Шу муносабат билан ZOOM платформаси орқали ўтказилган маросимда ТДЮУ ректори Раҳимжон Хакимов, Россиянинг Халқлар дўстлиги университети ректори Олег Ястребов ва олий таълим муассасаларнинг маъсул xодимлари иштирок этди.
Маросимда қайд этилганидек, университетлар ўртасида илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида имзоланган мазкур ҳужжатлар мамлакатимизда юридик таълим ва фанни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамдир.
Таъкидлаш жоиз, юқорида имзоланган ҳужжатларга кўра эндиликда икки университет ўртасида талабалар ва ўқитувчилар учун академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, бакалаврият, магистратура ва докторантура даражасида қўшма таълим дастурлари ва турли илмий лойиҳаларни амалга ошириш, томонларнинг халқаро алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашиш, халқаро грантлар, конференция ва танловларда биргаликда иштирок этиш ҳамда илмий мақола ва адабиётларни ҳамкорликда чоп этиш режалаштирилган.
Жумладан, “Ишчи дастур”га кўра, бундан буён университетлар ўртасида ҳар йили 5 нафаргача профессор-ўқитувчи ва шунча талаба ҳамда 1 нафар аспирант/докторант алмашинуви йўлга қўйилади, қўшма илмий тадқиқотлар олиб борилади, илмий адабиётлар алмашиш лойиҳалари ҳамда илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилади, таълим сифатини ошириш мақсадида университет мутахассисларининг хизмат сафарлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, учрашув давомида университетлар ўртасида бакалавр ва магистратура даражасида икки диплом тақдим этувчи қўшма дастурларни амалга оширишга келишиб олинди.
Маълумот учун, Россия Халқлар дўстлиги университети 1960 йил 5 февралда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда университетида 472 та таълим дастури бўйича 33 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Университет “QS Stars” халқаро рейтингининг максимал “5 юлдуз” номига лойиқ кўрилган.
Шунингдек, таълим муассасаси “UI GreenMetric World University Ranking” рейтингида дунё университетлари ўртасида 38-ўринни эгаллайди.
Россия Халқлар дўстлиги университети QS World University Rankings рейтингида дунёнинг ТОП-1000 университетлар ичида 326-ўринни ҳамда юридик фанлар рейтинги бўйича 200-ўринни эгаллаб турибди.
Тошкент давлат юридик университети
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими