Марказий Осиё ҳудудида, айниқса, темурийлар давлатида илм, фан, маданият ҳамда санъатнинг юқори даражада ривожланишига катта аҳамият берилиб, керакли шароитлар яратилган эди. Амир Темур улкан ва қудратли салтанат барпо этиб, маънавият ва маданиятнинг юксалиши, гуллаб-яшнаши, ўтмишдаги ажойиб анъаналарнинг янги тарихий вазиятда қайта тикланиши учун шароит яратди. Соҳибқирон ижтимоий фаолиятининг ана шу буюк юксалиш хусусияти бадиий маданият соҳасида яққол намоён бўлди. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан Буюк ипак йўли бўйлаб неча асрлар давомида қатнаган карвонлар орқали Шарқ ва Ғарбга бир қатор буюмлар олиб ўтилган. Булар орасида ҳунармандлар томонидан яратилган гўзал намуналар ҳам бор эди. XV аср охири ва XVI аср бошларида ҳунармандчиликнинг турли тармоқлари ривож топиб, истеъмол молларини ишлаб чиқариш ғоят кўпайди. Бу даврда Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Шохрухия, Андижон, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши ва бошқа кўпгина шаҳарлари ўзининг топографик қиёфаси, аҳолисининг касб-кори, ички ва ташқи алоқалари билан ўрта аср Шарқининг ҳунармандчилик ва гавжум савдо марказларига айланди. Шаҳарларда ҳунармандчилик маҳаллаларининг сони ортиб, касб-ҳунар билан боғлиқ бўлган янги-янги гузарлар, кўчалар, бозор расталари вужудга келади. Ҳунармандчилик соҳасида тўқимачилик, кулолчилик, кандакорлик, ёғоч ўймакорлиги, тош ўймакорлиги, гиламдўзлик ва бинокорлик юксак даражада ривожланган эди. Бу даврда шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида тўқимачилик маҳсулотларига талаб ғоят юқори бўлган.
Шаҳарларда ип, ипак, жун, зиғир ва каноп толасидан турли рангдор, гулдор ҳамда нафис ва дағал газмоллар тўқиб чиқарилган. Маҳаллий ва четдан келтирилган ипакдан турли нав шойи газламалар тўқиш кенг йўлга қўйилган. Манбаларда атлас, кимхоб, банорас ва духобалар қаторида товланувчан, ялтироқ хоро, нафис ва гулдор дебо каби шойидан тўқилган газмолларнинг номлари учрайди. Газламалар сифати ва безагига қараб айни шу матодан кийим кийган шахсларнинг ижтимоий жиҳатдан қайси табақага мансублигини аниқлаш мумкин бўлган. Бу даврда жундан ҳар хил гулли, қалин патли ва тақир гиламлар, палослар ҳам тўқилар, наматлар босилар эди. Намат уй-рўзғорда фақат тўшама сифатида эмас, балки ҳарбий кийим-бошлар тайёрлашда ҳам кенг ишлатилган. Гилам, палос ва наматлар шаҳарлик ҳунармандлардан ташқари, қишлоқ аҳолиси, хусусан, чорвадорлар томонидан ҳам тайёрланган. Сиркор кулолчилик ривожидаги беқиёс юксалиш ҳам XIV аср охири — XV аср бошларига тўғри келади. Амир Темур ва темурийлар даврида кулолчиликнинг янги тури — маҳаллий кошиндан фойдаланиш асосида Хитойдан келтирилган чиннига тақлид пайдо бўлди.
Амир Темур ва темурийлар даври сопол буюмларининг фарқи ранглар уйғунлигида, безак лар мажмуида ва технологик усулларда ўз ифодасини топган. Рангига кўра идиш лар монохром ва полихром турларга бўлинади. Монохром турида идиш асосан кўк рангда нақшланади, бу энг оммавий тур ҳисобланган ёки қора ранг билан нақшланган идиш устидан ҳаворанг сир берилиб, у кам учрайди. Полихром турида кўк, тўқ жигарранг ва ҳаворанг бўёқлар етакчилик қилади. Темурийлар даврига келиб кулолчилик маданиятида катта ўзгаришлар рўй берди, эски услубдан воз кечилди. Шу билан бирга янги услуб, шакл, рангларга ўтилди. Шу кунгача сақланиб қолган мовий ранг темурийлар давридан буён севимли рангга айланиб қолганки, у уй-рўзғор сопол буюмларида ҳануз ишлатилади. Ушбу даврда металлга бадиий ишлов бериш санъати ҳам ниҳоятда ривож топди. Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳарлари олтин, кумуш ва бронзадан ясалган хилма-хил идишлар, мисдан тайёрланган уй-рўзғор жиҳозлари, қурол, ҳарбий анжомлар, турли заргарлик зийнатлари ва ибодат билан боғлиқ буюмлар ишлаб чиқарадиган марказлар эди. Мовароуннаҳрда бронза ва мисдан ясалган буюмларга кумуш толалар қадаб нақш тушириш техникаси, шунингдек, олтин ва кумушдан ясалган сарой асбоб-анжомларини қимматбаҳо тошлар билан безатиш бошланди.
Амир Темур ва темурийлар даврида заргарлик буюмлари ҳамда қурол-яроғ ясаш металлга бадиий ишлов беришнинг махсус тармоғи эди. Заргарлар аёл тақинчоқлари, от абзали ва ҳарбий анжом қисмлари ишлаб чиқаришда олтин, кумуш, мис, бронза ва жездан фойдаланарди. Уларга зумрад, феруза, чақмоқтош, мармар, марварид, лаъл, биллур ёки шишадан кўз қўйиларди. Ёғоч, суяк, шиша, мармар, нефрит, ақиқ билан боғлиқ ҳунармандчилик турлари ҳам ушбу даврда ниҳоятда ривож топди. Ёғоч, нефрит ва мармар ҳам маиший буюмлар, ҳам меъморчилик жиҳозларининг қисмлари бўлмиш устун, эшик, сағана кабиларни ясашда кенг қўлланган.
Пойтахтимизнинг гўзал масканларидан бирида жойлашган Темурийлар тарихи давлат музейида айнан Амир Темур ва темурийлар даврига оид ҳунармандчилик буюмлари талайгина. Йиллар ўтгани са йин музей экспозицияси ва фондларидаги ашёлар сони бир неча баробар кўпа йиб бормоқда. Музейдаги ҳар бир экспонат ўзининг ноёблиги ва бетакрорлиги билан қизиқарлидир. Музейда сақланиб келинаётган, темурийлар даврига оид ҳунармандчилик буюмларидан Шохрухия қалъа-шаҳридаги археологик қазишмалардан топилган сопол буюмлар, Самарқанд шаҳридан топилган бронза буюмлар, қуш, нилуфар гули тасвири акс этган сопол лаганлар, шамдон, Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой, Самарқанддаги Бибихоним масжиди ва Улуғбек мадрасасидан топилган меъморий қопламалар ва бошқа бир қатор экспонатлар эътиборга лойиқ. Бугунги кунда музей коллекциясида ушбу даврга оид 55 дан зиёд кандакорлик буюми, 33 та тошбуюм (асосан Шохрухиядан топилган) — қайроқтош, урчуқ, қабр усти тошлари, сурматош ва бошқалар, 27 та шиша буюм, 300 тадан зиёд сопол буюм, 16 та заргарлик буюми сақланмоқда.
Заргарлик буюмлари орасида Бибихоним қабридан топилган тақинчоқ, Мироншоҳ қабридан чиққан мунчоқ бўлаклари алоҳида аҳамиятга эга. Коллекциянинг энг нафис буюмлари сопол идишлар ҳисобланади. Темурийлар даври сопол идишларидаги бежирим безаклар, ислимий нақшлар, ёрқин бўёқларнинг бугунги кунгача сақланиб қолганлиги ҳануз олимларни ҳайратга солмоқда. Булар орасида ўзининг нафис нақшлари ва ноёблиги билан ажралиб турадигани учаётган қуш(ўрдак) тасвири акс этган косадир. Коса юзасидаги бўртма нақшлар, гуллар ва баргли новдалар ҳамда учаётган қушнинг акс этиши ўша давр ҳунармандлари ва буюртмачиларнинг диди нечоғли нозик эканлигини кўрсатади.
Юқорида таъкидланганидек, ушбу идишда Хитойдан келтирилган чиннига тақлид бироз сезилса-да, сокин ранглар уйғунлиги, безаклар мажмуи янгича кўринишда намоён бўлган. Қуш шу қадар табиий тасвирланганки, унинг ёзилган қанотлари ва бўйнининг эгилувчан кўриниши, танасининг ўзгача ҳолати парвоз тасаввурини беради. Шу каби идишлардан яна бири — чумчуқ тасвирли сирланган сопол лаган. Лаганнинг композицион марказини белгилаб берувчи қуш шакли ҳунарманд томонидан жуда аниқ ва моҳирона ифодалаб берилган. Ушбу идиш сиртига эркин жойлашган узун баргли новдалар, нақшлар, оқ ва мовий рангларнинг уйғунлиги ўзига хос аҳамиятга эга. Мазкур лаган темурийлар даврининг кулолчиликдаги ютуқларидан бири бўлган кошин лойини қаттиқлаштириш, асл чиннига яқинлаштириш усулида ишланган идишлар намунасидандир. Умуман, музей экспозицияси ва коллекциясидан ўрин олган, шу каби ноёб тасвирларга эга бўлган нафақат сопол буюмлар, балки темурийлар даври бадиий ҳунармандчилигининг барча йўналишларига хос юзлаб намуналар ўша давр маданиятининг бошқа соҳалар сингари жаҳон цивилизацияси тарихида ажойиб саҳифани очиб берганини ўзида намоён этади. Ушбу даврда яратилган санъат дурдоналарини авайлаб-асраш, сақлаш ҳамда келажак авлодга бенуқсон топшириш музейларнинг асосий вазифасидир.
Умида ОХУНЖОНОВА,
Темурийлар тарихи давлат музейи ходими