта мутахассислик бўйича 150 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. 2 минг 789 нафар номзод ҳужжат топширган. Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, абитуриентлар тест синовидан ўтказилади. Бунинг учун барча шароитлар муҳайё этилган.
— Магистратурага қабул квотаси деярли икки бараварга ошди, — қайд этди ТДЮУ ректори Раҳимжон Ҳақимов. — Ҳозир бир ўринга 19 киши тўғри келмоқда. Аксарият абитуриентлар давлат бошқаруви ҳуқуқи, меҳнат ҳуқуқи, жиноят қонунчилигини қўллаш назарияси ва амалиёти мутахассисликларини танлаган. Уларга қулайлик яратиш мақсадида имтиҳон саволларига доир ўқув материаллари ва ёрдамчи манбалар университет веб-сайти — www.tsul.uz га жойлаштириб борилмоқда.
Мулоқот давомида магистратура учун белгиланган тўлов-шартнома ва табақалаштирилган контракт миқдори хусусида маълумот берилди. Масофавий таълимни ривожлантириш, онлайн ўқув машғулотларини узлуксиз олиб бориш, видео дарслар ва электрон дарсликлар базасини яратиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилаётгани айтилди.
— Пандемия туфайли анъанавий таълимга сезиларли ўзгартиришлар киритишга мажбур бўляпмиз, — деди Р.Ҳакимов. — Сентябрда таълим жараёни тўлиқ масофавий шаклда олиб борилади. Магистрантлар октябрь ойидан ўқишга киришиши кутилмоқда. Карантин шароитида талабалар зарур билим ва кўникмаларни ўз вақтида эгаллашини таъминлаш мақсадида www.distant.tsul.uz масофавий таълим платформасини ишга туширдик. Унга видео дарслар, маъруза матнлари, имтиҳон саволлари ва бошқа ресруслар жойлаштирилмоқда. Компьютери йўқ талабаларга зарур техникани вақтинча фойдаланишга тақдим этамиз. Қолаверса, туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан уларга бепул интернетдан фойдаланиш имконияти яратиб берилади.
Мулоқот давомида талабалар ректорга ўз савол ва таклифлари билан мурожаат қилди.
Тошкент давлат юридик университети
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими